Peopletalk ёзишича, бугунги кунда “боғдорчилик терапияси” деб аталувчи алоҳида йўналиш шаклланган. Унинг асосий мақсади — ўсимлик парвариши ва боғ ишлари орқали руҳий ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш.
Калифорния штат университети (Long-Bich) ўқитувчиси Карен Ханейнинг таъкидлашича, ҳафтасига бир неча маротаба 20–30 дақиқа боғ билан шуғулланиш стрессни камайтиради ва кайфиятни яхшилайди. Қанчалик тез-тез шуғулланса, фойда ҳам шунчалик ортади.
Мутахассисларнинг кузатувларига кўра, боғдорчилик ташвиш ва тушкунликни камайтирибгина қолмай, инсонда хотиржамлик, мақсад ва муваффақият туйғусини мустаҳкамлайди.
Бир тадқиқот натижаларига кўра, атайлаб боғ ишларига вақт ажратадиганлар кучлироқ ижтимоий алоқаларга эга бўлиб, стресс даражаси пасайгани ва толага бой озиқ-овқат истеъмоли қарийб 7 фоизга ошгани кузатилган.
Шунингдек, боғдорчилик турли касалликлар — депрессия, юқори қон босими, 2-тоифа диабет ва ҳатто саратон хавфини камайтиришга ёрдам бериши мумкин. Тадқиқотда қатнашганлар ҳафталик жисмоний фаоллик ўртача 42 дақиқага ошганини ҳам қайд этишган, бу боғ ишлари билан шуғулланмаганларда кузатилмаган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!