date

“Навбаҳор” ва “Нефтчи” очколаридан маҳрум бўлиши мумкин

“Навбаҳор” ва “Нефтчи” очколаридан маҳрум бўлиши мумкин

Ўзбекистон футбол ассоциациясида клублар томонидан молиявий мажбуриятларни бажариш ҳолати атрофлича таҳлил қилинди. Ассоциациянинг Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича қўмитаси олдинроқ қабул қилган қарорлар ижроси юзасидан олиб борилган текширувда бир қатор клубларда жиддий камчиликлар мавжудлиги аниқланган, деб хабар берди ufa.uz.

Маълум қилинишича, “Навбаҳор лочинлари”, “Нефтчи”, “Андижон”, “Хоразм”, “Бухоро”, “Қумқўрғон-1977” ва “ТерДУ” футбол клублари ўзларига юклатилган молиявий мажбуриятларни тўлиқ бажармаган. Уларга берилган муддат тугаганига қарамай, қарздорликлар қисмангина ёпилган ёки умуман бартараф этилмаган.

Жумладан, “Навбаҳор лочинлари” жамоаси бир қатор футболчилар — Жамшид Искандеров, Иброҳим Йўлдошев, Диёржон Туропов, Одил Ҳамробеков, Аброр Исмоилов, Шаҳзодбек Убайдуллаев ва мураббий Муҳиддин Ортиқов олдидаги қарзини ҳали тўлиқ ёпмаган. “Нефтчи”да ҳам ўхшаш ҳолат: Азизбек Амонов, Манучеҳр Сафаров ва Шоҳруҳ Гадоев олдидаги мажбуриятлар бажарилмаган.

“Андижон” клуби эса “Пахтакор” ва “Бунёдкор” олдидаги машғулот компенсациялари ва трансфер тўловларини кечиктирган. Шу билан бирга, “Хоразм” ва “Бухоро” ҳам “Пахтакор” олдидаги молиявий қарзларни ҳали тўлиқ тўламагани маълум бўлди. “Қумқўрғон-1977” футболчиси Орзу Раззоқов, “ТерДУ” клуби эса Сарвар Ҳусанов ва Фаррух Ҳайдаров олдидаги мажбуриятларини бажармаган ҳолда қолмоқда.

Ассоциация маълумотларига кўра, қарздорликлар ўз вақтида бартараф этилмагани сабабли 2025 йилги мавсум қишки трансфер ойнасида “Навбаҳор лочинлари” ва “Нефтчи” клубларига янги футболчиларни миллий ва халқаро миқёсда рўйхатдан ўтказиш тақиқланган эди. Кейинчалик Наманган ва Фарғона вилояти ҳокимликлари томонидан кафолат хатлари тақдим этилгандан сўнг тақиқ вақтинча олиб ташланган, бироқ белгиланган муддат ичида клублар қарзларини тўлиқ ёпмаган.

Футбол ассоциацияси таъкидлаганидек, ушбу клубларга нисбатан аввалроқ жарима ва интизом чоралари кўрилган бўлса-да, натижа кутилганидек бўлмаган. Қарздорликлар ҳануз сақланиб қолмоқда ва бу ҳолат такрорланиши регламентнинг оғирлаштирувчи моддасига тушади.

Футболчилар мақоми ва трансфери бўйича регламентнинг 12-бис моддасига кўра, ҳар бир клуб футболчилар ва бошқа клублар олдидаги молиявий мажбуриятларни ўз вақтида бажариши шарт. Молиявий интизомни такрорий равишда бузиш эса оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланиб, янада қаттиқ чоралар кўрилиши мумкин.

Шу сабабли, 2025 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг тегишли қўмитасида мазкур клубларга нисбатан янги интизомий чоралар кўриш масаласи кўриб чиқилади.

Қарздорликни бартараф этмаган “Навбаҳор лочинлари” ва “Нефтчи” клубларига нисбатан 3 очкодан маҳрум қилиш ва қишки трансфер ойнасида янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишга тақиқ қўйиш масаласи кўриб чиқилиши мумкин. Шунингдек, “Андижон”, “Хоразм”, “Бухоро” ва “ТерДУ” клубларига ҳам шундай чеклов қўйилиши, “Қумқўрғон-1977” эса мусобақадан бутунлай четлаштирилиши эҳтимол қилинмоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу қарорлар клубларни молиявий интизомга ундаш ҳамда миллий чемпионатда тенг рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида қабул қилинади. Мухлислар эса бу жараённи диққат билан кузатмоқда — чунки айни пайтда ҳар бир очко, ҳар бир қарор чемпионат тақдири учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Навбаҳор” ва “Нефтчи” очколаридан маҳрум бўлиши мумкин