Замонавий футболда айланадиган пуллар йилдан йилга тобора кўпайиб бормоқда. Ўйинчиларнинг трансферлари, яъни бир жамоадан иккинчисига ўтишига эса шунчаки ақл бовар қилмас маблағлар сарфланмоқда. Агар ўша футболчи ўзига сарфланган пулларни оқлаб, жамоага наф келтирса яхши, албатта. Аммо миллионлар ўйинида футболчининг трансфери умуман ўзини оқламаган ҳолатлар ҳам талайгина. Қуйида XXI асрда амалга оширилган энг қиммат ва омадсиз трансферлар ҳақида фикр юритамиз.
Усмон Дембеле, «Боруссия Д»дан «Барселона»га — 105 миллион евро
Фото: Google Images
Рўйхатни «биллур оёқ» номини олган франциялик вингер Усмон Дембеле очиб беради. 2017 йилнинг ёзида Неймар Мессининг соясида қолиб кетишни истамай, Парижга кетиб қолади. Табиийки, бразилиялик юлдузнинг ўрнини қимматроқ харид билан тўлдириш керак эди. Шундай ҳам бўлди, бироқ натижа ...
Катта пул эвазига Каталонияга олиб келинган Дембеле клубдаги дастлабки уч йили давомида жамоага айтарли ҳеч қандай наф келтирмади. У фақатгина тез-тез жароҳат олиши, интизом қоидаларини бузиши ва саркашлиги билан ёдда қолди, холос. 105 миллион евро эса шунчаки ҳавога учиб кетди.
Шунга қарамай, Усмонда ҳамон ўзини кўрсатиш учун имкониятлар мавжуд: у ёш ва агар соғлиғидаги муаммоларни бартараф этса, ўз истеъдодидан тўғри фойдаланиб, яна юқори даражага қайтиши мумкин.
Кака, «Милан»дан «Реал»га — 65 млн евро
Фото: Twitter
2009 йилда Мадрид клуби бир йўла иккита супер трансферни амалга оширади — Роналду ва Кака. Португалиялик футболчи билан бирга Какадан ҳам ундан кам бўлмаган ёрқин ўйинлар кутилганди. Боиси у «Милан»даги ҳаракатлари билан ўзининг нималарга қодир эканлигини кўрсатиб бўлганди. Шунингдек, Кака 2007 йилги «Олтин тўп» совринини ҳам ўзиники қилганди.
Аммо «Реал»да Каканинг ишлари фақат орқага кетди. Албатта, бунинг асосий сабабларидан бири жароҳатлар эди. Футболчи ҳафта ва ойлаб сафдан чиқарди, бу эса охир-оқибат унинг самарадорлигига ҳам таъсир қилди. Тўғри, у баъзи-баъзида ёрқин ўйинларини эслатиб турарди, аммо бу аниқ ундан кутилган нарса эмасди.
Кепа Аррисабалага, — «Атлетик»дан «Челси»га 80 миллион евро
Фото: Twitter
Футбол тарихидаги энг қиммат дарвозабон — жарангдор ном, шундай эмасми? Аммо бу «Челси» ва унинг мухлисларини заррача ҳам қувонтирмайди: «аристократ»лар 2018 йилда «Реал»га кетган Куртуанинг ўрнини тўлдириш учун зудлик билан «Атлетик»дан Кепани сотиб олади, нақ 80 миллион еврога.
Кепа эса «Челси» сафида шунчалик расво ўйин кўрсатдики, сўнгги трансфер ойнасида «Ренн»дан сотиб олинган ўртамиёна дарвозабон (Эдуард Менди) у билан таққослаганда даҳога айланиб қолди. Боиси Кепа учун доимий равишда қўпол хатоларга йўл қўйиш одат тусига кириб қолганди. Бундан ташқари унинг руҳий тушкунликка тушиб қолгани айтилди. Ҳозирда Кепа асосий таркибдаги жойидан бутунлай маҳрум бўлиб улгурган. Испаниялик посбонни бошқа жамоага сотиб юбориш эса осон иш эмас.
Алексис Санчес «Арсенал»дан «Манчестер Юнайтед»га — қўшимча тўлов билан Генрих Мхитарянга алмашинув
Фото: FotMob
Алексис Санчес – «Юнайтед»нинг сўнгги йиллардаги энг баҳсли трансферларидан бири. Трансфер суммаси кўрсатилмаган бўлса-да, Санчеснинг «Манчестер»даги ҳафталик маоши, тахминан, 500 минг фунтни ташкил қиларди. Бироқ ундан келадиган фойда деярли нолга тенг бўлган, «қизил иблислар» сафида «Арсенал»даги Санчесдан асар ҳам йўқ эди. Шундан сўнг, 2019 йилда у «Интер»га ижарага бериб юборилди, 2020 йилнинг ёзида эса Милан клуби унинг трансферини тўлалигича сотиб олди. Ҳозирда у Антонио Конте жамоасининг асосий фигураларидан бири ҳисобланади.
Андрей Шевченко «Милан»дан «Челси»га — 34 млн евро
Фото: The Athletic
«Олтин тўп»соҳиби, Европанинг энг яхши ҳужумчиларидан бири бўлган Шева 2006 йилда «Челси»нинг том маънодаги юлдузига айланиши керак эди, аммо бунинг ўрнига у клубнинг энг қимматга тушган хатоларидан бири бўлди. Ўша вақтга келиб, Роман Абрамовичнинг клуби бир неча йиллардан бери украиналик футболчини жамоага жалб қилишга ҳаракат қилар ва охир оқибат бунга эришганди ҳам. Мухлислар эса бундан ниҳоятда хурсанд бўлганди. Қувониш учун шунчаки ҳужум чизиғида Шевченко ва Дрогба жуфтлигини тасаввур қилиш етарли эди.
Аммо ҳаммаси режалаштирилганидек кечмади. Киевнинг «Динамо»си ва «Милан» афсонаси Англияда том маънода муваффақиятсизликка учради ҳамда собиқ жамоасига қайтиб кетишга мажбур бўлди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда