
Дунё миқёсида меҳнат бозори тубдан ўзгариш арафасида турибди — Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Польша миллий тадқиқот институти (NASK) томонидан эълон қилинган янги таҳлилга кўра, генератив сунъий интеллект технологиялари дунёдаги ҳар тўртинчи иш ўрнига таъсир кўрсатиши мумкин.
20 май куни тақдим этилган ҳисоботда AI технологияларининг 30 мингга яқин касбий вазифаларга қандай таъсир кўрсатиши ва бу ўзгаришларга қандай тайёргарлик кўриш кераклиги тўғрисидаги энг мукаммал баҳолаш келтирилган.
Генератив AI энг кўп қайси соҳаларга таъсир қилади?
Тадқиқотчилар ишчи ўринларини генератив AI технологияларига нисбатан "таъсир индекси" бўйича гуруҳлашди. Унга кўра, умумий иш ўринларининг тахминан 25 фоизи, ривожланган мамлакатларда эса 34 фоизи AI таъсири остида қолиши мумкин. Аёллар иш фаолиятида бундай таъсир нисбати эркакларникига қараганда юқори — хусусан, юқори хавфли ишларнинг 9,6 фоизи аёлларга тўғри келади.
Айниқса, офис иши ва интеллектуал меҳнат билан боғлиқ соҳалар — молия, медиа, дастурий таъминот каби йўналишларда автоматлаштириш эҳтимоли жуда юқори. Бу соҳаларда генератив AI ҳужжат тайёрлаш, таҳлил қилиш, матн ёзиш, маълумотлар базаси билан ишлаш каби вазифаларни осонликча бажариши мумкин.
“Иш ўринлари йўқолмайди, балки қайта шаклланади”
Ҳисобот муаллифлари қайд этишича, бу технологияларнинг келиши иш ўринларини йўқ қилишдан кўра, уларни қайта шакллантиради. Яъни инсонни тўлиқ AI билан алмаштириш эҳтимоли кам — аксинча, янги вазифалар, кўникмалар ва иш формалари пайдо бўлади.
“Биз назариядан ташқарига чиқдик, ҳақиқий иш вазифаларига асосланган методология ишлаб чиқдик”, — дейди ХМТ тадқиқотчиси Павел Гмирек.
Мамлакатлар нима қилиши керак?
Мамлакатлар бу ўзгаришларга тайёр туриши, ишчиларни қайта ўқитиш ва AI’га мос рақамли кўникмаларни шакллантириши лозим. ХМТ ва NASK ҳукуматлар, касаба уюшмалари ва хусусий секторни ҳамкорликда ҳаракат қилишга чақирмоқда.
“Ижтимоий мулоқот, инклюзив сиёсат ва реал таҳлиллар AI’ни ишчилар учун имкониятга айлантириши мумкин”, – деди Жанин Берг, ХМТ иқтисодчиси.
Ташкилотлар бу ҳисоботни генератив сунъий интеллект ҳақидаги кенгроқ таҳлиллар сериясининг биринчи босқичи сифатида эълон қилди. Келгуси ҳисоботларда ривожланаётган мамлакатлар учун алоҳида тавсиялар тайёрланиши кутилмоқда.
Zamin.uz таҳририяти мазкур таҳлил дунё бўйлаб меҳнат бозори ва ижтимоий сиёсатда муҳим ўрин тутаётган сунъий интеллект муаммосига етарли эътибор қаратиш зарурлигини яна бир бор таъкидлайди. Сиз қандай фикрдасиз — сизнинг иш фаолиятингиз ҳам AI таъсири остидами? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар