date

Нотўғри овқатланиш сиқилишга олиб келиши мумкин

Нотўғри овқатланиш сиқилишга олиб келиши мумкин
Овқатланиш нафақат жисмоний, балки руҳий саломатликка ҳам катта таъсир кўрсатиши мумкин. Яқинда “Science World Report” нашрида чоп этилган янги тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, тўғри парҳез қоидаларига амал қилиш оғир руҳий сиқилиш ҳолатларини сезиларли даражада камайтиришга ёрдам беради, деб zamin.uz хабар берди.

. Тадқиқотда ўртача ва оғир руҳий сиқилишдан азият чекувчи 67 нафар киши иштирок этган. Улар икки асосий гуруҳга ажратилган: биринчи гуруҳга ижтимоий ёрдам кўрсатилган бўлса-да, улар овқатланишга эътибор бермаган. Иккинчи гуруҳ эса махсус парҳез асосида озиқланган — улар рационларига сабзавот, мевалар, ёғсиз гўшт ва бошқа фойдали моддаларни ўз ичига олган таомларни киритишган.

. Бир неча ҳафтадан сўнг иккинчи гуруҳ иштирокчиларининг руҳий сиқилиш даражаси 30 фоизга камайгани қайд этилган. Биринчи гуруҳда эса ўзгариш нисбатан паст — атиги 8 фоиз бўлган.

. Мутахассислар мазкур натижаларни жиддий баҳолаш кераклигини таъкидламоқда. Уларга кўра, инсон руҳияти фақат ташқи муҳит ва ижтимоий омиллар эмас, балки овқат орқали организмга кириб борадиган моддалар билан ҳам бевосита боғлиқ.

. Колумбия университети шифокори доктор Дрю Ремсининг таъкидлашича,тайёр маҳсулотларни кўп истеъмол қилиш руҳий ҳолатни издан чиқариши мумкин. Унинг ҳисоб-китобига кўра, бундай овқатлар билан мунтазам озиқланадиган инсонларда депрессияга чалиниш хавфи 60-80 фоизга ошади.

. Тескариси, тўғри парҳез ушбу касалликка чалиниш эҳтимолини айнан шунча — 60-80 фоизга камайтиради. Бу организмга антиоксидантлар, Омега-3 ёғ кислоталари, В витамини каби моддаларнинг етарлича кириши билан боғлиқ бўлиб, улар руҳий барқарорликни сақлашда муҳим ўрин тутади.

. Тадқиқотдан чиқарилган асосий хулоса шундан иборатки, тўғри овқатланиш нафақат саломатлик, балки психологик барқарорлик учун ҳам асосий омиллардан бири саналади. Мутахассислар ҳар бир инсон ўз кундалик рационларини қайта кўриб чиқиши ва руҳий саломатлик учун керакли озиқ моддаларни етарлича қабул қилиши лозимлигини таъкидламоқда.

. Бу борада нафақат парҳез, балки овқатланиш одатлари, истеъмол қилинаётган маҳсулотлар таркиби, вақт ва миқдорга ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим. Чунки инсон қайси маҳсулотни танлаши унинг кайфияти ва ақлий ҳолатига бевосита таъсир қилади.

. Руҳий мувозанат учун ҳар куни етарлича мевалар, кўк сабзавотлар, омега-3 манбалари, сут маҳсулотлари ва табиий антиоксидантларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Нерв тизимига зарарли таъсир кўрсатувчи газаклар, тез тайёр овқатлар ва ширинликларни эса чеклаш мақсадга мувофиқ.

. Ҳозирда бутун дунёда депрессия ва стресс билан боғлиқ касалликлар кенг тарқалган бир пайтда, парҳезга асосланган ёндашув бу муаммони енгиллаштиришда самарали йўллардан бири бўлиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Нотўғри овқатланиш сиқилишга олиб келиши мумкин