Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Тимур Кападзе яна халқаро футболдаги жиддий лойиҳалар марказида. "Goal Media"нинг ёзишича, у Индонезия миллий терма жамоасини бошқариш учун асосий номзодлардан бири сифатида кўриб чиқилмоқда.
Маълумотларга кўра, Индонезия футбол федерацияси ҳозирча уч нафар мутахассис номзодини муҳокама қилмоқда: ўзбекистонлик Кападзе, "Персия" клубининг собиқ устози — германиялик Томас Долль ва Ироқ терма жамоаси экс-мураббийи, испаниялик Хесус Касас.
Индонезия терма жамоаси бош мураббийсиз қолганидан сўнг федерация яқин кунларда қарор қабул қилишни режалаштирган. Аввалги бош мураббий Патрик Клюйверт билан шартнома ўзаро келишув асосида бекор қилинган эди. Голландиялик мутахассис бу лавозимга жорий йилнинг 8 январида тайинланган, аммо натижалар кутилган даражада бўлмади.
11 октябрь куни Индонезия Жаҳон чемпионати–2026 саралаш босқичида Ироққа 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди ва АҚШ, Мексика ҳамда Канадада бўлиб ўтадиган мусобақага йўл олиш имконидан маҳрум бўлди.
Таҳлилчилар фикрича, Кападзенинг номзоди Индонезия учун мантиқан мос — у ёшлар билан ишлашда катта тажрибага эга, шунингдек, Ўзбекистон терма жамоасидаги фаолияти давомида жамоавий интизом ва юқори динамика билан ажралиб турган.
Агар келишув амалга ошса, Кападзе Жанубий-Шарқий Осиё футболидаги илк ўзбекистонлик бош мураббийлардан бирига айланади. Бу нафақат шахсий карьерадаги янги қадам, балки миллий мураббийлар учун халқаро майдондаги навбатдаги ютуқ бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!