16:20 / 26.05.2023
240

Кремний водийсини забт этган ўзбекистонлик ҳуқуқшунос: Асрор Арабжонов АҚШга қандай бориб қолгани, виза ва стартаплари ҳақида

Кремний водийсини забт этган ўзбекистонлик ҳуқуқшунос: Асрор Арабжонов АҚШга қандай бориб қолгани, виза ва стартаплари ҳақида

IT Park хорижда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик мутахассис Асрор Арабжонов билан интервью ташкил қилди.

Асрор 30 ёшда. У Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида ҳуқуқшунослик бўйича бакалавр, Стенфорд университетида эса магистрлик даражасига эга бўлиб, ҳозирда корпоратив ҳуқуқшунос сифатида Кремний водийсида яшаб, фаолият олиб боради.

АҚШга қандай қилиб бориб қолган?

Асрор магистратура туфайли хорижга кетишга муваффақ бўлган.

“Мен Стенфорд университетининг юридик факультетида магистратурада ўқиганман. Шундай қилиб, хотиним ва мен 2021 йилда АҚШга келиб қолдик. Ҳозирда Силикон водийсида яшайман, “Datatruck.io” стартапи устида иш олиб боряпман, Draper Associates венчур капитал фирмасида ишлайман ва Марказий Осиёдан стартапларга Америка бозорига киришда ва венчур капиталини молиялаштиришда ёрдам бераман”.

“Datatruck.iо” стартап лойиҳасида Асрор ҳаммуаллиф ҳамда операциялар ва ҳуқуқий масалалар бўйича директор ҳисобланади. Datatruck транспорт саноатига автоматлаштирилган жараёнларни олиб кириш устида ишламоқда. 

Стартап Асрор ва унинг АҚШда таҳсил олаётган ўзбекистонлик дўстлари томонидан бошланган. Айни пайтда лойиҳага дастлабки инвестициялар жалб қилинган ва платформа тест режимида ишга туширилган.

Аммо бу Асрор иштирок этган ягона муваффақиятли лойиҳа эмас — у Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги Khantex текстиль кластерида ишлаган жамоа аъзоси бўлганидан жуда фахрланади. Асрор “Чортоқ” минерал суви лойиҳаси директори сифатида ҳам фаолият олиб борган.

“Ўзим ҳуқуқшунос бўлсам-да, мени доимо стартаплар ва умуман олганда IT соҳаси қизиқтирган. Дарвоқе, Кремний водийсида иш излаб юрган ҳуқуқшунос сифатида айтишим мумкинки, бу ерда виза қўлга киритиш ва ишга жойлашиш масалаларида IT-мутахассислар учун анча осон. 

Магистратурадан сўнг STEM мутахассислари АҚШда 3 йил қолиш ва ишлаш ҳуқуқига эга бўлади. Гуманитар фанлар битирувчилари учун бу муддат бир йил билан чекланган”.

Айтганча, қаҳрамоннинг ўзи дарҳол визага эга бўлмади: биринчи марта элчихонадан рад жавоби берилди. Афтидан, Ўзбекистонда ойига 4-5 минг АҚШ доллари олиб, 100-120 минг доллар жамғариш мумкинлигига ишонишмаган бўлса керак, деб ҳисоблайди мутахассис. Аммо иккинчи уринишда ҳеч қандай муаммо бўлмади.

Виза билан боғлиқ қийинчиликлар, чамаси, ягона тўсиқ бўлиб турган эди. Қолган ҳаммаси Асрор учун қийинчиликларсиз ўтди.

“Биз рафиқам билан бундан олдин АҚШда бўлганимиз сабабли кундалик ҳаётда деярли ҳеч қандай қийинчиликларга дуч келмадик. Тезда жойлашиб, мослашиб олдик, қизиқарли жойларни топдик. Бакалавр даражасидан кейин сезиларли танаффусдан сўнг талаба ҳолатига қайтиш қийин бўлди. Лекин бу мени янада кучлироқ қилди”.

Ўзбекистоннинг IT соҳасини қандай баҳолайди?

Асрорнинг сўзларига кўра, ҳозир Ўзбекистонда IT соҳаси жадал ривожланмоқда, бироқ кичик бўшлиқлар мавжуд. Унинг ишончи комилки, ҳукумат буни тез орада ҳал қилади.

