
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар берди president.uz. Учрашувда АҚШ давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау ҳамда қатор расмийлар иштирок этди. Суҳбат икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва янги соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди.
Мулоқот давомида жорий йил 23 сентябр куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Сержио Гор давлат раҳбарига АҚШ президенти Доналд Трампнинг самимий саломлари ва энг яхши тилакларини етказди.
Президент Мирзиёев икки давлат ўртасидаги жадал сиёсий мулоқот, иқтисодий ҳамкорлик ва бизнес алоқаларининг кенгайиб бораётганини қониқиш билан қайд этди. Айниқса, октябр ойи бошида Тошкентда бўлиб ўтган АҚШ Савдо палатаси делегацияси ташрифи икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида янги лойиҳаларга замин яратгани таъкидланди.

Учрашувда “йўл харитаси” доирасида белгиланган йўналишлар — саноат, молия, муҳим минераллар, энергетика, рақамли иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш долзарблиги кўтарилди. Томонлар бу ҳамкорлик нафақат иқтисодий фойда, балки минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кераклигини таъкидлашди.
Шунингдек, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, ноқонуний миграцияни чеклаш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида ҳам ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди. Мирзиёев ва АҚШ делегацияси вакиллари глобал ҳамда минтақавий аҳамиятга эга масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Учрашув чоғида Вашингтонда бўлиб ўтиши режалаштирилаётган “С5+1” форматидаги саммитга тайёргарлик жараёнлари муҳокама қилинди. Бу саммит Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги мулоқотни янги даражага олиб чиқиши кутилмоқда.

Томонлар фаол алоқаларни давом эттириш, янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда стратегик шерикликни амалий натижалар билан бойитиш борасида ўзаро келишиб олди.
Шу тариқа, президент Мирзиёевнинг АҚШ делегацияси билан учрашуви икки давлат муносабатларида муҳим босқич бўлиб, Ўзбекистоннинг очиқ дипломатия, иқтисодий ҳамкорлик ва минтақавий барқарорлик сиёсатини янада мустаҳкамлаган ҳолда янги йўналишларга йўл очди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!