21:00 / 01.01.2019
2 938

2018 йил Ўзбекистон спортида қайси воқеалар билан ёдда қолди?

2018 йил Ўзбекистон спортида қайси воқеалар билан ёдда қолди?
Спортдаги жараёнларнинг 4 йиллик цикл атрофида айланишини ҳисобга олсак, бу йўналишдаги ютуқ ва камчиликларнинг йил сўнгида сарҳисоб қилиниши бошқа соҳалардагига қараганда анча табиийроқ туюлади. Аммо биз ҳозир йилнинг якуний таҳлилига эмас – зеро бу ҳар бир спорт турини алоҳида олганда ҳам анча катта ҳажмдаги иш ва уни бир мақолада қамраб олиш имконсиз – ўтган йилнинг Ўзбекистон спортида юз берган энг муҳим воқеликларни эслаб ўтмоқчимиз. Хўш, 2018 йил ўзбек спортида қайси воқеалар билан ёдда қолди?

Миллий олимпия қўмитасида янги президент даври бошланди

Мираброр Усмонов 2017 йил ёзида президентлик лавозимини тарк этган, унинг ўрнига Алишер Султонов тайинланган эди. Январь ойида қўмитага Умид Аҳмаджонов раҳбар этиб сайланди ҳамда мамлакат футболи ва олимпия қўмитасига амалда айни бир шахс раҳбарлик қилиши анъанаси сақланиб қолди. У бундан бир неча ой олдин Ўзбекистон футбол федерациясига президент бўлганди.

Янги форматдаги Суперлига

Ўзбекистон чемпионати формати ўзбек футболи жамоатчилигининг энг кўп муҳокамалари марказида бўлган мавзулардан бирига айланди. Ҳатто раҳбариятнинг ўзидан ҳам қарама-қарши фикрлар янграганининг гувоҳи бўлдик. Якунда жамоалар сони 16тадан 12тага қисқартирилди, чемпионатга Суперлига номи берилди, ўйинлар телетрансляцияси мунтазамлик касб эта борди. «Олтин очко» қоидаси жорий этилиши билан ўйинларда қизғинлик таъминланиши айтилган бўлса-да, финал босқичи олдидан амалда ҳар доим ҳам бундай бўлавермаслиги ойдинлашиб қолди.

Клуб футболи ҳақида гап кетганда, шунингдек, Осиё Чемпионлар лигасидаги муваффақиятсизликни ҳам эслаб ўтиш зарур. «Пахтакор» саралашдан ўта олмади, «Насаф» ва «Локомотив» ўз гуруҳларида учинчи ўринни олишди. Шунингдек, йил давомида миллиардер Алишер Усмонов «Пахтакор» ҳомийсига айланди, унга алоқадор «SFI Management Group» ихтиёрига ишончли бошқарув учун топширилган Олмалиқ КМКга тегишли ОКМК Ўзбекистон кубоги финалида «Пахтакор»ни мағлуб этиб, ОЧЛга ўтиш ўйинида иштирок этадиган бўлди. Олмалиқликларга «Бунёдкор»нинг ёпилиши ҳақидаги миш-мишлар фонида Миржалол Қосимов бош мураббий этиб тайинланди. Ўзбекистон чемпионлиги эса «Локомотив»га насиб этди.

Профессионал боксдаги муваффақиятли стартлар

Ўзбекистонлик таниқли чарм қўлқоп усталарининг профессионал боксга ўтиши тенденцияси ўтган йилларга қараганда анча яққол кўзга ташланди. Шаҳрам Ғиёсов, Муроджон Аҳмадалиев, Элнур Абдураимов, Баҳодир Жалолов, Исроил Мадримов каби боксчилар 2018 йилда профессионал рингдаги илк жангларини ўтказишди. Ҳозирга қадар уларнинг ҳеч қайсиси мағлубиятга учрагани йўқ. Улар орасидан Аҳмадалиев ва Мадримовлар илк камарларига ҳам эга бўлиб улгуришди. Шунингдек, йил давомида Фазлиддин Ғоибназаров, Шоҳжаҳон Эргашев, Санжар Раҳмонов, Қудратилло Абдуқаҳҳоров каби спортчилар ҳам профессионал боксдаги фаолиятини ижобий ўтказишди.

Ҳаваскор боксда эса Ўзбекистон қитъада етакчи мактаб эканини бу йил яна бир бор исботлай олди. Осиё ўйинларида мавжуд 7та вазн тоифасидаги барча финаллар ўзбекистонликлар иштирокида ўтди, улардан 5тасида ўзбек боксчилари олтин медалларни қўлга киритди.

