Антарктида музликлари Қуёш тизимининг юлдузлараро саёҳати тарихини очди

Астрофизиклар ва геокимёгарлар гуруҳи Антарктида музликлари қатламидан узоқ юлдузлар портлаши натижасида ҳосил бўлган юлдузлараро чанг изларини топди. Ер ўн минглаб йиллар давомида космоснинг турлича зичликдаги ҳудудларидан ўтган ва бу жараён муз қатламларида ўз аксини топган. Тадқиқотнинг асосий калити «ўта янги юлдузлар кули» ҳисобланган темир-60 радиоактив изотопи бўлди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Олимлар 40 мингдан 80 минг йилгача бўлган юзлаб килограмм муз ва қор намуналарини таҳлил қилишди. Масс-спектрометрия ёрдамида темир-60 атомлари санаб чиқилганда, уларнинг концентрацияси ўтмишда ҳозиргига нисбатан сезиларли даражада камроқ бўлгани аниқланди. Бу ҳолат Қуёш тизимининг газ, плазма ва юлдуз чангларидан иборат бўлган маҳаллий юлдузлараро булутлар орқали ҳаракатланиши билан изоҳланади.
Ҳозирги вақтда Қуёш тизими «Маҳаллий юлдузлараро булут» ҳудудидан ўтмоқда ва замонавий моделлар бу жараён 40 минг йилдан 124 минг йилгача давом этишини кўрсатади. Антарктидадаги муз қатламлари эса космик муҳит тарихини ўрганиш учун ноёб архив вазифасини ўтайди, чунки у ерда қор қатламлари минг йиллар давомида деярли ўзгармасдан сақланиб қолади.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу усул телескоплар орқали кузатишдан фарқли ўлароқ, бевосита Ерга чўккан «космик чўкинди»ни таҳлил қилиш имконини беради. Бироқ, темир-60 миқдорининг кутилганидан камроқ бўлиши юлдузлараро булутларнинг келиб чиқиши назариясини қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Эндиликда олимлар янада қадимий муз қатламларини ўрганиш орқали Қуёш тизимининг ўтмишдаги галактик йўналишини тўлиқ тиклашни режалаштирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!