15:06 / 13.09.2020
2 832

Хитой компаниялари сўнгги ўн йилда смартфонлар бозорини қандай забт этди?

Хитой компаниялари сўнгги ўн йилда смартфонлар бозорини қандай забт этди?
Фото: mydrivers
Ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллиги ва янги асрнинг дастлабки ўн йиллиги том маънода мўъжизаларга бой давр бўлди. Интернет кашф этилиши, мобил алоқанинг кескин тараққий этиши, ундан сўнг смартфонлар эволюцияси дунёни кескин ўзгартириб юборди. Айниқса, смартфонлар пайдо бўлиши ва оммалашиши фан-техника соҳасида жиддий инқилобларни амалга оширди.

Энди, одамлар уйдан чиқмаган ҳолда смартфон ёрдамида аксарият юмушларини бажара олади. Тўғри, интернет ёрдамида уйда ўтириб смартфон ёрдамида бажариладиган ишларни компьютер ёки ноутбукда ҳам бажарса бўлади. Лекин бунда смартфонлар ўз қулайлиги билан компьютерлар ва ноутбуклардан анча афзал ҳисобланади. Ахир уни чўнтакка ҳам солиб кетаверса бўладида!

Смартфонлар тарихи
Смартфон сўзи инглизча smartphone сўзидан олинган бўлиб, у «ақлли телефон» маъносини беради. Бу терминни илк марта мобил телефонлар ишлаб чиқарадиган Ericsson компанияси муомалага киритган. Компания 2000 йилда янги Ericsson R380s моделини ишлаб чиқара бошлайди ва уни «смартфон» деб атайди. Бу модел ўша пайтда энг ихчам уяли алоқа воситаси эди. Бошқалар ишлаб чиқараётган мобил қурилмалар «яримта ғишт» шаклида ва оғирлиги ҳам салмоқли бўлганда, ушбу қурилманинг оғирлиги «атиги» 164 грамм бўлган. Ишлаб чиқарувчилар бу қурилмани смартфон деб аташгани билан у оддий мобил телефонлардан атиги 2-3та ошиқча функцияси билан ажралиб турган, холос.

Шундан сўнг, уяли алоқа воситаси ишлаб чиқарадиган компаниялар ўзлари ишлаб чиқараётган мобил телефонларни мукаммаллаштириш йўлида «пойга бошлашди». 2001 йилда Nokia компанияси Nokia 9210 моделини, бироз ўтиб Nokia 7650 моделини ишлаб чиқара бошлади. 2002 йилдан пойгага Microsoft, Siemens, шунингдек, икки компания қўшилиши натижасида пайдо бўлган Sony Ericsson ва яна бир қатор компаниялар қўшилди. Кейинроқ мобил қурилмалар ишлаб чиқариш бозорига аста-секинлик билан Хитой компаниялари ҳам кириб кела бошлади.

Смартфонлар бозорида инқилоб юз бериши
2007 йилда Apple компанияси ўзининг илк iPhone смартфонларини сотувга чиқаради. Ушбу қурилма ўша пайтда смартфонлар бозорида жуда катта шов-шувга сабаб бўлади ва маҳсулотлар муваффақият билан сотилади. Ўша йилда Google компанияси Linux ядроси билан дастлабки Android платформасини яратади. 2008 йилда Apple компанияси iPhone 3G қурилмасини ишлаб чиқаришни бошлайди. Бу қурилма дунёнинг 70га яқин мамлакати бозорларида катта муваффақиятга эришади. Айнан шу модел туфайли Apple компанияси ўша йили дунё мобил қурилмалар савдосида 5 фоизлик ўсиш қайд этади.

T-Mobile G1 / Photo:Angela Lang/CNET
2008 йилда Android базасида илк смартфон — T-Mobile G1 (HTC Dream) ишлаб чиқарила бошланади. Шундан сўнг, орадан бироз ўтиб, 2009 йилда Жанубий Кореянинг Samsung компанияси Android базасида Samsung Galaxy (GT-I7500) русумидаги илк смартфонларини ишлаб чиқара бошлайди. Samsung Galaxy номи остида ишлаб чиқарилган турли моделлардаги телефонлар мобил қурилмалар бозорида iPhone смартфонларидан сўнг иккинчи инқилобга сабаб бўлади. Шу тариқа, смартфонлар бозорида Apple ва Samsung ким ўзарга пойга бошлайди. Ўша пайтда, бир кун келиб Хитой компаниялари бу икки таниқли компания учун смартфон бозорида жиддий рақобат туғдиришини ҳеч ким тахмин ҳам қилмасди.

