«Менинг фикрим» портали — жамият кўзгуси
Ўзбекистон аҳолисининг фуқаролик онги ошиб бормоқда — бу ажойиб ва ижобий факт.
Мисоллар эса кўп. Улардан бири: «Менинг фикрим» сайтида фойдаланувчиларнинг фаоллиги. Портални яратишдан асосий мақсад ҳам фуқароларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш эди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида қайд этилганидек: «Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга».
Дарахтларни кесишми ёки автомобилдаги ойналарни тонировка қилишми, Наманган вилоятида пиёдалар учун кўприк ўрнатишми ёки Оролбўйи ҳимояси муаммоларими — бугунги кундаги барча долзарб мавзулар шу порталда мавжуд. Ушбу сатрлар ёзилаётган пайтда порталда жами 3 285 та жамоавий мурожаат бўлиб, уларга 24 524 та изоҳ келиб тушганди. Одамларимиз бефарқмас. Таклифларнинг ҳаммаси ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан кўриб чиқилиши учун етарли 10 мингта овоз йиғмайди. Аммо барча мурожаатлар эътиборга олиниши — шубҳасиз ҳақиқат.
IMEI феномени
Ўтган ҳафта «Менинг фикрим» веб-порталидаги «Мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш ҳақида» таклиф феноменал тарзда тез 10 мингта овоз йиғди. Муаллиф фикрига кўра, рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш, тўловни эса умуман бекор қилиш керак. Чунки, муаллиф ёзишича, «ҳозирги глобаллашув даврида аҳолини қўллаб-қувватлаш, ортиқча тўловларни бекор қилган маъқул».
Таклиф кенг омма томонидан қўллаб-қувватлангани тушунарли. Балки автомобиль ва тонировка масаласи барчага ҳам қизиқмасдир, лекин мамлакатимизда телефонлар сони автомобилларга қараганда ўн баробар кўп.
Таъкидлаш керакки, таклиф мобил қурилманинг халқаро идентификатори ҳисобланган IMEI-кодини рўйхатдан ўтказишни бекор қилишга чақирмаяпти.
IMEI-кодининг фойда ва аҳамияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш учун олиб борилган тушунтириш ишлари ўз самарасини берди. Истеъмолчилар, масалан, IMEI рақамига кўра, кулранг импортга қарши курашиш ва ўғирланган телефонларни масофадан туриб ҳам блокировка қилиш мумкинлигини тушунмоқдалар.
Телефонларни ўғирлаш энди бефойда
Бизда халқаро тажрибага мурожаат қилишни унча хуш кўрмайдилар. Ҳар доим: «Бизни Франция билан таққосламанг?» дейдиган инсон топилади, масалан. Узоққа бормаймиз.
Украина. Барча мобил қурилмаларни мажбурий IMEI рўйхатдан ўтказиш 2009 йилда жорий этилган.
Озарбайжон. IMEI рўйхатга олиш тизими 2013 йил май ойида ишлай бошлади.
Қозоғистон. IMEI-код + СИМ-карта + шахсий ИИН схемаси бўйича қурилмаларни мажбурий рўйхатдан ўтказиш қоидалари 2019 йилда кучга кирган.
Қўшниларимиз айтишмоқчи: «Қозоғистонда уяли телефонларни ўғирлашни бефойда юмушга айлантирдик».
Туркия. Мавзу бўйича кўплаб мақолалардан кўра зиёд маълумот берувчи жуда қизиқ бир факт: 2006—2010 йилларда Туркияда IMEI бошқарув тизими 10,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида қўшимча солиқ даромадини олиб келди. Уяли телефонларни ўғирлаш ҳолатлари деярли 95 фоизга камайди.
Россия Федерацияси. Солиқдан бўйин тортиб ноқонуний ёки ҳисобга олинмаган ҳолда мобил қурилмаларни олиб кириш натижасида Россия бюджетининг зарари йилига умумий ҳажми 16,6 миллиард рубл (260 миллион АҚШ долларидан ортиқ)ни ташкил этади.
Қаршилик. «Cui bono?» — «Бундан кимга наф?»
«Менинг фикрим» веб-порталида фақат мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш ва уни бепул қилиш таклиф этилаётган бўлса, рўйхатга олишни тўлиқ олиб ташлашни таклиф қилаётган баъзи доиралар ҳам бор.
Шу ўринда бундай таклифлар қаердан оёқ олаётгани қизиқ.
