date

Трансфер бозоридаги шов-шув: Ўрунов ва “Зенит” муносабати ойдинлашди!

Трансфер бозоридаги шов-шув: Ўрунов ва “Зенит” муносабати ойдинлашди!

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳужум чизиғи вакили Остон Ўруновга Россия Премьер-лигасининг бир неча клублари, хусусан, кўплаб совринларни қўлга киритган "Зенит" қизиқаётгани ҳақида хабарлар кенг тарқалди. Бунга унинг ноябр ойида Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган Al-Ain Cup 2025 халқаро турнирида Миср терма жамоасига қарши ўйинида киритган иккита голи сабаб бўлди. Ўшанда 24 ёшли футболчига Италиянинг гранд клуби — "Ювентус" жамоаси қизиқиш билдиргани ҳам айтилган эди.

"Зенит" клубининг расмий раддияси

Бироқ, бу шов-шувга "Зенит" клуби муносабати ҳам маълум бўлди. Euro-football нашри журналистлари бу масалага аниқлик киритди: "Санкт-Петербургнинг "Зенит" клуби "Спартак Москва"нинг собиқ ярим ҳимоячиси Остон Ўруновга эътибор қаратаётгани йўқ. Биздаги маълумотларга қараганда, клуб қишки трансферлар ойнаси даврида марказий ярим ҳимоячи қидиряпти. Асосий эътибор Жанубий Америкалик ва маҳаллий ўйинчиларга қаратилади", — дейилади хабарда.

Россиядаги мураккаб йўл

Эслатиб ўтамиз, "Пахтакор" тарбиялаган футболчи Эронга йўл олишдан аввал Россия Премьер-лигасида омадсиз даврни ўтказган. "Навбаҳор" ва "Локомотив"даги муваффақиятли ўйинларидан кейин, 2020 йилда "Уфа" сафига қўшилган легионерга кейинчалик барча етакчи клублар қизиққан. Бироқ "Спартак" вариантини танлаши тақдир тақозоси билан хато бўлиб чиқди. "Спартак"да истеъдоди етарлича баҳоланмаган Остон "Уфа" ва "Урал"да ҳам кутилган натижага эриша олмади.

"Персеполис" уни қўйиб юбормоқчи эмас

2023 йилдан бери Эроннинг энг қудратли клуби "Персеполис" шарафини ҳимоя қилаётган Ўруновни клуб раҳбарияти ҳозирча сотиш ниятида эмас. Улар 2026 йилги жаҳон чемпионатидан кейин легионернинг трансфер суммаси янада кўтарилиб, бугунги кундаги 2 миллион евролик нархи ошишига катта умид боғламоқда.

Ҳужумкор футболчимиз миллий терма жамоа сафида 39 та учрашувда иштирок этиб, 10 та тўп киритгани унинг қимматини янада оширмоқда. У клуб миқёсида ҳам Ўзбекистон ва Эрон чемпионатларида муҳим совринларни қўлга киритган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Трансфер бозоридаги шов-шув: Ўрунов ва “Зенит” муносабати ойдинлашди!