22:14 / 05.11.2021
2 044

Интернет чекланиши юзага келтирадиган 8 хавотир: нималарни йўқотишимиз мумкин?

Интернет чекланиши юзага келтирадиган 8 хавотир: нималарни йўқотишимиз мумкин?
Фото: Getty Images
Ижтимоий тармоқларнинг блокланиши билан боғлиқ можаро кун тартибида турибди: ҳукумат қонунчилик ижросини таъминлай олмаслик ёки қонунларни чуқур мулоҳаза билан қабул қилмаслик ўртасида қолди.

3 ноябрь куни «Ўзкомназорат» томонидан Теlegram, YouTube, Instagram, Facebook ва Оdnoklassniki каби ижтимоий тармоқлар маълум муддат давомида блокланди. Бунга қадар эса июль ойида TikTok, Тwitter, Skype, «ВКонтакте»нинг Ўзбекистондаги фаолияти чекланганди.

Бу ҳаракатлар «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27-1-моддаси доирасида Facebook, Google, Теlegram ва бошқа сервислар Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларини жисман Ўзбекистон ҳудудида сақлаш шартларини бажармагани учун амалга оширилган.

Оммабоп ижтимоий тармоқларнинг Ўзбекистон ҳудудида чеклаб қўйилиши бир қанча салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Биринчидан, ўтган давр мобайнида ваъда қилинган ислоҳотлар учун жамоатчилик ишончига жуда катта путур етади. Йўқотилган ишончни қайтиб тиклаш эса осон бўлмаслиги аниқ. Давлатга нисбатан халқнинг ишончи юқори бўлсагина, барқарор сиёсий тизим ва иқтисодий тараққиёт ҳақида гапириш мумкин.

Иккинчидан, Ўзбекистон ҳукумати блоклаётган тармоқларга муқобил (альтернатив) вариант таклиф қила олмайди. Ижтимоий тармоқларни қайсидир маънода фикр ва ғоялар макони дейиш мумкин. Сифатли ва текин ахборот қабул қилиш имконияти мавжуд бўла туриб, технологик жиҳатдан тараққий этмаган мамлакатда интернетни «болқонлаштириш» сиёсати эса мантиқсизликдир.

Учинчидан, Теlegram ёки YouTube’дан фойдаланиш чеклаб қўйилди ҳам дейлик. Одамлар маълумот қабул қилишга бўлган эҳтиёжини ҳар қандай тўсиқни айланиб ўтадиган VPNʼдан фойдаланиш орқали қондира бошлайди. Оммавий равишда бунга ўтилса, давлат назорат қилиш имкониятини (турли террористик, порнографик, қимор ўйинларини ёки зўравонлик ва конституциявий тузумга қарши турли ҳаракатларга тарғиб қилувчи сайтларни) бой беради.

Тўртинчидан, республика бўйлаб кўплаб компания ва ишлаб чиқариш субъектлари потенциал мижозларини ижтимоий тармоқларга реклама жойлаштириш орқали топмоқда. Сўнгги йилларда онлайн хизматлар сони кескин ошди. Чекловлар киритилиши эса уларнинг молиявий ҳолатига жиддий зарба беради ва тадбиркорлик муҳити ривожланишига тўсиқ бўла бошлайди.

Давлат бюджетини шакллантирувчи асосий омиллардан бири тадбиркорлик субъектлари томонидан тўланадиган солиқлар ҳисобланади. Шундай экан, бунда давлатнинг ўзи ҳам сезиларли тарзда зарар кўради. NetBlocks халқаро нодавлат ташкилоти ҳисоб-китобига кўра, Facebook, YouTube ва Instagram’ни икки соатга блоклаш Ўзбекистонга 194 минг 937 долларга тушган.

Бешинчидан, бу мамлакатнинг интеллектуал жиҳатдан ривожига рахна сола бошлайди. Хусусан, ҳозирда кўп ёшлар YouTube платформаси орқали хорижий тилларни ўрганмоқда, таниқли олимларнинг маърузаларидан текинга фойдаланиш имкониятига эга. Facebook, Twitter каби тармоқларда кўплаб бизнес услублари, янги инновацион тақдимотлар ёки юкланган видеолар орқали кундалик ҳаётда ишлатиш мумкин бўлган технологияларни ўрганиш мумкин.

