Дубайда дунёдаги энг тезкор суперкар яратилади

  • Технология
  • 12-11-2017, 11:31
  • 504
  • Дубайда дунёдаги энг тезкор суперкар яратилади
    Кўплаб автомобилсозлик компаниялари экологик ва арзон электротранспорт яратиш билан шуғулланаётган бир вақтда, Дубайдаги Devel Sixteen компанияси бошқа йўлдан боришга қарор қилди. Ушбу стартапнинг мақсади ўзгача: у дунёда энг тез юрувчи ва энг кучли автомобилни ишлаб чиқармоқчи.

    Стартап устида 4 йилдан бери иш олиб борилмоқда. Бу суперкар соатига 500 км тезликка эриша олади, унинг кучи эса 5000 от кучини ташкил қилади. Стартап ўзининг бу автомобили прототипини бир неча кундан кейин Дубай автосалонида тақдим қилади.

    Машина учун 12,3 литрлик махсус двигатель прототипи икки йил аввал яратиб бўлинган ва синаб кўрилган. Бу двигатель АҚШнинг Steve Morris Engines компанияси томондан лойиҳаланган. Бундан ташқари, Devel Sixteen суперкарни яратишда суперкарлар яратишда катта тажрибага эга бўлган Manifattura Automobili Torino итальян компаниясини жалб қилган.

    Машинанинг сотувга чиқарилиши ва унинг нархи борасидаги маълумотлар ошкор қилинмаяпти. Балки суперкар яратувчилари бу маълумотни автосалон учун сир сақлаётган бўлишлари мумкин.