Ўшанда Apple ва Samsung компаниялари томонидан тақдим этилган сифатли смартфонлар мобил қурилмалар бозорида узоқ йиллар гегемонлик қилган Финляндиянинг Nokia компаниясини том маънода «синдирганди». Nokia ўзи ишлаб чиқараётган смартфонларни янгилаш ва уларни Apple ва Samsung компаниялари тақдим этаётган смартфонлар даражасида тақдим этиш ишларини ортга суриб юборди ва шу туфайли бозордаги мавқейини АҚШ ва Жанубий Корея компаниялари фойдасига йўқотди.

Рақобатга Хитой смартфонлари ҳам қўшилиши
2007 йилда Apple iPhone смартфонларини, 2009 йилда Samsung Galaxy смартфонларини бозорга чиқарар экан, Хитой компаниялари ҳам қўл қовуштириб ўтирмасдан смартфон ишлаб чиқаришни бошлаб юборади ва дунёнинг асосий икки компанияси билан рақобатга киришади. Улар орасида Lenovo, Huawei, ZTE, Xiaomi, HTC каби компаниялар бор эди. Аввалига Хитойда ишлаб чиқарилган смартфонларнинг сифати анча паст эди. Бир муддатдан сўнг уларда турли муаммолар пайдо бўлар ва тез ишдан чиқарди. Шундай бўлса ҳам Хитой компаниялари томонидан ишлаб чиқарилаётган смартфонлар жуда арзонлиги учун улар дунё бозорини аста-секинлик билан эгаллай бошлади. Сифат даражаси ҳам йилдан йилга яхшиланиб бораверди.

2011 йилнинг 3-чорагида Хитой илк марта АҚШни қувиб ўтиб, дунёда энг кўп смартфон ишлаб чиқариб сотган биринчи ўриндаги давлат бўлди. Шуниси эътиборлики, АҚШда ишлаб чиқарилган смартфонлар дунё бўйлаб сотилган бўлса, Хитой смартфонлари асосан Хитойнинг ўзида сотилган. 2011 йилда дунё бозорида АҚШда ишлаб чиқарилган смартфонлардан 23 миллион дона сотилган бўлса, Хитойда ишлаб чиқарилган 24 миллион дона смартфон сотилган. Ўша йили АҚШда смартфонлар савдоси 7 фоизга камайган бўлса, Хитойда 58 фоизга (!) ошган.

2012 йилда дунё бўйлаб 1,5 миллиард дона телефон қурилмалари сотилади ва улардан 990 миллион донасини смартфонлар ташкил этади.

2013 йилда дунё бўйлаб сотилган смартфонлар сони илк марта миллиард донадан ошади. Умумий савдоларда 313,9 миллион дона смартфон сотган Samsung компанияси биринчи ўринни олади. Иккинчи ўринда 153,4 миллион дона смартфон сотган Apple компанияси эгаллайди. Учинчи ўринни 48,8 миллион дона смартфон сотган Хитойнинг Huawei компанияси банд этади. Тўртинчи ўринда 47,7 миллион дона смартфон сотган Жанубий Кореянинг LG компанияси жойлашган бўлса, бешинчи ўринда 45,5 миллион дона смартфон сотган Lenovo (бу ҳам Хитойники) компанияси қайд этилган.

2014 йилга келиб Хитой компаниялари смартфонлар бозорида ўз ўрнини янада мустаҳкамлай бошлайди. Масалан, биргина Huawei компанияси смартфон ишлаб чиқариш кўрсаткичларини 2013 йилдагига қараганда 50 фоизга оширади ва 2014 йилда 75 миллион дона смартфон ишлаб чиқаради. Ёш компаниялар орасида Xiaomi 2014 йилда 17 миллионтадан ошиқ смартфон ишлаб чиқариб, энг яхши кўрсаткичга эга бўлади. Бу 2013 йилда ишлаб чиқарилган смартфонларга нисбатан уч баробар кўп эди. Xiaomi 2013 йилда смартфон бозорида 2,1 фоиз улушга эга бўлган бўлса, 2014 йилда 5,3 фоиз улушга эга бўлади.