Шунингдек, кўплаб бизнес тренингларни кузатиш имконияти бор. Тармоқ блокланиши натижасида маълумотлар оқимининг келиши ҳам тўхтайди. Натижада дунёдан узилиб қолиш тенденцияси бошланади.

Олтинчидан, давлат раҳбари амалга ошираётган ташқи сиёсат очиқлик принципларига асосланган. Мантиқсиз чекловлар эса Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглар ва ҳар хил индекслардаги ўрнига таъсир этмай қолмайди. Натижада мамлакатдаги инвестицион муҳит ёмонлашиб кетади. Хорижий инвесторлар кириб келиши камаяди. Туризмни ривожлантириш ҳақидаги мақсадлар ва режалар орзуга айланади.

Еттинчидан, ҳукуматнинг ўзи ҳам кўплаб давлат хизматларини амалга оширишда Telegram тармоғидан фойдаланиб келмоқда. Пенсия ва нафақа олувчи шахсларга давлат пенсия таъминоти соҳасида ахборот берувчи махсус «Пенсия» боти (@pensiyauzbot), eJarima.uz расмий телеграм-боти, самарали жамоатчилик назоратини ташкил этиш мақсадида «ЕР НАЗОРАТИ» махсус телеграм-боти кабилар кичик бир мисоллар, холос. Хўш, электрон хизматлар ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга интилаётган ҳукумат бу каби бўшлиқларни қандай тўлдиради?

Саккизинчидан, кечаги муаммоли вазият 150 нафар депутат қабул қилиб, 100 нафар сенатор маъқуллаб, кейин имзоланган қонун сабабли юзага келди. Бу эса хаосни юзга келтирмоқда: ҳукумат қонунчилик ижросини таъминлай олмаслиги ёки қонунларни чуқур мулоҳаза билан қабул қилмаслиги ўртасида танлов орасида қолди.

Ушбу қонун орқали Ўзбекистон ҳукумати ўз мақсадига эришиши мумкинмиди?
Telegram, Google, Facebook каби гигант компаниялар учун Ўзбекистон бозори унчалик муҳим эмас, агар сервер ўрнатиш харажатлари ва хавфсизлик томонлари уларга тўғри келмаса ёки имижига таъсир ўтказса, бемалол чиқиб кетишлари мумкин.

Шу ўринда Telegram асосчиси Павел Дуровнинг сентябрь ойида айтган қуйидаги фикрларини келтириб ўтиш мумкин:

«Тарихимиз билан таниш бўлган ҳар бир киши яхши биладики, Telegram ҳукуматлар билан кураша оладиган ва курашган биринчи илова. Биз буни Ҳонгконгдан Беларусгача бўлган кўплаб авторитар мамлакатларда бир неча бор исботладик. Эрон мухолифатни ахборот тарқатиш платформасидан маҳрум қилишни талаб қилганида, Telegram 40 миллион фойдаланувчини эмас, балки блокировкани афзал кўрди. 2018 йилда ҳам Россия ҳукуматининг блокировка қилиш хавфи остида шифрни ошкор қилиш талабларига жавобан шунга ўхшаш қарор қилгандик. Мен учун юз миллионлаб Telegram фойдаланувчиларининг манфаатлари ҳар доим ҳар қандай сиёсий куч манфаатларидан кўра муҳимроқ бўлган. Telegram эркинлик ва соғлом фикрни ҳимоя қиладиган платформадир», деганди у.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев таъкидлаб ўтганидек, кеча бизнинг қуртлаган тишимиз қаттиқ безовта қилгани учун вақтинча оғриқ қолдирадиган дори ичдик. Аммо қуртлаган тиш ҳалиям турибди. У ҳали яна оғриши мумкин. Бунга ҳеч ким кафолат бера олмайди.

«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун қайта кўриб чиқилишга муҳтож. Кенг жамоатчилик ушбу қонунни президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган очиқлик сиёсатига қарши ҳаракат деб баҳоламоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Интернет чекланиши юзага келтирадиган 8 хавотир: нималарни йўқотишимиз мумкин?