“Сикада” штамми хавф туғдирадими ёки хавотирга ўрин йўқми?

COVID-19’нинг янги “Сикада” штамми 20 дан ортиқ мамлакатда аниқланган бўлса-да, у ҳозирча жиддий хавф туғдирмаяпти. Ушбу вариант асосан енгил симптомлар билан намоён бўлиб, кўпроқ болалар орасида учрамоқда. Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарор бўлиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ортиқча хавотирга ўрин йўқлигини таъкидламоқда. Фақатгина хавф гуруҳидаги шахсларга эҳтиёт чораларига амал қилиш тавсия этилади.
COVID-19’нинг “Сикада” (БА.3.2) деб номланган янги штамми сўнгги кунларда бир қатор давлатларда қайд этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ушбу вариант 20 дан ортиқ мамлакатда аниқланган бўлса-да, ҳозирча у жиддий эпидемиологик хавф сифатида баҳоланмаяпти.
Мутахассислар фикрича, “Сикада” штамми асосан енгил кечувчи симптомлар билан намоён бўлади. У Омикрон турига ўхшаш бўлиб, бурун битиши, йўтал, томоқ оғриғи ҳамда айрим ҳолларда ҳид ва таъм сезишнинг йўқолиши каби белгиларни келтириб чиқаради.
Маълумотларга кўра, ушбу штамм кўпроқ болалар орасида учрамоқда. Бу ҳолат катталарда шаклланган иммунитет билан изоҳланмоқда. Шу билан бирга, сурункали касаллиги борлар, кексалар ва иммунитети паст шахслар эҳтиёт чораларига амал қилиши тавсия этилмоқда.
Ўзбекистонда эса эпидемиологик вазият барқарор экани қайд этилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Сикада” штамми кенг кўламли эпидемия келтириб чиқариши эҳтимоли пастлигини билдириб, ортиқча хавотирга ўрин йўқлигини таъкидламоқда.































Изоҳлар 0
…