Шу билан бирга, ўзбекистонлик Ғофур Раҳимов AIBA`даги 20 йиллик фаолиятида илк марта президент этиб сайлангани, унинг бу янги лавозими AIBA ва Халқаро Олимпия Қўмитаси ўртасидаги муносабатларни чигаллаштиргани ҳам жамоатчилик диққат марказида бўлди.

Жакарта ва Буэнос-Айресда халқаро натижалар яхшиланди

Осиё ўйинларида 234 атлет спортнинг 30 тури бўйича Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди. Якуний жамғарма жами 70та медаль: 21та олтин, 24та кумуш ва 25та бронзадан иборат бўлди. Бу билан медалларнинг умумий сони бўйича ҳам, олтин медаллар сони бўйича ҳам, кумуш ва бронза медаллар сони бўйича ҳам натижалар яхшиланди. Шу билан бирга, 30та спорт туридан 12тасида мамлакатдан бирорта ҳам вакил шоҳсупага кўтарилмади, ўзбекистонлик атлетларнинг 59 фоизи медалсиз ортга қайтди.

Шундан сўнг, Параосиё ўйинларида 57 спортчидан иборат Ўзбекистон делегацияси 77та медални қўлга киритди; уларнинг ярми энг юқори қийматга эга: 35та олтин, 24та кумуш ва 18та бронза. Бу натижа билан Ўзбекистон турнирни 6-ўринда якунлади. Умумжамоа ҳисобида кучли ўнликка кирган мамлакатларнинг барчаси камида 100 нафар атлет билан қатнашгани эътиборга олинса, Ўзбекистон мусобақанинг энг сермаҳсул жамоаси бўлди, дейиш мумкин.

Шунингдек, октябрь ойида Аргентинада III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон 206 мамлакат ичидан 13-ўринни эгаллади. 37 нафар ўзбекистонлик спортчи 16та медаль (5+4+7) жамғарди. Бу мусобақада ҳам медаллар сони ва сифати, умумжамоа рейтингидаги поғона борасидаги натижалар яхшиланди.

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасида узоқ кутилган хорижлик мураббий

Йилнинг биринчи ярмида терма жамоа Темур Кападзе мураббийлигида ЖЧ-2018нинг тўрт иштирокчиси – Сенегал, Марокаш, Эрон ва Уругвай терма жамоалари билан ўртоқлик учрашларида майдонга тушди. Аммо ушбу ўйинлар биздан кўра кўпроқ рақиблар фойдасига хизмат қилди, чунки жамоа бошқарувига янги мутахассис тайинланиши кутилаётганди.

2017 йил 7 сентябрь ва 2018 йил 6 августи оралиғида Ўзбекистон терма жамоаси амалда бош мураббийсиз қолди.

Февраль ойида Умид Аҳмаджонов хорижлик мураббий билан музокараларни якунлаш учун Дубайга бориб келди. Эктор Купер билан келишув ана ўшандаёқ ҳал этиб бўлингандир, эҳтимол. Ўша вақтда кўпчилик, кимлиги сир тутилган мураббий Эрон термасидаги Карлуш Кейруш бўлишини тахмин қилганди. Кейруш билан алоқага чиқилгани ҳам ҳақиқатдан узоқ тахмин эмас, у ўртоқлик учрашуви учун кузда Тошкентга келганида шу ҳақда берилган саволга жавоб қайтаришни истамаган эди.

Охир-оқибат, ЎФА «ўндан зиёд номзод орасидан» Мисрни ЖЧга бошлаб борган аргентиналик тажрибали мураббийни танлади. Унинг Ўзбекистон термасидаги олти ойлик ишига келаси ойда баҳо беришимиз мумкин.

Ўзбекистон U23 – Осиё чемпиони

2018 йилда Ўзбекистон терма жамоалари Осиё миқёсидаги мусобақаларда учинчи марта ғалаба қозонди. 1994 йилда Рустам Акрамов мураббийлигидаги миллий терма жамоа Осиё ўйинларида, 2012 йилда эса Дилшод Нуралиев қўл остидаги ўсмирлар термаси қитъа чемпионатида бош соврин эгаси бўлганди. Бу йил Равшан Ҳайдаров мураббийлигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳам бу рўйхатга қўшилди.

Ким билсин, рўйхатга тўртинчи бўлиб Эктор Купер бошқарувидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси қўшилар балки?

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » 2018 йил Ўзбекистон спортида қайси воқеалар билан ёдда қолди?