Диққат етишмаслиги ва гиперактивлик бузилишидан (ДEҲБ) азият чекаётган Ханна Кендрик исмли қиз 15 йилдан бери ҳар кеча бир хил мультфильмни — “Рататуй”ни томоша қилиб ухлайди, деб ёзади The Guardian.
Ханнанинг сўзларига кўра, у болалигидан бошлаб уйқу билан боғлиқ муаммоларга дуч келган. У ўша пайтларда синглиси билан бир хонада яшаган ва улар телевизорни ёқиб ухлаб қолишган. “Ўсмирлик давримда бу менга одат бўлиб қолди. Мен бирор фильм танлаб, уни ҳафталар давомида қайта-қайта томоша қилардим — янгиси чиқмагунча”, — дейди у.
Унинг айтишича, “Рататуй” уни тинчлантирадиган мультфильмга айланганининг сабаби саундтрекда:
“Унда кескин портлашлар ёки қўрқинчли саҳналар йўқ. Фақат ошхона товушлари — енгил ғўнғирлаш ва вақти-вақти билан идишларнинг жаранглаши бор, холос”.
Бугунга келиб, Ханна 15 йилдирки ҳар кеча ушбу Пихар мультфильмини ёқади. Бу одат унга беш дақиқада ухлаб қолишга ёрдам беради.
“Баъзан ҳатто хафа бўламан — чунки жуда тез ухлаб қоламан ва фильмни тўлиқ томоша қила олмайман. 15 йил давомида ҳар куни кўрсам ҳам, ҳанузгача томоша қилинмаган жойлари бордек туюлади”, — дейди у кулиб.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!