Муаммонинг моҳиятини тушуниш учун биз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Шамсутдинов келтирган бир нечта рақамларга назар ташлаймиз. Уларни диққат билан кўздан кечиринг.
2018 йил. Мамлакатимизга умумий қиймати 1,8 миллион долларга тенг 13,5 минг дона телефон олиб келинган.
2019 йил. Ўн ой давомида, январдан-октябргача 5,5 миллион долларлик 80 мингта телефон олиб кирилган. Икки ой ичида эса, яъни 2019 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Ўзбекистонга расман олиб кирилган мобил телефонлар сони 460,8 мингтани, қиймати эса 17,4 миллион долларни ташкил этган.
2020 йил. Бир ярим ой ичида мамлакатга умумий қиймати 8,5 миллион АҚШ долларига тенг 110,4 мингта мобил қурилма олиб кирилган.
Рақамлар гўёки 2019 йил охирига келиб мамлакатимизга мобил қурилмалар импорти кескин ўсганига ишора қилаётгандек. Аммо, шуниси ҳам борки, 2018 йилда 13,5 мингта эмас, балки 400 мингдан 500 мингтагача телефон олиб кирилгандир, бунча қурилма олиб кирилмаганига ҳеч ким кафолат беролмайди.
Бемалол айтиш мумкинки, бозорларимизда юз минглаб телефонлар ноқонуний равишда сотилган, уларнинг сотувидан тушган маблағлар давлат бюджетини айланиб ўтиб кетган...
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридан сўнг, ушбу норматив ҳужжатда белгиланган қоидалар натижасида бюджет даромадлари мобил қурилмалар импортидан сезиларли даражада ошди.
Мана статистика.
2018 йил. 5,1 миллиард сўм келиб тушди.
2019 йил. Январь-октябрь. 10,3 миллиард сўм келиб тушди.
2019 йил. Ноябрь-декабрь. 27,2 миллиард сўм келиб тушди.
2020 йил. Биринчи ярим йилликда 22,2 миллиард сўм маблағ келиб тушди.
Шунча пул панада ётганди. Адолатсиз рақобат йўлига ўтиб олган, солиқлардан бўйин товлаб юрганларга бу хуш келмаслиги аниқ эди. Мобил қурилмаларни қонуний равишда олиб кириб сотаётганлар учун эса қабул қилинган қарор ҳалол рақобат курашида фақат ёрдам бермоқда.
Кўпми ё оз?
Энди савол туғилади: нима учун IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишда жисмоний шахслар 44 600 сўм тўлайдилар (IMEI-кодига базавий ҳисоблашдан 20 фоиз)?
Чиндан ҳам жуда кўпми? Статистикага кўра, фойдаланувчилар ўртача ҳар икки йилда мобил телефон ва смартфонларни ўзгартирадилар. Агар жами тўловни икки йилга бўлсангиз, ойига 1858 сўмдан бўлади. Телефонни ҳар йили ўзгартирсангиз ҳам ойига 3717 сўм.
Ойига тўланган 3717 сўм қаерга кетмоқда?
Биринчи навбатда, IMEI асосида рўйхатга олиш тизими учун ускуналар ва технологиялар учун.
Мамлакатда, айниқса қишлоқ ва чекка ҳудудларда, сайёҳлик ва дам олиш жойларида телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш учун.
Давлат муассаларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш учун.
Ана шу хайрли ишлар учун ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш парламент томонидан назорат қилинадики, бу ҳам эса маълумотлар шаффофлигини таъминлайди.
«Қош қўяман деб...»
Мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш мавзуси ҳар биримиз учун тааллуқли эканини айни масала атрофидаги қизғин баҳс-мунозаралар ҳам тасдиқлайди. Муҳокамага қўйилган таклифни саноқли кунлар ичида 74 мингдан ортиқ инсон ўқиди, 400 дан зиёд фикрлар қолдирилди.
Фақат ана шу рўйхатга олиш нархи, жараённи осонлаштириш борасидаги баҳсларда «қош қўяман деб кўз чиқариб қўймаслик», «кулранг бозор» тарафдорларига ютқазиб қўймаслик муҳимлигини унутмаслигимиз лозим.
IMEI-кодларни рўйхатга олиш ҳаётийлигини ва фойдалилигини кўрсата олди.
У миллиардлаб ноқонуний молиявий оқимларни ёпиб, бюджетга қайтариш орқали биз, фуқаролар турмушининг фаровонлигига хизмат қилади.
Манба: Xabar.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди