15:05 / 10.06.2024
207

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун кимларга таъсир қилади?

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун кимларга таъсир қилади?
Президент "Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида"ги қонунни имзолади. Қонун унча катта бўлмаса-да унинг давлат ва жамият ривожи учун аҳамияти юқори. Ушбу мақолада шулар ҳақида тўхталамиз.

Хўш, бу қандай қонун? Унинг мақсади, вазифаси нима, одамларга нима беради?

Манфаатлар тўқнашуви тушунчаси миллий қонунчилигимизда илк бор 2017 йил январида қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида шарҳланганди.

Унда шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият манфаатлар тўқнашуви сифатида эътироф этилганди.

Янги қонуннинг мақсади ҳақида

Қонуннинг асосий ғояси жамият ва давлат манфаатлари шахсий манфаатлардан устун экани билан характерли. У давлат хизматида шахсий манфаатдорлик йўлидаги қариндош-уруғчиликни чеклашга қаратилган.

Ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев қонунни икки асосий йўналишга бўлади:

- иқтисодий, яъни давлат харидлари ва умуман давлат ташкилотларидаги молиявий муносабатларда қариндош-уруғчиликка йўл қўймаслик;
- меҳнат муносабатлари, яъни давлат ташкилотларида қариндош-уруғларнинг бир-бирининг қўл остида ишлашига барҳам бериш.

Иккала йўналишда ҳам қонунда чекловлар ва бу бўйича кўриладиган чоралар белгиланган.

Масалан, бирор ташкилотда раҳбарнинг яқин қариндоши унинг бевосита бўйсунувида ишласа, қонун кучга киргач, бу ҳақда хабарнома орқали ошкор қилиши ва энг асосийси ўша ходимни манфаатлар тўқнашуви юзага келмайдиган бошқа раҳбарнинг бўйсунувига ўтказиши шарт. Жайдари тилда айтганда, қўл остидаги қариндошларини ишдан бўшатиши керак. Йўқса бу қонун бузилиши бўлади ва жавобгарликка олиб келади.

Таъсир доираси ва истиснолар

Қонун давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига кирувчи лавозимга ишга қабул қилинган ҳолларни мустасно этади. Бундай лавозимлар рўйхати алоҳида тасдиқланади. Мазкур рўйхатда қайд этилмаган барча лавозимларга қонун талаби бирдек амал қилади, яъни фуқаролик лавозимларида ҳам, ҳарбий лавозимларда ҳам қариндош-уруғлар бир-бирига бевосита бўйсунувчи сифатида ишлай олмайди.

Президентнинг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2024 йил 1 июлга қадар Қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг аниқ рўйхати шакллантирилади.

Мазкур қарор қабул қилингач қонун доираси амал қиладиган ташкилотлар ва ундаги лавозимлар ҳақида аниқ билиб олиш мумкин бўлади.

Манфаатлар тўқнашуви қандай аниқланади?

Қонуннинг 20-моддасига кўра, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш қуйидаги манбалардан олинган маълумотларни ўрганиш орқали амалга оширилади:
  • эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациядан;
  • давлат харидлари жараёнида олинган таклифлардан, харид комиссияси мажлисларининг баённомаларидан, тузилган шартномалардан;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг фаолиятидаги мавжуд манфаатлар тўқнашуви ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги мурожаатларидан ёки хабарларидан;
  • тижорат ташкилотларининг аффилланган шахслари ва якуний наф олувчилари (бенефициарлари) рўйхатларидан;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш модулидан;
  • “ФҲДЁ Ягона электрон архиви” ахборот тизимидан;
  • “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро аппарат-дастурий мажмуидан;
  • Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан;
  • махсус ваколатли давлат органи томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича киритилган тақдимномадан.

Жавобгарлик

Тақиқ бўлгандан кейин, жавобгарлик ҳам бўлади. Қонуннинг 29-моддасига кўра, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Хусусан, ушбу қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 193-4-модда қўшилмоқда.

Янги модда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаслик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутади.

Унда келтирилишича, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахси ёки ходими томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида хабар бермаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахсига маълум бўлиб қолган, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўрмаслик эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима жазоси қўлланади.

Агар мазкур ҳуқуқбузарликлар давлат харидлари соҳасида содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қонун билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганларни, вақтида хабар бермаганларга маъмурий жавобгарлик белгилаш бўйича баённома тузиб, судга ошириш ваколати берилди.

Айбдорнинг моддий жавобгарлиги

Қонунинг яна бир томони, эндиликда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги сабабли давлат ташкилотига молиявий-иқтисодий зарар етса, ушбу зарарни манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган инсоннинг ўзи қоплайди. Хусусан, қонуннинг 26-моддасида қуйидагилар назарда тутилган:

Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарорлар ёки тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади.

Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарор ёки тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ушбу қарор қабул қилинганлиги ёки битим тузилганлиги натижасида олинган фойда битим бўйича олинган ҳамма нарсани қайтариб бериш тўғрисида талаб қўйилмаган ҳолда, суд тартибида давлат даромадига ўтказилади. Бунда ҳақиқий эмас деб топилган бундай битимнинг ижроси билан боғлиқ харажатларнинг ўрни манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган шахснинг ҳисобидан қопланади.

Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарор ёки тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилганлиги натижасида жисмоний ёки юридик шахсларга, шу жумладан давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга етказилган зарар давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг айбдор ходимларидан регресс тартибида ундириб олинади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун кимларга таъсир қилади?