
Сўнгги кунларда Германия, Бразилия ва бир қатор Африка давлатлари фойдаланувчилари Telegram'га киришда муаммога дуч келмоқда. Улар одатий бепул SMS орқали авторизациядан ўтолмаётгани ҳақида шикоят қилмоқда. Фойдаланувчи аккаунтига кириш учун фақат пуллик SMS хизматидан фойдаланиш имконияти қолмоқда.
Telegram'нинг расмий баёнотига кўра, айрим мамлакатларда SMS-хабарлар юбориш нархи ҳаддан ташқари юқори. Шу сабабли компания харажатларни қоплаш мақсадида вақтинчалик пуллик авторизация тизимини жорий қилган.
Пуллик SMS орқали кириш нархи ўртача 1–1,5 АҚШ долларини ташкил этади. Компания бу харидни фойдаланувчига компенсация қилиш мақсадида унга 1 ҳафталик Telegram Premium обунасини бепул тақдим этади. Бу орқали фойдаланувчи қўшимча функциялардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ҳозирча ушбу тизим фақат баъзи давлатларда жорий этилган бўлиб, Ўзбекистонда Telegram'дан кириш тартиби ўзгаришсиз қолмоқда. Аммо фойдаланувчилар компаниянинг бу ёндашувини баҳсларга сабаб бўлаётганини айтмоқда. Аксарият одамлар Telegram'даги авторизация доим бепул қолиши кераклигини таъкидламоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.