2 281
Усмон Тошев: Тожикистон термасидаги тақдири, "Бухоро"га қайтишига нима туртки бергани ҳақида
Яқинда “Бухоро” клубида ўзгариш содир бўлди. Барчамизга яхши таниш бўлган Усмон Тошев яна собиқ жамоасига қайтди.
Биласиз, у Тожикистон миллий терма жамоасига бош мураббийлик қилиб келмоқда. Аммо тез орада мутахассис у ердаги фаолиятини якунлаб, бор эътиборини Бухоро футболига қаратади. Куни кеча Усмон Қудратович sports.uz мухбирига интервью берди.
- Усмон Қудратович, Тожикистон термасини бошқараётган бир пайтда “Бухоро”га қайтишингиз айни мавридимиди?
- Биласизми, раҳбарият билан кўришдик. Эътибор берган бўлсангиз, клубда жуда кўп алмашувлар юз берди. Мана шундай ўзгаришларга чек қўйиш учун раҳбарият мени чақириб, аввал ишлаганингизни биламиз, жамоада тартиб-интизомни йўлга қўйиш керак, биз ўзгаришлардан чарчадик, деган фикрни айтдилар ва менга ишонч билдирдилар. Лекин менинг Тожикистон терма жамоаси билан амалдаги шартномам бор эди ва ишимни охиригача тугатиб қўйишим лозимлигини ҳам унутганим йўқ. Тез орада жаҳон чемпионати саралаш баҳслари якунига етгач, шартномам ҳам тугайди. Шу боис Тожикистонда охиригача ишлаб қўяман.
- Демак, Тожикистон терма жамоасидаги фаолиятингизни якунлайсизми?
- Ҳа. У ерга бориб ҳаммасини тушунтираман. Мен жуда яхши одамлар билан ишладим. Шартномам тугаяпти, бу нормал ҳолат, ҳамма жойда ҳам шунақа. Мен бирор жойга қочиб кетмаяпман. Насиб бўлса, энди ишимни “Бухоро”да давом эттираман. Яна қайтараман: шартномам тугаяпти, вазифамни охиригача етказиб, уларга раҳмат айтиб келаман. Ўйлайманки, ҳамма мени тушунади. Ўйлайманки, энди “Бухоро”да тартиб ўрнатишга ва футбол ҳақида ўйлашга вақт келди. 13 йилдан бери клубда эмасдим. Шу вақт оралиғида 20 дан зиёд инсонлар келиб-кетдилар. Энди вилоят раҳбарлари билан биргаликда ҳаммасини жой-жойига қўямиз. Улар менга ишонишгани учун катта раҳмат. Чунки ишим уларнинг ёдларида экан. Энди 100 фоиз боримни бераман. Бу таклифга йўқ дея олмадим. Бу менинг уйим. Энди оиламга ҳам яқин бўламан.
Аммо Тожикистон ҳам менинг иккинчи уйим бўлди. Биламан, у ердан кетишим осон бўлмайди, вазиятни тушунтиришимга тўғри келади. Кўплари билан дўстлашдим, ака-ука бўлдик. Тожикистонда ишлаётганимга уч йил бўляпти ва шу вақт ичидаги ҳаётим ўша ерда ўтди. Жуда ажойиб одамлар билан биргаликда меҳнат қилдим. Кўп нарсаларни ўргандим ва яна кўплаб жабҳаларда мени қўллаб-қувватлашди. Ўтган давр мобайнида Тожикистонда футбол ўсди ва бунда озгина бўлса ҳам менинг ҳиссам бор. Ўтган уч йил асло зое кетмади. Келгусида футбол федерацияси ва клублари билан ҳамкорликни давом эттириб, ўзаро ўйинлар ҳам ўтказамиз.
- “Бухоро”даги ишингизни нимадан бошлайсиз? Қандай ўзгаришларни қилмоқчисиз?
- Мутахассисларни жалб қилишдан. Футболни яхши тушунадиган, фидойи инсонларни таклиф қиламан. Чунки ташкилий масалаларни ҳам жой-жойига келтиришимиз лозим. Ўзгариш битта – футбол ўйнашни бошлаймиз. Бунинг маъноси катта. Унинг мазмун-моҳияти ҳақида кўп гапиришимга тўғри келади. Лекин мен кимнидир хафа қилмоқчи эмасман. Футбол мутахассислари ишлайди, клубда. Керак бўлмаган нарсаларни олиб ташлаймиз ва бутун эътиборимизни футболга қаратамиз. Чунки мен нима учун рози бўлдим? Раҳбариятни кўрганимда, улар ҳақиқатан нотўғри ишлардан чарчашган.
Қарасам, раҳбарларнинг кўзлари “ёняпти”. Бухоро футболини кўтариш учун иштиёқлари ва шижоатлари юқори. Демак, мен бундай жараёндан четда қолмаслигим керак, деб ўйладим. Улар Бухоро футболини кўтаришни истаётганликларини юракдан гапиришяпти. Вилоят ҳокими ва ўринбосарлари бизни қўллаб-қувватлашга тайёр. Биз биргаликда муваффақиятли ишлай оламиз. Бухоро футболини қайтарамиз ва рақобатбардош жамоани шакллантирамиз.
