date

Каримовнинг мусодара қилинган Amadea яхтаси янги соҳибини топди

Каримовнинг мусодара қилинган Amadea яхтаси янги соҳибини топди

Россиялик миллиардер ва сенатор Сулаймон Каримовга тегишли бўлган машҳур Amadea суперяхтаси янги эгасига ўтди. Бу ҳақда “Business Insider” нашри маълум қилди.

Маълумотларга кўра, АҚШ Адлия вазирлиги 106 метрлик люкс кемага оид кимошди савдосини 10 сентябр куни якунлаб, уни номаълум харидорга сотган. Аукционни Флоридадаги National Maritime Services компанияси ташкил этган. Расмий манбалар битим қийматини ошкор этмаган, аммо яхтанинг баҳоси аввал 300 миллион доллар деб баҳоланган бўлса, кейинги мустақил баҳолашда 230 миллион долларга тушган.

АҚШ расмийлари кемани тезроқ сотишни мақсад қилган, чунки яхтани сақлаш ҳар ой солиқ тўловчиларга тахминан 1 миллион долларга тушар эди — бу маблағ экипаж маоши, ёқилғи ва суғурта харажатларига сарфланарди.

Amadea — бу оддий кема эмас, балки ҳақиқий “сузувчи сарой”. У Германиянинг Lürssen кемасозлик заводи томонидан қурилган бўлиб, лотинча “Худонинг севгиси” деган маънони англатади. Яхта олти қаватдан иборат бўлиб, унинг ички қисми мармар, нодир ёғоч ва тошлар билан безатилган. У 8 та люкс кабинага, шунингдек, вертолёт майдони, бассейн, фитнес зали, курорт, конференц-зал, вино ертўласи ва омар аквариумига эга.

Яхтанинг марказий элементи — қўлда бўялган Pleyel рояли бўлиб, унинг педалларидан тортиб барча қисмлари 24 каратлик олтин билан қопланган. Бу детал Amadea’ни дунёдаги энг бой безатилган хусусий кемалардан бирига айлантиради.

Бироқ яхтага эгалик қилишнинг ўзи катта хавфни ўз ичига олади. Чунки унинг ҳуқуқий мақоми баҳсли бўлиб, айрим даъвогарлар ҳам ҳали ўз талабларидан воз кечмаган.

Маълумот учун, Amadea 2022 йил баҳорида АҚШнинг талабига кўра Фижи оролларида мусодара қилинган ва кейинчалик Сан-Диего портига олиб кетилган. Каримов шахсан кемага эгалик қилишини рад этган бўлса-да, АҚШ прокуратураси судга экипажнинг кўрсатмалари ҳамда миллиардернинг Amadea бортидаги илк саёҳатчиси бўлганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган.

Шу билан бирга, яхтанинг ички дизайни Каримовлар оиласининг шахсий илтимосига кўра қайта безатилгани, унда пицца таннури ва дам олиш хоналари ўрнатилгани маълум қилинган. Экипаж аъзоларидан бирига эса доим кема бортида Каримовнинг севимли Nike кроссовкаларидан бир жуфтни сақлаш топширилган.

Сулаймон Каримов 2018 йилда АҚШ томонидан Президент Владимир Путин режимидан манфаатдор бўлган ва Россиянинг ғаразли фаолиятини илгари суришда муҳим роль ўйнайдиган” сифатида санкциялар рўйхатига киритилган эди. Шундан кейин ҳам, маълумотларга кўра, у 2021 йилда яхтани ишончли шахслар орқали сотиб олишга рози бўлган.

Аммо кейинроқ Amadea расмий равишда Millemarin Investments Ltd. компанияси мулки сифатида рўйхатга олинган. Шу жараёнда Errigan Marine фирмаси ва унинг номинал эгаси — Imperial Yachts компанияси бош директори Евгений Кочман ҳам иштирок этган.

АҚШ Адлия вазирлиги маълумотига кўра, 2021 йил октябридан то мусодара қилингунга қадар Каримов ва унинг оила аъзолари яхтада бир неча бор саёҳат қилган, уни модернизация қилиш ва узоқ сафарлар учун қайта жиҳозлаш режасини ишлаб чиққан. У ҳатто кемани сақлаш ва таъмирлаш учун 2 миллион доллар сарфлаган.

Қизиғи шундаки, яхта мусодара қилингач, “Роснефть”нинг собиқ раҳбари Эдуард Худайнатов унинг ҳақиқий эгаси эканини даъво қилди. Бироқ АҚШ прокуратураси уни Каримовнинг мулкни яшириш учун қўйилган қўғирчоқ шахси сифатида баҳолади.

Ниҳоят, 2025 йил июль ойида Нью-Йорк федерал суди Amadea’ни аукционга қўйишга рухсат берди. Шу тариқа, дунёдаги энг қимматбахо хусусий яхталардан бири янги эгасига ўтди — аммо унинг ҳақиқий қиммати ва келгусидаги тақдири ҳануз сир бўлиб қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Каримовнинг мусодара қилинган Amadea яхтаси янги соҳибини топди