20:53 / 03.02.2020
2 905

Терма жамоамизнинг Олимпиадага чиқа олмаганига Отабек Ғуломхўжаевнинг муносабати

Терма жамоамизнинг Олимпиадага чиқа олмаганига Отабек Ғуломхўжаевнинг муносабати
Таиландда ўтган Осиё чемпионатида Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг Олимпиада йўлланмасини қўлга кирита олмагани хафсаламизни пир қилгани рост. Чунки жамоамиздан умидимиз катта эди. Тўғри, вакилларимиз ёмон таассурот қолдиришмади. Энг аламлиси, бизникилар икки марта Олимпиада эшиги олдига яқин келишганди. Қолаверса, ўша ярим финалда Саудия Арабистонидан яхши ўйнаган бўлишимизга қарамасдан, биргина рикошетдан ўтказиб юборилган гол туфайли аламли мағлубиятга учрагандик.

Натижада биз учун охирги умид учинчи ўрин учун курашда Австралияга қарши ўйин эди. Бор нарсамиз ва эътиборимиз ушбу ўйинга қаратилганди. Минг афсуски, бу сафар ҳам жамоамиз яна биргина гол эвазига ютқазди ва охир-оқибат Олимпиада йўлланмасидан аламли тарзда қуруқ қолди. Эндиликда Ўзбекистоннинг турнирдаги иштироки ва нима сабабдан Олимпиада йўлланмасидан қуруқ қолиб кетгани борасида кўплаб фикр ва мулоҳазалар билдирилмоқда.

Айниқса, футбол ичида юрган мутахассислар ҳам бу борада жим қараб тура олишмаяпти. Терма жамоамиздаги аксар ўйинчиларни яхши билган ва ўзи ҳам ёшлар билан ишлаш бўйича тажрибага эга бўлган, яқинда Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидан бўшатилган ва ҳозирда «Навбаҳор» клубида селекционер мураббий сифатида фаолият олиб бораётган Отабек Ғуломхўжаев ҳам вакилларимизнинг иштироки ҳамда ўзининг шахсий фикрлари билан ўртоқлашди.

«Ҳайдаров ўзи бошқарганида балки чемпион бўлардик»
- Бош мураббий учун етарлича вақт берилди, таркиб бўйича ҳам кенг танловга эга бўлди. Тайёргарлик учун ҳамма шароит яратиб берилди. Унинг мураббийлар штаби ҳам энг зўри бўлди. Фикримча, агар Равшан Ҳайдаров ўзи бош мураббий бўлганида балки бу жамоа чемпион бўларди. Биласизми, мусобақа учун якуний рўйхатни эълон қилганида биринчи эътирозим бу Остон Ўруновни ташлаб кетганида бўлди. Тўғри, айрим мутахассислар бу футболчи ҳақида турли фикрлар билдиришади.

Ўзим ҳам агар сен зўр ўйинчи бўлсанг-у, аммо муҳит бузадиган бўлсанг, менинг таркибимда сенга жой йўқ дейман. Лекин Ўрунов Ҳайдаров пайтида нечта мусобақаларда қатнашди? Ҳар қандай ўйинчининг ҳам «тилини» топса бўлади. Балки мураббийларимиз у билан тил топишишга қийналишгандир. Саудия Арабистони ва Австралия билан учрашувларда Ўруновнинг йўқлиги яққол билинди.

«Заҳирада ўтирган Исмоилов билан Муҳитдиновга ачиниб кетдим»
- Бош мураббий ўзи учун лойиқ бўлган 23 нафар футболчини олиб кетди. Аммо шуни айтишим мумкинки, агар мен бўлганимда танланган 23 талик рўйхатда 5-6 нафар футболчининг ўрнига бошқаларини олиб кетган бўлардим. Биласизми, олиб кетилмаган ўйинчилар орасида олимпия терма жамоасига ёрдам бера оладиган йигитларимиз бор эди. Масалан, ўтган мавсумда «Бухоро»да тўп сурган Асад Собиржоновга қаранг, у қандай ўйнади-а? Бутун мавсум давомида жамоасини ортидан эргаштира олди.