- Сизни мураббий сифатида яхши биламиз. Тарқалган маълумотга кўра, “Бухоро” клуби бош директори этиб тайинлангансиз. Бундан чиқди, мураббийликдан кетасизми?
- Менежерман. Бирорта клубларимизда менежер борми ёки йўқми, билмадим. Европа, Осиё клубларида шундайки, бош мураббий жамоа раҳбариятини ҳам бошқаради. Агар билимингиз, тажрибангиз бўлса, клуб менежери бўлиб ишлайсиз. Сиз турли лавозимларга инсонларни жалб қиласиз, аммо ушбу йўналишларда қандай ишлаш кераклигини яхши биласиз. Фақат уларни бошқариб турасиз. Дунё футболида ҳозир шундай. Кўп жойларда бўлдим, ўргандим. Тожикистон футболига ҳам ҳиссамни қўшдим. Умумий маънода айтсам, қандай ишлашни биламан.
Шундан келиб чиқиб, “Бухоро”да менежер бўлдим. Клубда ҳар бир мутахассис ўз ишини қилади. Лекин иш қандай кетаётгани, футболчилар тўғри йўналишда ўсишини таъминлаш ва бошқа жиҳатлар бўйича назорат қиламиз. Жамоада кераксиз ишлар бўлмайди. Авваллари “Бухоро”да фаолият кўрсатган чоғимизда қанчадан-қанча футболчилар чиққанди?! Ҳозир эса Бухородан бирорта ўйинчи чиқмаяпти. Раҳбарлар ҳам яна ўзимиздан яхши-яхши футболчилар етишиб чиқишини исташяпти. Уларнинг бундай истаги ҳам жуда ўринли. Демак, ўзимиз ташкил қилган, ўзимиз ишлаб, футболчиларни тарбиялаган жамоани яна ҳар жиҳатдан мавқеини кўтариш учун бор билимимизни берамиз.
- “Бухоро”нинг натижаларига ўзингиз жавоб берасизми?
- Албатта. Натижа учун ҳали вақтлироқ, аммо жамоа Суперлигага чиқиши керак. Шунинг учун мен бу ерга келдим. Умид қиламан, бир-бир ярим йилдан кейин Бухородан яна яхши футболчилар чиқишни бошлайди. Терма жамоаларимизга ҳам муносиб номзодлар етказишни унутмаймиз. Бир сўз билан айтганда, фойдамиз тегади.
- “Бухоро”да бош мураббий масаласини нима қиласиз? Анвар Бердиевга ишонч билдираверасизми ёки ўзгартирасизми?
- Йўқ, у ишлаяпти. ”Хоразм”га қарши ўйинга тайёрланишяпти. Кейин “Динамо” ва “Нефтчи” билан муҳим учрашувлар бор. Сергей Лебедев ва Суҳроб Қобилов ёрдам беришяпти. Таркиб ўша-ўша. Мураббийга нима кераклигини тушунаман, уларни қўллаб-қувватлаймиз.
- Тожикистон терма жамоасида иккита расмий ўйин турибди ва бу ҳам жуда муҳим. Мабодо, кейинги босқичга чиқадиган бўлса, режаларингизга яна ўзгариш киритмайдими?
- Албатта, мен тушаман, терма жамоада шароитлар ва талаб бошқача. Савия ҳам шунга яраша бошқача. Масаланинг яна бир томони борки, мен шунча йил оиламсиз яшадим. Бу ҳам менга таъсир қилди ва “Бухоро” таклифини қабул қилишимда роль ўйнади. Тожикистон футболи раҳбарлари мени тушунадилар. Бундан кейин ҳам улар билан яхши муносабатларни сақлаб қоламиз.
- Дарвоқе, “Бухоро” қачон ўз стадионига қайтади?
- Ҳозир таъмирланяпти. 3-4 кун стадиондан чиқмадим. Камчиликларни кўрдик. Таъмирлаш ишларида маслаҳатлашдик. Насиб бўлса, яқин 20 кунда ҳаммаси тайёр бўлади. Раҳбарият билан бутун стадионни айланиб чиқдик. Ҳаттоки, мен “Бухоро” стадионининг барча нуқталаригача биламан. Боиси, стадион қурилаётган пайтда шахсан ўзим иштирок этганман. Ўйингоҳни янада яхши қиламиз. Шундай қилиб, мен уйга қайтяпман. Менга яна бир ёқимли томони шу бўляптики, кимни кўрсам қайтганим билан табриклаяптилар. ЎФА ва ПФЛдан, клублардан ҳам қўнғироқ қилиб мени қутлашяпти. Юрагим худди 200 га ураётгандек (кулади). Лекин иккинчи тарафдан қараганда, Тожикистон термасидан кетаётганим ҳам оғир. Ҳаёт шунақа экан. Ким менга ишонса ва уни оқласам, бу ҳам ўзига яраша яхши ва савобли иш, биздан қоладигани шу. Бойлик ўткинчи. Бутун ҳаётимизда бирор нарсани исботлашимиз керак, ўзимизга. Биздан қоладигани фақат яхши ном, холос.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Ўзбекистонлик MMAчилар жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллашди