05:58 / 29.03.2025
14 869

Апрел ойида қандай об-ҳаво кутилмоқда?

Апрел ойида қандай об-ҳаво кутилмоқда?
Март ойида қор ҳам ёғди, анчагина иссиқ об-ҳаво ҳам, кетма-кет ёмғирли кунлар ҳам бўлди. Хўш, деҳқонлар апрелдан қандай об-ҳавони кутишлари мумкин? Синоптиклар нима демоқда?

Совуқ кунлар тугадими?

Мана бу карта 21-25 март кунлари республикада қанча ёғингарчилик тушганини кўрсатади.

Республика бўйлаб 0 миллиметрдан 70 миллиметргача тўрт кунликда ёғингарчилик тушди. Бир гектар майдонга қарийб 700 тонна сув тушган ҳудудлар ҳам бўлди. Асосий ёғингарчилик шимолий ҳудудларимизда кузатилди. Масалан, Хоразм вилоятининг айрим ҳудудларида 200 тоннага яқин, яъни 20 миллиметргача ёғингарчилик бўлган.

Прогнозларимизда бироз фарқланиш мавжуд эди: Бухоро вилоятида кўпроқ ёғингарчилик прогнозларини бергандик. Лекин Бухоронинг асосий қисмларида, айнан ушбу даврда, 0-5 миллиметрга яқин ёғингарчилик кузатилди. Бухоронинг ғарбий нуқталарида эса яхшигина ёғингарчилик тушди. Навоий вилоятининг шимолий ҳудудларида ҳам кўп ёғингарчилик кузатилди. Аномал ёғингарчиликлар Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанднинг ярми, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳудудларида кузатилди.

Сурхондарёнинг катта ҳудудларида 40-50 миллиметр, яъни 400-500 тоннага яқин (бир гектарга – таҳр.) сув тушди. Бу ўз-ўзидан нафақат чигит, бошқа турдаги уруғларини экиб, бемалол кўкартириб олиш имконини берди. Қашқадарёда ҳам худди шу манзаралар кузатилди. Самарқандда, Жиззахда ва Тошкент вилоятининг катта қисмларида 40-50 миллиметрдан 60 миллиметргача ёғингарчилик кузатилди.

Фарғона вилояти ҳудудларида эса – камроқ. Прогнозларимизда ҳам 0-15 миллиметр атрофида эди. Водийнинг шарқий ҳудудларида 20 миллиметрга яқин кўпроқ ёғингарчилик бўлди. Бу кўплаб уруғлар униши учун етарли эмас. Лекин ёғингарчилик ҳали давом этади. Ҳозир биз 26 март кунини кўриб турибмиз. 27-28 март кунларида ҳам бор, бу кунларда водийнинг айрим жойларида ёғингарчилик кутилмоқда. Аммо ёғин қуввати ўтиб бўлди. Энди айрим ҳудудларда 20 фоизгача ёғин кутилмалари мавжуд.

Энди: "Экиш муддатига бу ёғингарчилик қандай таъсир қилди?" деган савол туғилади. Бухорода ёғингарчилик кам кузатилди. Ҳозирги экиш муддати шимолий ҳудудларда, сал паст ҳарорат туфайли мос келмаяпти. Наврўз учун нисбатан анча паст ҳарорат билан юзлашяпмиз. Ҳароратларга келадиган бўлсак, кунлар аста-секин исийди. Европанинг ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз модели етти кунлик прогнозини тақдим этди. Бу прогноз 28 мартдан 4 апрелгача бўлиб, ҳароратлар секин 20 даражадан 24, 28 ва ҳатто 32 даражаларгача кўтарилиши кутилмоқда.

Апрел ойларининг бошида республиканинг кўплаб ҳудудларида ҳароратлар 30 даражагача кўтарилиши эҳтимоли бор. Айниқса, 2-3 апрел кунлари иссиқ ҳароратлар кутилмоқда. Бу эса экишнинг оптимал муддатларини белгилаб, 25 апрелдан кейин тупроқ намлиги шароитидан келиб чиқиб, деҳқонларимиз ва фермерларимиз урғуларни секин экишни бошлашларига имкон беради. Шимолий ҳудудлар учун бу жараён 3, 4, 5 апрел кунларига тааллуқлидир. Чунки 30 даража ҳароратлар кузатилиши кутилмоқда.

Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларида ёғингарчиликдан кейин булутли жараёнлар кузатилади, бунда уруғ экиш учун оптимал муддат 10 апрелдан кейин ҳисобланади. Жаҳон метеорологик ташкилоти апрел, май ва июн ойлари учун ҳарорат аномалиясини башорат қилишяпти.

Бу прогнозга асосан, Ўзбекистон, Туркманистон, Афғонистон ва Эроннинг тоғли қисмларида ёғингарчилик меъёрга нисбатан жуда кам бўлади. Шунингдек, Тожикистон ва Қирғизистонда ҳам шундай. Бу, аввалги дастурларда айтганимиздек, Ла-Ниня даври кўринишидир.

Иқлим прогнозлари жанубий минтақада, жумладан, Жанубий Осиё, Ҳиндистон ва Покистоннинг айрим ҳудудларида ёғингарчиликнинг кўплигини ва Австралия ҳамда Индонезиянинг айрим ҳудудларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатни башорат қилмоқдалар. Демак, апрел ойининг биринчи ҳафтаси қуруқ ва иссиқ бўлиб, ёғингарчилик деярли кутилмайди, иккинчи ҳафтада эса аста-секин ёғингарчиликлар бошланади ва меъёрдан юқори ҳарорат кузатилади. Учинчи ҳафтада яна қуруқ ва меъёрдан юқори ҳароратли бўлади, яъни бир қатор иссиқ тўлқинлар кириб келиши эҳтимоли мавжуд. Апрел ойининг сўнгги ҳафтасида яна ёғингарчиликлар кузатилади, лекин у қадар кўп эмас. Апрел ойининг бошида ёки иккинчи ўн кунликлардан бошлаб секин-аста экиш ишларини бошлаш мумкин.
  • Чигит экиш ҳақида гапирсак, кузатувчиларимиз эътироз билдиришмоқда: улар фақат чигит ҳақида гапирмай, бошқа экинлар ҳақида ҳам маълумот беришимизни сўрашмоқда.
  • Чигит ҳам ўсимлик, экин экиш дегани чигитни ҳам ўз ичига олади. Тупроқ ҳароратига боғлиқ. Бошқа донли ёки полиз экинларида ҳам шу қоидаларни қўллаш мумкин. Совуқ муҳитга чидамли экинларни, масалан, нўхат ёки картошка экиш мумкин. Бошқа экин турлари, масалан, чигитга ўхшаш бўлган экинлар, параллел равишда экилади.
  • Тингловчилар саволларга муттасил жавоб бериб боришимизни сўрашяпти...
  • Биз бот ишлаб чиқяпмиз ва унга маълумотлар киритишни ташкиллаштирмоқдамиз. Прогнозларимиз ўзини оқлаши ва кутилмаларни билишимиз учун аҳоли юборадиган маълумотлардан фойдаланишимиз керак. Прогнозлар айтган муддатда ўзини намоён этиши ва эффектини бериши керак, деган мулоҳаза билан бот яратдик (Telegra бот манзили: @agro_meteo_bot). Бот фақат фермерлар учун эмас, балки деҳқонлар ва ҳаваскор инсонлар учун ҳам мослашувчан. Ботга кирилгандан кейин, биринчи навбатда экилган жараён расмга туширилиши талаб этилади. Экилган жойнинг тупроқ ҳолатини кўриш учун расм юкланади, кейин вилоят белгиланади ва туман белгиланади. Сўнгра, чигит ёки бошқа экинлар белгиланади. Кейинги бўлимда экин турлари ҳақида маълумотлар ёзилади. Телефон рақамлари юкланади ва кейин жараёнлар давом эттирилади.

Бизга у маълумот келиб тушади ва бундан кейинги тизимда биз олимларимизни мана шу лойиҳага жалб қилмоқчимиз. Барча тадқиқотчиларимизни лойиҳага таклиф қилиб қоламиз.

Келгусида эса молиялаштириш масалалари кўрилади. Чунки биз ресурс сафарбар қилмоқдамиз ва фермерларимизнинг ишини осон қилиш учун хизмат қилмоқдамиз.
  • Буни иқлим ўзгаришларига қарши курашиш бўйича бир бот деб тушунсак бўладими?
  • Иқлим билан ҳисоблашиб қишлоқ хўжалигини юритиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини ечиш. Ҳозирда бу тизим бутун дунёда ривожланган мамлакатларда мавжуд ва биз ҳам шу тизимни ҳозир ишлаб чиқдик.

Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон