21:00 / 06.09.2020
1 993

Андрей Канчельскис: «Бу ерда лига раҳбарияти билан баҳслашишдан, ўз фикрини айтишдан ҳамма қўрқади, фақат Арвеладзе ва мен бундан мустасно»

Андрей Канчельскис: «Бу ерда лига раҳбарияти билан баҳслашишдан, ўз фикрини айтишдан ҳамма қўрқади, фақат Арвеладзе ва мен бундан мустасно»
«Манчестер Юнайтед» ҳамда Россия миллий жамоаси собиқ футболчиси саналмиш Андрей Канчельскис ҳозирги кунда Наманганнинг «Навбаҳор» клуби бош мураббийи сифатида фаолият олиб бормоқда. Яқинда коронавирус юқтириб олган мутахассис Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашрига интервью бериб, даволаниш жараёни, Суперлига, Остон Ўрунов ва Жасур Жалолиддинов ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди.

«Коронавирус туфайли ўпкамнинг 20 фоизи зарарланган»
— Андрей, ўзингизни қандай ҳис қилаяпсиз?
— Раҳмат, ҳозир анча яхшиман. Пайшанба кунидан буён шифохонадаман, даволаниш муолажаларини олаяпман. Кунига уч маҳал укол қилишаяпти. Аслида топширган тестимда коронавирус аниқлангач, дарҳол шифохонага ётмоқчи бўлдим, аммо Тошкентда бу борада муаммолар бор. Ҳамма жой банд.

— Касалланганлар наҳотки шу даража кўп?!
— Мен ҳали даволаниш бепул бўлган клиникалар ҳақида гапирмадим. Ҳаттоки пулга ҳам бўш койкаларни топиш қийин. Компютер томографиясидан ўтишим учун бир соат навбатда туришимга тўғри келди.

— Даҳшат.
— Охир-оқибат дўстларим махсус Covid-19ни даволайдиган хусусий клиника билан гаплашишди. Бу ерда юқори малакали шифокорлар бор. Тўлиқ текширувдан ўтказишди, таҳлиллар топширдим. КТ орқали текширилганда эса ўпкамнинг 20 фоизи зарарлангани маълум бўлди. Шифокорлар: «Ўз вақтида мурожаат этдингиз, яна 1-2 кун кечиксангиз жиддий муаммога йўлиқардингиз», дейишди.

— Қачон касалландингиз?
— 28 август куни. Дастлабки кунларни меҳмонхонада хонамдан чиқмай ўтказдим. На йўтал, на иситма бор эди. Тўсатдан иситмам 39 даражага чиқди. Дарҳол шифохонага ётишим кераклигини тушундим.

— Ҳид сезиш йўқолдими?
— Йўқ. Бироқ ҳолсизлик шу даража қамраб олдики, ҳеч нарса ёқмай қолганди. На ейиш, на ичиш, на гапириш. Фақат тўшакда ён бошлардим. Ё ухлардим ёки шифтга тикилиб ўтирардим. Иштиҳам йўқ, фақат чанқадим. Бир неча кун ичида 5 килога оздим.

Шифохонада эса анча тузалдим. Ҳозирга келиб иштаҳам очилган, ўзимни тетик ҳис қилаяпман. Айниқса, касалликнинг асоратлари оғир бўлмаганидан хурсанд бўлаяпман. Аҳволим кундан-кунга яхшиланиб бормоқда.

—Шифохонада яна неча кун қоласиз?
— Уч кун. Кейин қайтадан текширувдан ўтиб, таҳлилларни кутаман. Тузалганим билан дарров Наманганга жўнайман.

«Тошкентга боришимизга аввалдан қарши эдим»
— Билишимча, «Навбаҳор»да инфекция юқтириб олган фақат сиз эмас...
— Ҳа, етти нафар футболчи, массажчи ва видеооператоримиз коронавирус юқтириб олди. Аслида Наманганда бўлганимизда ҳаммаси жойида эди. Қароргоҳдан чиқмасдик, ўйинларимизни ҳам уй-сафар тизимида тинчгина ўтказаётгандик. Тўсатдан, август ойида федерация 4та тур ўйинлари марказлашган ҳолда битта шаҳарда ўтказилишини эълон қилди.

— Қайси шаҳарда?
— Тошкентда. Бу шаҳарда вирус тарқалиши авж олгани сабаб, пойтахтга келишга қатъиян қарши эдим. Афсуски, бошқа клублардаги ҳамкасб мураббийлар фикримни қўллаб-қувватлашмади. Бу ерда ҳамма лига раҳбарияти билан баҳслашишдан, оммага чиқиб ўз фикрини айтишдан қўрқади. Фақатгина «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе ва мен бундан мустасно.