“Ўзбекистонни пахта мамлакати сифатида бутун дунё билади. Ишонаманки, IT соҳаси кейинги етакчи соҳамиз бўлиши мумкин. Бунинг учун мамлакатда барча шароитлар мавжуд. 

Мен бор-йўғи иккита катта муаммони кўряпман: биринчидан, Ўзбекистон бу соҳага жуда кеч кириб келмоқда, иккинчидан, бизда таълимда – математика ва умуман, табиий фанлар бўйича камчиликлар бор. 

Лекин мамлакатда қандай ўзгаришлар бўлаётганини кўриб турибман ва бундан жуда хурсандман. Умид қиламанки, яқин йилларда Ўзбекистон АКТ соҳасида жаҳон етакчиларидан бирига айланади”.

“Америка Қўшма Штатларида мавжуд бўлган қандай янгиликларни Ўзбекистонда жорий қилмоқчисиз”, деган саволга Асрор “биринчи навбатда венчур инвесторлар ва акселераторлар бизга кўпроқ келишини истардим” дея жавоб берди.

“Бу ерда ҳам кўплаб Ғарб ташаббусларини жорий қилиш яхши бўларди. Мисол учун, жуда хоҳлардимки, кичик IT-гуруҳлар ўз компанияларини осонгина яраца ва уларни ёпа олса. 

Стартапларимиз таъсисчиларининг ҳиссаси интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказмасдан ва уни “конвертация қилинадиган кредит” воситасидан фойдаланиш қулайроқ бўлиши учун, стартаплар ўз ходимларига устав фондини тасдиқлаш шартисиз “опсионлар”ни тарқатиши мумкин бўлса. Умуман, Ўзбекистонда жуда кўп зарур ва фойдали нарсаларни ишга тушириш мумкин”.

Асрорнинг ўзи ҳам келажакда Ўзбекистонда яшашини истисно этмайди. Айтганидек, у Ўзбекистонни том маънода тарк этгани йўқ.

“Биз бутунлай чет элга кўчиб ўтдик, демаган бўлардим.  Биз ўз ўрнимизни топмоқдамиз ва шу аснода жамият учун қаерда фойдали бўлишимиз мумкинлигини ўйлаймиз. Лекин ватанимизга қайтишимиз мумкинлигини ҳам инкор этмайман”.

IT Park билан ҳамкорликдаги янги лойиҳа

Яқин кунларда Асрор ва IT Parkнинг янги қўшма рукни ишга туширилмоқда.

“Мен узоқ вақтдан бери IT Park саҳифаларида рукн очишни орзу қилардим. Ушбу босқичда биз таъсисчилар стартаплар, мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам капитал жалб қилиш бўйича асосий билимларга эга бўлиши учун уларнинг сифати устида ишлашга келишиб олдик. 

Биз стартаплар, IT Park резидентлари ва кенгроқ аудитория учун бир қатор мақолалар, видео дарсликлар, онлайн трансляцияларни тайёрлашни режалаштирмоқдамиз”.

Лойиҳа яқин ойларда бошланади.  Асрорнинг ишончи комилки, ушбу ташаббус IT соҳасига қизиққан кўпчиликка ўзига ёқадиган иш топишда ёрдам беради.

“Ўзбекистонда иқтидорли ва истиқболли ёшлар-у муваффақиятли компаниялар кўп.  Мен ўз тажрибам ва кўникмаларимни баҳам кўрмоқчиман. Бу ҳар қандай IT мутахассиси учун фойдали бўлади”.

Ёш ва тажрибасиз мутахассисларга меҳмонимиз жасур бўлишни тилаб қолади.

“Ҳар бир IT мутахассиси амалга ошириб бўлмайдигандек кўринадиган режа/лойиҳани бошлаши учун жасорат, қатъият, ўзига ишонч ва ҳатто бир оз телбаликка эга бўлиши керак. Энг муҳими, муваффақиятга эришишда айнан унда имконият борлигига ишониши лозим!”

Манба: Daryo.uz


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Кремний водийсини забт этган ўзбекистонлик ҳуқуқшунос: Асрор Арабжонов АҚШга қандай бориб қолгани, виза ва стартаплари ҳақида