2015 йилда жаҳон бўйлаб смартфон ишлаб чиқариш 2014 йилдагига нисбатан 10,3 фоизга ортади ва йил давомида 1,3 миллиард дона смартфон ишлаб чиқарилади. Шундан 40 фоизини Хитой компанияларида ишлаб чиқарилган смартфонлар ташкил этади. Ўша йили Хитой компаниялари жами 539 миллион дона смартфон ишлаб чиқарган. Apple ва Samsung компаниялари кўрсаткичи эса 547 миллион донага тенг бўлган.

2015 йилга келиб дунёдаги смартфон ишлаб чиқарувчи етакчи ўнта компаниянинг еттитаси Хитой компаниялари эди. Ўшанда йил давомида 108 миллион дона смартфон ишлаб чиқарган Huawei компанияси Хитой компаниялари орасида етакчи бўлади. Samsung компанияси эса аксинча 2014 йилдагига қараганда 1,8 фоиз кам смартфон ишлаб чиқаради ва унинг жаҳон бозоридаги улуши 28 фоиздан 25 фоизга тушади.

2016 йилда дунё бўйлаб 1,36 миллиард дона смартфон ишлаб чиқарилади. Шундан 629 миллион донаси Хитой компаниялари ҳиссасига тўғри келади ва бозорда Хитой компаниялари улуши 46 фоизга етади. Samsung ва Apple компаниялари эса жами бўлиб 519 миллион дона смартфон ишлаб чиқарганди. Бу компанияларнинг бозордаги улуши янада камаяди: жанубий кореяликлар 22,8 фоиз, америкаликлар эса 15,3 фоиз улушга эга эди.

2017 йилда Хитой компаниялари ишлаб чиқариш қувватини янада оширади. Ўша йили жаҳон бўйлаб 1,46 миллиард дона смартфон ишлаб чиқарилади. Компаниялар орасида энг яхши натижа Xiaomi томонидан қайд этилади. Компаниянинг ўсиш кўрсаткичи 2016 йилдагига қараганда 76 фоизга ошганди. Ушбу компанияда ишлаб чиқарилган Redmi Note моделидаги қурилма жуда муваффақиятли чиқади. Шунингдек, Хитойнинг яна иккита команияси Oppo ва Vivo ҳам ўз ишлаб чиқариш суръатларини 17,8 ва 19,5 фоизга оширади.

2018 йилда дунё бўйлаб 1,41 миллиард дона смартфон ишлаб чиқарилади. Дунё смартфон бозорида етакчи ўринларни эгаллайдиган тўрт компанияси Huawei, Oppo, Vivo ва Xiaomi 2018 йилда дунё смартфон бозорида жами 69 фоиз улушга эга эди (2017 йилда 63 фоиз). Ўша йили Хитойда салкам 1 миллиард дона смартфон ишлаб чиқарилган. Чин юртида энг кўп смартфонни Huawei 206 миллион дона, Xiaomi 122,6 миллион дона, Oppo 113,1 миллион дона ишлаб чиқаради.

2019 йилда Huawei компанияси дунё бўйлаб смартфонлар ишлаб чиқариш ва сотиш кўрсаткичи бўйича илк марта Apple компаниясини қувиб ўтиб, Samsung компаниясидан сўнг иккинчи ўринни эгаллади. 2019 йилда Samsung жами 295,7 миллион дона смартфон ишлаб чиқарди ва дунё смартфон бозорида 20 фоиз улушга эга бўлади. Huawei 240,6 миллион дона смартфон ишлаб чиқариб 17,6 фоиз улушга эгалик қилади. Apple эса 191 миллион дона смартфон ишлаб чиқарганди - 13,9 фоизлик улуш. Тўртинчи ўринга Хитойнинг яна бир компанияси Xiaomi жойлашди. Бу компания 2019 йилда 125,6 миллион дона смартфон ишлаб чиқариб сотган ва бозорнинг 9,2 фоиз улушига эга бўлган.

Соҳа мутахассисларининг тахминларига кўра, яқин йилларда Хитой компаниялари нафақат смартфонлар, балки бошқа мобил қурилмалар ишлаб чиқаришда ҳам Apple ва Samsung компанияларини бозордан батамом сиқиб чиқаради.

