
Қатарда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати қизғин паллага кирди. Бу нуфузли мусобақада барча қитъалардан келган 48 мамлакатнинг ёш истеъдодлари иштирок этмоқда. Амалдаги Осиё чемпиони бўлган Ўзбекистон терма жамоаси эса нафақат мамлакатимиз, балки бутун қитъамиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Ислом Исмоилов бошчилигидаги U-17 терма жамоамиз “J” гуруҳидаги иккинчи баҳсини Ирландия Республикаси ёшларига қарши ўтказди. Илк турда ирландлар Панамани 4:1 ҳисобида енгган бўлса, ўзбек ёшлари Парагвай устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Шу боис бу тўқнашув икки гуруҳ пешқадамининг ҳал қилувчи синовига айланди — ғолиб жамоа кейинги босқичга муддатидан аввал чиқиши аниқ эди.
Ўзбекистон жамоаси ўйинни юқори руҳда бошлади ва илк бўлиб ҳисобни очди. 20-дақиқада Абубакр Шукруллаев рақиб дарвозабони қайтарган тўпни аниқ зарба билан тўрга йўллаб, жамоамизни олдинга олиб чиқди. Бироқ, афсуски, бу устунлик узоқ давом этмади.
33-дақиқада ирландиялик Грэйди Макдоннел жамоадоши Аде Соланкеден узатма олиб, ҳимоячиларимиздан юқорига сакраб бош билан аниқ зарба берди ва ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимда ҳар икки жамоа бир неча бор хавфли вазият яратди. Аммо 75-дақиқада ирландиялик Майкл Нунен рақиб жарима майдонида яратилган имкониятдан унумли фойдаланиб, ғалаба голини урди.
Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги дақиқаларда ҳам курашни тўхтатмади. Мўминхон Баҳодирхоновда ҳисобни тенглаштириш учун яхши имконият бўлди, аммо уни голга айлантира олмади.
Осиё футбол конфедерацияси (AFC) бу натижани қуйидагича изоҳлади:
“Қатарда давом этаётган жаҳон чемпионатида Ирландиядан 1:2 ҳисобида мағлуб бўлганидан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси плей-офф йўлланмасини муддатидан аввал қўлга киритиш имконини бой берди. Бироқ, ҳали имконият бор. Эндиликда ўзбек ёшлари Панама устидан ғалаба қозониш орқали кейинги босқичга чиқишни кафолатлаши мумкин”, — деб ёзди the-afc.com сайти.
Ҳозирги кунда “J” гуруҳида Ирландия икки ғалаба билан етакчилик қилмоқда. Ўзбекистон ва Парагвайда 3 тадан очко бор, Панама эса ҳали очко тўпламади. Терма жамоамиз энди 11 ноябрь куни Панамага қарши ҳал қилувчи баҳсни ўтказади.
Қатардаги мусобақада шу вақтгача Ирландия, Аргентина, Бразилия, Италия, Португалия, Замбия, Австрия ва АҚШ терма жамоалари плей-офф босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Ўзбекистон ёшлари эса ҳали майдонда сўзини айтмаган. Улар учун кейинги баҳс — нафақат ғалаба, балки миллат шарафи учун кураш бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!