date

GTA VI яна кечиктирилди

GTA VI яна кечиктирилди
Rockstar Games ўйин студияси GTA VI компьютер ўйини релизининг яна бир бор кечиктирилганини маълум қилди. Энди ўйин 2026-йилнинг 19-ноябрида чиқиши кутилмоқда.

"Узоқ давом этган кутув вақтига яна озгина қўшимча вақт қўшаётганимиз учун узр сўраймиз. Аммо бу қўшимча ойлар бизга ўйинни сиз хоҳлаган ва муносиб бўлган сифат даражасига олиб чиқишга имконият беради", — дейилади Rockstar Games баёнотида.

Дастлаб ўйин куз фаслида чиқарилиши режалаштирилган эди, кейинчалик эса релиз май ойига кўчирилган эди. GTA VI ўйини PS5 ва Xbox Series X|S консолларида чиқади.

Янги ўйиннинг бош қаҳрамонлари — Жейсон ва Лусия бўлиб, улар Вайс-Сити шаҳридаги жиноят оламига аралашиб қолишади. GTA сериясининг аввалги ўйини GTA V 2024-йил декабрь ҳолатига кўра, 205 миллиондан ортиқ нусхада сотилган ва ишлаб чиқарувчиларга 9 миллиард доллар даромад келтирган.

Бу ўйин дастлаб 2013-йилда консоллар учун, 2014-йилда эса бошқа платформалар учун чиқарилган эди. GTA V ҳикояси Сан-Андреас штати аҳолиси — Франклин, Майкл ва Тревор атрофида ривожланади.

Улар биргаликда қатор хавфли талончиликларни амалга оширади ва шу билан бирга шахсий муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » GTA VI яна кечиктирилди