Хитойда қўлланилаётган технологиялар яна бир қадам олдинга силжиди — энди полиция хизматида сунъий интеллектли робот-итлар ҳам хизмат қила бошлади. Global Times нашрининг ёзишича, Ханчжоу шаҳридаги кўчаларда махсус патрул вазифасини бажарувчи интеллектуал роботлар синовдан ўтказилмоқда.
Таъкидланишича, бу қурилмалар ой охиригача тўлиқ полиция таркибига қўшилиши режалаштирилган. Улар юқори аниқликдаги камералар, ҳаракат сенсорлари ва сунъий интеллект тизими билан жиҳозланган. Шунинг ҳисобига роботлар атрофдаги муҳитни мустақил таҳлил қилиб, реал вақтда қарор қабул қила олади.
Робот-итлар асосан йўл қоидаларини бузган ҳолатларни, айниқса тақиқланган жойларда тўхтаган автомобилларни аниқлаш, жамоат тартибини кузатиш ва хавфсизликни таъминлашда фойдаланилади. Полиция ходимларига ёрдамчи сифатида улар кундузи ҳам, кечаси ҳам патрул вазифасини бажариши мумкин.
Мутаҳассислар фикрича, бундай лойиҳалар Хитойда хавфсизлик тизимини рақамлаштириш ва автоматлаштириш йўлидаги муҳим босқич ҳисобланади. Айрим экспертлар робот-итлар инсонни бутунлай алмаштира олмайди, лекин хавфли ҳудудларда ёки фавқулодда ҳолатларда улар жуда самарали бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Бу тажриба Ханчжоуда муваффақиятли ўтса, лойиҳа бошқа шаҳарларда ҳам жорий этилиши кутилмоқда. Хитой ҳукумати бу орқали хавфсизликни янги даражага олиб чиқишни мақсад қилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!