Заҳарли илонлар маликаси: хитойлик қиз 60 мингдан зиёд илон боқмоқда

Хитойда 29 ёшли қиз 60 мингдан зиёд заҳарли илон парваришлаб, йилига 147 000 доллар даромад қилмоқда. Бу ҳақда South China Morning Post маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Син 1995 йилда Гуансининг Гуилин шаҳрида туғилган. У олий таълимни тугатганидан икки йил ўтиб, отасига илон парваришлашда кўмаклашиш учун ўз қишлоғига қайтган.
Айни вақтда у 60 мингдан ортиқ судралиб юрувчи жониворни парвариш қилмоқда. Уларнинг 50 мингдан кўпроғи ўта заҳарли қалқонбошлилар турига мансуб “беш қадамли” илонлар бўлса, қарийб 10 мингтаси кобралардир. Синнинг таъкидлашича, отаси бу машғулотни хавфли деб ҳисоблаб, аввал қизининг ушбу соҳага киришига қарши бўлган. Бироқ ферма кенгайгач ва отаси якка ўзи уддалай олмаганидан сўнг, қиз ёрдам беришга қарор қилган.
“Беш қадамли” илонларга тайёр озуқа берилади, аммо улар билан бевосита мулоқот қилиш ҳамон катта хавф туғдиради. “Бундай илонлардан жуда қўрқмайман. Отам мен туғилмасимдан аввал ҳам уларни парвариш қилган”, дейди Син.
Синнинг тушунтиришича, қуритилган илон, илон ўти ва илон ёғи анъанавий табобатда кенг қўлланилади. Улардан олинадиган заҳар эса тиббий изланишларда ишлатилади. Ҳозирда ҳар бир “беш қадамли” илондан ойига икки марта заҳар олиш имкони бор.

Заҳарнинг бир грамми сифатига қараб 40 юандан 200 юангача (6–30 доллар) сотилади. Илон гўштининг ҳар бири 200–300 юан атрофида бўлса, йириклари 1000 юандан (тахминан 150 доллар) юқори баҳоланади.
Ишчи кучи ва бошқа харажатлар чиқариб ташланса, ушбу бизнес йилига бир миллион юандан ортиқ фойда келтириши мумкин. Син ўз тажрибаси ва илон парвариши бўйича маслаҳатларини “Илон заҳри йиғувчи қиз” номи остида ижтимоий тармоқларда бўлишиб келади. Унинг саҳифасини 22 мингдан зиёд фойдаланувчи кузатади.
“Агар илон боқувчи сизга чақишдан қўрқмаслигини айтса, бунинг ягона сабаби бор: уни ҳеч қачон илон чақмаган. Айниқса, ‘беш қадамли’ илон чаққанида кучли оғриқ пайдо бўлади. Бир марта буни ҳис қилсангиз, уни узоқ вақт, ҳатто умр бўйи эслаб юрасиз. Илoн қўлингизни чақса, фақат шу жой оғрийди деб ўйлаш мумкин, аммо аслида билак, елка ва ҳатто тананинг ярмигача оғриқ тарқалиши мумкин”, дейди Син.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!