O‘zLiDePнинг устувор вазифалари муҳокама қилинди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

O‘zLiDePнинг устувор вазифалари муҳокама қилинди

O‘zLiDePнинг устувор вазифалари муҳокама қилинди

2016 йил 16 декабрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги кенгайтирилган қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” мавзуидаги маърузаси ҳамда ундан келиб чиқувчи вазифаларни ҳар томонлама муҳокама қилишга қаратилди.

Мустақиллик йилларида Бош қомусимиз мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асоланган иқтисодиёт барпо этишнинг мустаҳкам пойдеворига айлангани таъкидланди. Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ташаббуси билан Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилди. Бош қомусимиз фуқароларнинг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилди, мамлакатда сиёсий партияларнинг эркин фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратди ҳамда очиқ ва ошкора сайлов тизими тамойилларини мустаҳкамлаб қўйди.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи зикр этилган маърузасини атрофлича муҳокама қилиш давомида мажлис иштирокчилари аҳоли, партия электорати билан ишлаш самарадорлигини янада юксалтириш лозимлигини қайд этдилар.

Таъкидланганидек, инсон манфаатларини ишончли таъминлаш жараёнида фаол иштирок этиш партия фаолиятининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоғи лозим. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан алоҳида таъкидланган халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган ҳақиқат партиянинг бу борадаги саъй-ҳаракатларига дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинган 2017 йилда аҳоли билан мулоқот қилишнинг самарали тизимини йўлга қўйиш O‘zLiDePнинг муҳим вазифалари сирасига киради.

Ушбу вазифанинг бажарилиши Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига фуқароларнинг мақсад ва манфаатларини рўёбга чиқарадиган куч сифатида одамлар ҳаётидаги муаммолардан доимо хабардор бўлиш имконини беради. Айни пайтда турли соҳалардаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларининг ноқонуний текширувларига чек қўйиш, уй-жой қурилиши, коммунал, транспорт ва савдо хизмати, энергия таъминотини, йўлларнинг ҳолатини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан келиб чиқувчи яна бир муҳим вазифа давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастуридан жой олган, ҳозирги кунда ишлаб чиқилаётган, одамлар турмуши даражаси ва сифатини юксалтиришга қаратилган мақсадли дастурлар ижросини таъминлашда фаол иштирок этишдан иборат.

O‘zLiDeP фракцияси аъзолари бугунги кунда қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсирини кучайтириш, уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги ролини ошириш муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида таъкидладилар. Шу муносабат билан O‘zLiDeP депутатлик корпуси ўз фаолиятида қонунларнинг тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларига жиддий эътибор қаратиши қатъий партия назорати остига олиниши қайд этилди. Бу фуқаролар, тадбиркорлар ва чет эл сармоядорларининг мамлакатимиз қонунчилик тизимига ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу борадаги ишларни ташкил этишда қонун лойиҳаларини пухта ва ижтимоий муносабатларни тўғридан-тўғри тартибга соладиган даражада ишлаб чиқиш, идоравий ҳужжатларни кескин қисқартириш зарурлиги таъкидланди.

O‘zLiDePдан вакиллик органларига сайланган депутатлар олдида турган яна бир муҳим вазифа – қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлашдан иборатдир. Мажлисда таъкиданганидек, қонунлар ижросини ташкил этиш бўйича аниқ ишлайдиган механизм яратиш жараёнида O‘zLiDePнинг муносиб иштирок этиши давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган ушбу вазифанинг нечоғли самарали бажарилаётганини кўрсатувчи мезон бўлиб хизмат қилади.
Мажлисда кўриб чиқилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати



Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.