Tesla сунъий интеллект компаниясини 2 млрд долларга сотиб олди

"Tesla" компанияси 2026 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича ҳисоботида сунъий интеллект учун ускуналар ишлаб чиқарувчи номаълум компанияни сотиб олганини маълум қилди. Келишув қиймати 2 млрд долларни ташкил этади ва бу маблағ акциялар кўринишида тўланади. Қизиғи шундаки, компания раҳбарияти ушбу йирик битим ҳақида акциядорлар билан учрашувда ёки чораклик ҳисобот тақдимотида оғиз очмаган. Бу ҳақда Electrek.co хабар беради.
Молиявий ҳужжатларга кўра, 2 млрд долларнинг фақат 200 млн доллари кафолатланган тўлов ҳисобланади. Қолган 1,8 млрд доллар эса сотиб олинган компания технологияларининг муваффақиятли жорий этилиши ва муҳандислар жамоасининг иш фаолиятига қараб босқичма-босқич тўлаб борилади. Мутахассисларнинг фикрича, бундай тузилма "Tesla" ҳали ўзини тўлиқ оқламаган, аммо истиқболли технологияга сармоя киритаётганидан далолат беради.
Ҳозирча сотиб олинган компаниянинг номи ва фаолият йўналиши очиқланмаган. Ушбу харид "Tesla"нинг сунъий интеллект соҳасидаги харажатлари кескин ошган даврга тўғри келди. Компания 2026 йилда ушбу йўналишдаги лойиҳалар, жумладан "AI5" чипи ва "Терафаб" ярим ўтказгичлар заводи қурилиши учун 25 млрд доллардан ортиқ маблағ сарфлашни режалаштирган.
Экспертлар "Tesla"нинг асосий автомобиль бизнесидан тушаётган фойда камайган бир пайтда, сунъий интеллектга бундай катта маблағ йўналтираётганини хавфли деб ҳисобламоқда. Компаниянинг соф фойдаси 477 млн долларни ташкил этган бўлса-да, фақат бир чоракнинг ўзида сунъий интеллект билан боғлиқ инвестициялар миқдори 4 млрд долларга етган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!