Хитойнинг энг кўп смартфон ишлаб чиқараётган компаниялари

Xiaomi бош директори Лей Жун компания флагман смартфонлари - 5G Mi 10 ва Mi 10 Pro тақдимотида. Пекин, 2020 йил 13 февраль.
Alkatel OneTouch
2013 йилда Хитой компанияси французлардан TCL компаниясини сотиб олди ва уни Alkatel OneTouch деб қайта атади. Ўшандан бери бу компания ҳам смартфон ишлаб чиқариш кўрсаткичларини давомли равишда ошириб келмоқда. Бугун ушбу компанияда смартфон ишлаб чиқаришда дунёда ўнинчи, Хитойда эса еттинчи ўринни эгаллайди. Компания 2014 йилда АҚШ ва Канадада оммабоп бўлган Palm брендини сотиб олади ва 2018 йилдан шу бренд остида ҳам смартфонлар ишлаб чиқара бошлади.

Coolpad
Ушбу компания 1993 йилдан бери фаолият юритади. Компания смартфонлари асосан ички бозорда сотилади. У Хитойда сотилаётган смартфонлар кўрсаткичи бўйича Xioami ва Lenovo компанияларидан кейин учинчи ўринда туради. Бу компания маҳсулотлари Европада ҳам муваффақиятли сотилмоқда.

Gionee
Сўнгги йилларда ушбу компания йилига 25 миллион донадан смартфон ишлаб чиқариб сотишга эришган. Албатта, йилига 400 миллион дона смартфон ишлаб чиқариб сотаётган Samsung компанияси олдида бу компания анча камтар кўринади. Аммо компания ўсишдан тўхтаб қолмаяпти ва кейинги йилда смартфон ишлаб чиқарувчи компаниялар орасида кучли бешликка киришни мақсад қилган. Компания сўнгги йилларда Хитойдан ташқари Ҳиндистон бозорининг ҳам анча қисмини эгаллашга муваффақ бўлди.

Huawei
Ушбу компания бир неча йил давомида смартфон ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича Samsung ва Apple компанияларидан сўнг учинчи ўринда бўлиб келди. 2019 йилга келиб вазият ўзгарди ва компания смартфон ишлаб чиқариб сотиш бўйича илк марта Apple компаниясини ортда қолдириб иккинчи ўринга кўтарилди. Жорий йилнинг иккинчи чораги ҳисоботига кўра ҳам компания смартфонлар савдоси бўйича Samsung компаниясини ортда қолдириб, дунёда биринчи ўринга чиқди. Компания охирги йилларда G5 тизимида ишлайдиган смартфонлар ишлаб чиқаришга ҳам катта эътибор беряпти.

Lenovo
Ушбу компания 1983 йилда бошқа ном остида тузилган ва 2003 йилда ҳозирги номини олган. Компания узоқ йиллар шахсий компьютерлар ва ноутбуклар ишлаб чиқаришда етакчи компаниялардан бири бўлиб келмоқда. 2013 йилда компания смартфон ишлаб чиқаришни бошлади ва 2014 йилда АҚШнинг Google концернидан Motorola компаниясини 2,9 миллиард долларга харид қилади. Шундан сўнг смартфон ишлаб чиқаришни кенгайтирган компания бугун смартфон ишлаб чиқарувчи компаниялар орасида 9-ўринни эгаллайди.

OnePlus
Ушбу компанияни 2013 йилда Хитойнинг яна бир таниқли Oppo компаниясида вице-президент бўлиб ишлаган Пит Лау томонидан ташкил этилган. Компания қисқа вақт мобайнида смартфонлар бозорида ўз ўрнига эга бўлди. Ушбу компания ҳам нафақат Хитой бозорида, балки Ҳиндистон бозорида ҳам анча машҳур. Шунингдек ушбу компания маҳсулотлари АҚШда ҳам машҳур бўлиб бормоқда. Ушбу компания томонидан ишлаб чиқарилган OnePlus 7 Pro смартфони 2020 йилда ишлаб чиқарилаётган энг яхши 7та смартфони рўйхатидан жой олди.

