
U-17 Жаҳон чемпионатига қизғин тайёргарлик олиб бораётган Исломбек Исмоилов бошқарувидаги ўсмирлар терма жамоаси БААдаги йиғинни якунлади. Дастурга киритилган сўнгги ўртоқлик учрашувида юртимиз ёшлари Буркина-Фасо терма жамоасига қарши баҳс олиб борди.
Учрашув жамоалар келишувига кўра ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди. Афсуски, баҳс ўзбекистонлик ўсмирлар учун омадсиз тугади — африкалик рақиблар 4:0 ҳисобида устун келди.
Беллашувнинг илк дақиқалариданоқ Буркина-Фасо жамоаси фаол ҳаракат қилди. 16-дақиқада Залле Исмоил ҳисобни очди, 28-дақиқада эса Зонго Муҳаммад фарқни икки баробарга оширди. Иккинчи бўлимда Алассана Багаёго 63-дақиқада жамоаси номидан учинчи голни урди, 83-дақиқада эса Зонго Муҳаммад дубль расмийлаштириб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди.
Ўзбекистон U-17 жамоаси таркибида Рустамжонов дарвозани қўриқлади, ҳимояда Ҳакимов, Баҳодирхонов, Шукуруллаев ва Хабибуллаевлар ҳаракат қилди. Ҳужум чизиғида Эримбетов, Ҳасанов ва Содиқовлар фаоллик кўрсатишга уринди, аммо рақиб ҳимоясини ёриб ўтишга муваффақ бўлмади.
Захирадаги ўйинчилардан бир нечтаси ҳам майдонга туширилди — шулар орасида Турғунов, Алиев ва Саидмуродовлар бор. Аммо натижа ўзгаришсиз қолди.
Ўзбекистон U17 - Буркина-Фасо U17 - 0:4
Голлар: Залле Исмоил (16), Зонго Муҳаммад (28, 83), Алассана Багаёго (63)
Ўзбекистон U-17: 21.Рустамжонов, 2.Ҳакимов, 4.Баҳодирхонов, 6.Шукуруллаев, 7.Хабибуллаев, 9.Эримбетов, 10.Ҳасанов, 14.Мусаханов, 19.Содиқов, 20.Анваров, 23.Абдумўминов.
Захира: Шокиров, Избасканов, Юсуфбоев, Саидмуродов, Алиев, Турғунов, Эргашев, Абдукаримов, Мурадов, Саидов, Рустамов, Сарсенбаев.
Шу билан Исмоилов шогирдлари БААдаги йиғинни якунлади. Аввалги икки назорат ўйинида ўсмирлар Венесуэла билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган, Кот-д’Ивуарни эса 2:0 ҳисобида мағлуб этган эдилар.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу баҳслар жамоанинг жаҳон чемпионати олдидан сўнгги синови бўлди. Энди ўсмирлар Қатарда бўлиб ўтадиган мундиалга йўл олади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-17 терма жамоаси 5 ноябрь куни Парагвайга қарши учрашув билан ўз иштирокини бошлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!