— Якунда ҳамма жамоалар Тошкентда тўпланишдими?
— Ҳа. Биринчи ўйинни ўтказганимиз билан футболчиларимиздан бири касалланди. Кейин эса занжирдек уланиб кетди... Таркибдаги 7 нафар футболчисиз қолганимиздан кейин ўйинни кўчириш ҳақида сўрадик. Аммо лига раҳбарияти сўровимизга рад жавобини берди.

«Ўруновга ҳар доим Рой Кин ва Женнаро Гаттузони намуна сифатида келтирардим»
— Остон Ўруновнинг «Спартак»даги имкониятлари ҳақида қандай фикрдасиз?
— Ўруновнинг имкониятларини яхши биламан. Остон ўтган йил «Навбаҳор»да қўл остимда ўйнаганди. Жуда иқтидорли бола. Бўйдор, бақувват, техникаси юқори, яхши тезлик ва зарбага эга ўйинчи. Қатъиятли, ўйинни ўз қўлига олишдан қўрқмайди. Ўрунов билан тактик жиҳатдан яхши ишланса, у «Спартак»ка ёрдам бера олади.

— Қайси чизиқда?
— Ўрунов бизда ҳужумкор яримҳимояда ўйнарди. Ўзбекистон ўсмирлар жамоасида эса уни яримҳимоя марказида ўйнатишган. Қўрқмай, катта ишонч билан олдинга бора олади. Аммо тўпни кўп йўқотарди. Унга катта футболдаги талаблар бошқача эканлигини кўп уқтирганман. Остонга Рой Кин, Пол Инс, Стефан Шварц, Женнаро Гаттузони намуна сифатида кўрсатардим. Бу футболчилар майдон марказида эҳтиёткор ва фантастик даражада барқарор ўйин кўрсатишарди. Оддий вазиятларда тўпни йўқотишмасди. Ўруновни мен олдинроқда ўйнатардим. Ҳар бир учрашувда камида иккита голли вазиятга эга бўларди.

— Остон шуҳратпараст болами?
— Нималар деяпсиз?! Аксинча, у жуда камтар, хотиржам йигит. Инсонийлик жиҳатдан ҳеч қандай саволга ўрин йўқ. Тартибли бола. Умуман олганда бу борада Ўзбекистонда футболчилар орасида криминал персонажлар йўқ.

— Ўрунов «Спартак» билан шартнома имзолагач, биринчи қилган иши Instagram’даги саҳифасида қимматбаҳо харидларини кўз-кўз қилиш бўлди...
— Очиғи тушунмайман, йигитчанинг интернетда жойлаган ўша суратига нега ҳамма ёпишиб олди? Нима, бошқа футболчилар дўконларга айланмайдими? Ёки қимматбаҳо брендларни сотиб олмайдими? Тўғри, Остон қўлидаги харидлари сони бўйича ошириб юборгандир. У ҳали ёш, кўзларига чиройли кўриниб ҳамма нарсани сотиб олишни истагандир балки. Бунақаси бўлиб ахир.

«Жалолиддин Машарипов Россияда ўйнаб кета олади»
— «Локомотив» харид қилган Жасур Жалолиддиновдан кўра, Остон Ўруновга кўпроқ ишонаяпсизми?
— Албатта. Жалолиддинов ҳам юқори техникага эга, тўп билан ишлашни ёқтирадиган, яхши дриблингга эга ўйинчи. Аммо Россия Премьер-лигаси учун у ҳали хомроқ. «Локомотив»даги рақобатда ютиб чиқиши жуда қийин бўлади. Остон эса унга қараганда жисмоний жиҳатдан анча бақувват, бўйи 20 сантиметрга баландроқ. Ўрунов аллақачон футболчи бўлиб етишган. 18 ёшли Жасур ҳақида бундай дея олмайсан.

— Юрий Белоус унинг Жоау Мариудан кучлироқ эканлиги ҳақида гапирди...
— Юзга табассум бағишлайдиган жиддий даъво.

— Ўзбекистон чемпионатида Россиянинг топ-клубларини кучайтира оладиган футболчи борми?
— Менга Жалолиддин Машарипов жуда ёқади. Ажойиб ҳужумкор яримҳимоячи, «Пахтакор»нинг етакчиларидан бири. Уни яқинда Қатарга таклиф этишган, аммо «Пахтакор» қўйиб юборишни истамаган. Чемпионатда кучли бешликдан ўрин олган жамоаларда ҳам қизиқарли футболчилар бор. Ўша футболчилар Россия Премьер-лигасида Элдор Шомуродов ёки Остон Ўрунов даражасида ўйнаб кета олса, бунга ажабланмайман.

Усмон Ибодов таржимаси.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Андрей Канчельскис: «Бу ерда лига раҳбарияти билан баҳслашишдан, ўз фикрини айтишдан ҳамма қўрқади, фақат Арвеладзе ва мен бундан мустасно»