Oppo
Ушбу компания ҳам нисбатан анча ёш ҳисобланади. У 2001 йилда ташкил этилган. 2011 йилда компания ўзининг илк смартфонларини ишлаб чиқара бошлаган. 2019 йилда компания умумий бозорда 120,2 миллион дона смартфон сотиб бешинчи ўринни эгаллади. 2013 йилда компания халқаро бозорга чиққан. Жорий йилда компания 5G тармоғини ривожлантириш учун Европадаги энг йирик уяли алоқа компанияларидан бири бўлган Vodafone компанияси билан ўзаро ҳамкорлик ҳақида шартнома имзолади.

Tecno
Ушбу компания ҳам нисбатан ёш компаниялардан бири ҳисобланади. Компания 2006 йилда ташкил этилган. Барча компаниялар дунёнинг ривожланган давлатларидаги бозорларни эгаллаш пайида бўлганида Tecno улардан фарқли равишда 2008 йилда Африка бозорини эгалашга киришади. 2012 йилда илк смартфонни ишлаб чиқарган компания маҳсулотлари бугун Хитойдан кўра Африкада, шунингдек Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш каби мамлакатларда машҳурроқ. Дарвоқе, TECNO Mobile Англиянинг «Манчестер Сити» жамоаси билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзолаган. Компания бугун смартфон ишлаб чиқарувчи компаниялар ўнталигидан ўрин олган.

Xiaomi
Ушбу компания 2010 йилда иш бошлаганига қарамасдан, бугун нафақат Хитойда, балки жаҳонда смартфон ишлаб чиқарувчи энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади. Xiaomi’нинг қисқа муддатда жуда тез суратлар билан муваффақият қозонишида компанияга 2013 йилда Google Android’нинг собиқ вице-президенти Ҳюго Барра таклиф этилиши бўлган. Бразилиялик мутахассис 2017 йилгача Xiaomi’нинг Хитой ва бутун Осиё учун маҳсулот ишлаб чиқарадиган бўлимини бошқарган. Бугун Xiaomi ўз маҳсулотларини бутун дунё бўйлаб сотяпти. Компания йилдан йилга ишлаб чиқариш қувватини ва жаҳон смартфон бозоридаги улушини кўпайтириб бормоқда. Компания 2019 йил кўрсаткичларига кўра дунёдаги смартфон ишлаб чиқарувчи ва сотувчи компаниялар орасида тўртинчи ўринни эгаллаган.

ZTE
Ушбу компания АҚШга смартфон етказиб берадиган компаниялар орасида 4-ўринда туради. 2016 йилда компания смартфон ишлаб чиқариш ва сотиш кўрсаткичлари бўйича Хитойда 5-ўринда, дунё бўйича эса 8-ўринни эгаллаган.

Юқоридаги компаниялар нафақат Хитойда, балки дунё смартфон бозорида юқори ўринларда турувчи компаниялар ҳисобланади. Улардан ташқари Хитойда яна кўплаб ўрта ва кичик компаниялар смартфон ишлаб чиқаряпти. Мутахассисларнинг тахминларига кўра, Хитой яқин йилларда дунё смартфон бозорида мутлақ етакчилик қила бошлайди. Бунда сўнгги йилларда ташкил этилган ва бугун смартфон бозорида ўз ўрнини топишга уринаётган янги компанияларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлади.

Улар сафига Vivo, Meizu, Umi, Elephone, Smartisan, Mlais, No.1 каби компанияларни қўшиш мумкин.

2020 йил кўрсаткичлари
2020 йилнинг биринчи чорагида коронавирус тарқалиши ортидан эълон қилинган карантин туфайли дунё бўйлаб бошқа соҳаларда бўлгани каби смартфонлар савдосида ҳам кескин пасайиш кузатилди. 2019 йилнинг биринчи чорагида дунё бўйлаб 330,4 миллион дона смартфон сотилган бўлса, жорий йилда 299,1 миллион дона смартфон сотилган. Хитойлик смартфон ишлаб чиқарувчи компаниялар бу йил ҳам Samsung ва Apple компаниялари билан жиддий рақобат қилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Samsung дунё бўйлаб жами 58,3 миллион дона смартфон сотган ва умумий бозорнинг 21 фоиз улушига эга бўлган. Иккинчи ўринни Huawei эгаллаган. Ушбу компания 2020 йилнинг биринчи чорагида дунё бўйлаб жами 48,5 миллион дона смартфон сотган (18 фоизлик улуш).

