date

Луврда йирик ўғирлик: Наполеон даврига оид бойликлар йўқолди

Луврда йирик ўғирлик: Наполеон даврига оид бойликлар йўқолди

Франция пойтахти Парижда жойлашган дунёдаги энг машҳур музей — Луврда жуда катта ўғирлик содир бўлди. 19-октябрь куни номаълум шахслар Наполеон Бонапарт даврига тегишли ноёб заргарлик буюмларини музейдан олиб чиқиб кетган. Бу ҳақда “Bild” нашри маълум қилди.

Маълумотларга кўра, жиноятчилар музейнинг Сен дарёси томон жойлашган қисмига қурилиш майдони орқали киришган. Улар ойнани синдириб, эҳтиёткорлик билан ичкарига йўл очишган. Ўғирланган ашёлар орасида Наполеоннинг рафиқаси Жозефинага тегишли бўлган, тарихий қиймати жуда баланд саналган брош, тиара ва безакли ғилоф каби тўққизта ноёб буюм бор.

Франция маданият вазири Рашида Дати ҳодисани расман тасдиқлаб, жабрланганлар йўқлигини билдирган. Ҳозирда Лувр музейи вақтинча ёпилган бўлиб, полиция ва терговчилар воқеа жойида иш олиб бормоқда.

Франция Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ўғирлик бўйича Интерпол даражасида қидирув ишлари бошланган. Шу билан бирга, музейнинг хавфсизлик тизими тўлиқ қайта кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Маҳаллий манбалар таъкидлашича, ушбу воқеа нафақат Лувр, балки бутун Европа музейлари учун жиддий сабоқ бўлиши мумкин. Санъатшунослар бу ҳодисани “сўнгги йилларда Европада содир бўлган энг йирик маданий ўғирлик” сифатида баҳоламоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал ҳам Наполеон Бонапартга тегишли қимматбаҳо қилич аукцион орқали сотилган эди. Энди эса унинг даврига оид буюмлар яна қимматли тарихий йўқотиш сифатида тилга олинмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Луврда йирик ўғирлик: Наполеон даврига оид бойликлар йўқолди