Балки у мураббийнинг ўйин услубига мос тушмади деб айтишлари мумкин. Чунки ҳар бир мутахассиснинг ўз дунёқараши бўлади. Тўғрисини айтсам, терма жамоа билан бирга кетган ва захирада ўтирганлар орасида Аброр Исмоилов билан Шароф Муҳитдиновга ачиниб кетдим. Тўғри, биз у ерда жамоанинг ичидаги ҳолатни билмасдик, аммо муҳим беллашувларда ўша футболчилардан етарли даражада фойдаланганларида албатта ўз самарасини берарди. Саудия билан учрашувда кўриниб турибдики, 80-дақиқага келиб иккала жамоа ҳам жисмонан толиқиб қолган. Кимнидир хатосидан гол урадиган вазиятга келиб қолишганди.

Энди арабларнинг урган голига қаранг, ўша вазиятда Илҳом Алижонов тўпни ҳеч бўлмаганда аутга тепиб юборишнинг ўрнига ўртада турган жамоадошига узатиб ўтирибди. Шериклари тўпни тўхтатишга улгуришмасиданоқ саудиялик ўйинчи гол уриб кетди. Таиландга олиб кетилган Дилшод Саитов қандай яхши ўйинчи-а? Шахсан мен унинг мухлисиман. Лекин у ҳам асосан захирада ўтирди. Ихтиёрида етарлича ўйинчилар бўла туриб мураббий нега таркибда ротация қилмаганига ҳайронман. Мисол учун Дилшод Саитов «Насаф»да алмаштиришларсиз ўйнади. Ёки бўлмаса Ислом Кенжабоевга ҳам имконият бериш керак эди.

«Ротацияга қўл урилмади»
- Терма жамоамиз гуруҳда қийинчиликларга дуч келди. Хитойни ютганимиз эвазига биз кейинги босқичга чиқдик. Лекин ҳамма вақт битта таркиб билан ўйнайверганимиз сабабли бошқалар бизнинг қандай ўйнашимизни, қайси футболчимизни чап ёки ўнг оёқда яхши тепишларигача билиб олишди. Тактикада ҳам ўзгариш бўлмади, фақат битта таркиб ва битта услубда ўйнайверишди. Албатта, чорак финалда БААга бешта гол уришганида, «ана бўларкан-ку» дегандим.

Масалан, мен рақиб мураббийиман ва рақибнинг ҳар доим бир хил таркибда ва услубдан фойдаланишини дарҳол ўқиб олишим осон бўлади. Жанубий Кореяни қаранг, уларнинг таркибида кимлар ўйнаши-ю, қандай услубдан фойдаланишини ҳеч ким билмайди. Биз билан учрашувда ўйнаган футболчиларини қаранг-у, финалда майдонга тушган ўйинчиларини кўринг. Албатта, мусобақага олиб кетилган 23 та футболчининг барчаси ўйнасин демайман, аммо ҳеч бўлмаганда 11 нафар ўйинчидан ташқари яна ҳеч бўлмаганда 5-6 нафар йигит атрофида ротацияга қўл урилмади.

Кўпроқ ўринбосарлар таркибида ўйнаган ўйинчини майдонга тушириш борасида ўйланиш мумкин, аммо Дилшод Саитов масаласида нима учун бош қотириш мумкин? Тўғри, Ҳожиакбар Алижонов яхши футболчи. Бироқ у ўтган йили «Пахтакор»да ҳамма мусобақада узлуксиз равишда ўйнади, у ҳам чарчайди. Мана шундай пайтда уларни алмаштириш ҳам зарар қилмасди.

«Футболчиларимизнинг хотиржам ўйнаганини кўрмадим»
- Икки йил олдин Равшан Ҳайдаров бошқарган пайтда Олимпиада йўлланмаси йўқ эди, йигитлар эса хотиржамлик ва босиқлик билан ўйнашган. Бу сафар эса футболчиларимиз эркин ўйнай олишмади. Бу албатта шахсий фикрим. Саудия билан ҳам, Австралия билан ҳам йигитларимизнинг хотиржам ўйнаганини кўрмадим. Уларнинг ўйинларида босим сезилиб турди. Бу ҳам албатта ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Аммо энди бу ерда ўзимизча нималарнидир таҳлил қилганимиз билан ҳеч нима ўзгариб қолмайди.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Терма жамоамизнинг Олимпиадага чиқа олмаганига Отабек Ғуломхўжаевнинг муносабати