Учинчи ўринда Apple жойлашган. Компания 39,2 миллон дона смартфон сотишга муваффақ бўлган (14 фоизлик улуш). Кейинги ўринни Xiaomi эгаллаган - компания дунё бўйлаб 27,5 миллион дона смартфон сотишга эришган. Қизиғи, ушбу компания 2019 йилнинг биринчи чорагида ҳам 27,5 миллион дона смартфон сотган ва умумий бозорда 8,3 фоиз улушга эга бўлганди. Бу йил бошқаларнинг натижаси пасайиши ҳисобига бозордаги улуш 10 фоизга чиққан. Рўйхатда бешинчи ўринни Хитойнинг яна бир компанияси OPPO эгаллаган. Бу компания 2020 йилнинг биринчи чорагида дунё бўйлаб 22,6 миллион дона смартфон сотишга эришган ва умумий бозорнинг 8,2 фоизига эгалик қилган.

2020 йилнинг иккинчи чорагида Huawei смартфонлар бозорида биринчи ўринга кўтарилди. Компания иккинчи чоракда 58,8 миллион дона смартфон сотган – бу бозордаги улушнинг 20 фоизига тенг. Иккинчи ўринда 53,7 миллион дона смартфон сотган Samsung (бозор улушининг қарийб 20 фоизи) жойлашган. Кейинги ўринларда Apple 37,5 миллион дона (14 фоизлик улуш), Xiaomi 26,5 миллион дона (10 фоизлик улуш) ва OPPO 24,5 миллион дона (9 фоизлик улуш) смартфон сотган.

Келажакда...
Соҳа мутахассисларининг тахминларига кўра, яқин келажакда Хитой компаниялари смартфон бозорининг 80 фоиз улушини эгаллаши мумкин. Қолган 20 фоизлик улуш Samsung ва Apple компаниялари ўртасида тақсимланади. Бундай тахмин билдирилишига сабаб шуки, Хитойда ишчи кучи арзонлиги туфайли бу мамлакатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархи дунёнинг ривожланган мамлакатларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархига нисбатан 2-3 баробар арзон бўлади. Бунинг устига Хитойнинг ўзи ҳам қарийб 1,4 миллиард аҳолиси билан улкан бозор ҳисобланади.

Қолаверса, Хитой компаниялари томонидан ишлаб чиқарилаётган смартфонларнинг сифати йилдан йилга яхшиланиб боряпти. Шу омиллар ҳисобига бундан буёғига ҳам Хитой компанияларининг смартфон ишлаб чиқариш ва сотиш кўрсаткилари янада ошиб боравериши, Samsung ва Apple компанияларида эса, аксинча ишлаб чиқариш кўрсаткичлари пасайиб кетавериши тахмин қилинмоқда. Тўғри, Samsung ва Apple компаниялари ҳам ўз ишлаб чиқариш корхоналарини ишчи кучи арзон бўлган мамлакатларга кўчириши мумкин. Аммо, барибир нарх масаласида улар Хитой компаниялари билан рақобатлаша олмайди.

Хулоса
Бир пайтлар мобил қурилмалар бозорида Nokia гегемонлик қилиб юрганида ҳеч ким орадан бир неча йил ўтиб бу соҳада Хитой компаниялари етакчи ўринларга чиқишини тахмин ҳам қилмаган. Дунёда иқтисодий ривожланган давлатлар кўп. Аммо улар орасида фақат Хитой тадбиркорлари келажакни ўз вақтида кўра олишди ва мобиль қурилмалари, жумладан смартфон ишлаб чиқариш учун ўз сармояларини тикишди. Бугун ўша сармоялар ўзини оқлаяпти ва натижада Хитой компаниялари смартфон бозорида етакчиликни қўлга олишди. 7 миллиарддан ошиқ аҳоли яшайдиган Ер юзида инсонлар учун муҳим бўлган смартфонларнинг асосий қисмининг Хитойда ишлаб чиқарилишининг ўзи ҳам Хитой мўъжизаларидан бири ҳисобланади. Нима дедингиз?

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Хитой компаниялари сўнгги ўн йилда смартфонлар бозорини қандай забт этди?