8 444
2017 йилнинг 1 апрелидан суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш бекор қилинади
Терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институти бекор қилинади. Бу 21 октябрда имзоланган "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонда белгиланган.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар, хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенциясида мустаҳкамланган айбсизлик презумпцияси жиноят процессининг муҳим принципи ҳисобланади. Унга кўра ҳар бир шахс, модомики, суд томонидан ўзгача ҳол исбот қилинмаган экан, айбсиз деб эътироф этилиши керак. Бартараф этилиши мумкин бўлмаган барча шубҳалар айбланувчи фойдасига талқин этилиши зарур. Жиноятни содир этишда исботланмаган айб - исбот қилинган айбсизликка тенгдир.
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 14-моддаси учинчи қисми, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенциясининг 6-моддаси учинчи қисмига мувофиқ жиноят содир этилишида айбланаётган шахснинг асоссиз кечиктиришсиз судланишга бўлган ҳуқуқи ўзида адолатнинг асосий кафолатларидан бирини ифодалайди. Суд томонидан жиноят ишининг қўшимча тергов ўтказиш учун қайтарилиши эса ушбу кафолатга зиддир.
Маълумки, суриштирув ва дастлабки тергов судга қадар амалга оширилади. Бундан иш судга келганидан сўнг у бўйича қўшимча, янги ёхуд такрорий тергов ўтказилиши ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас, деган маъно келиб чиқади. Модомики, дастлабки тергов айблов хулосасини тасдиқлаш билан якунланар экан, ундан сўнг суд муҳокамаси босқичи бошланиши ҳамда жиноий жавобгарлик тўғрисидаги масала мазмунан ҳал этилиши керак. Бунинг акси эса жиноят судловининг асосий принципиал тақиқларидан бири - шахс содир этган айни бир қилмиш учун уни такроран айблашга йўл қўйилмаслиги қоидасининг қўпол равишда бузилиши ҳисобланади. Илгари қўйилган айб процессуал талаблар, шунингдек, томонларнинг мурожаатлари ҳисобга олинган ҳолда иш бўйича тўпланган далиллар асосида судда тасдиқланиши, рад этилиши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Қўшимча тергов институти жиноят процессининг негизи ҳисобланмиш ана шундай асосий кафолатларга (яъни, айбсизлик презумпцияси, шахс содир этган айни бир қилмиш учун уни такроран айблашга йўл қўйилмаслиги, асоссиз кечиктиришсиз судланиш ҳуқуқи) зиддир. Қолаверса, жиноят ишининг суд томонидан қўшимча терговга қайтарилиши одил судлов органининг ҳақиқий роли ҳамда қамоқда сақлаш ва уни узайтириш муддатларини ҳисоблаш масалалари ўртасида номувофиқлик пайдо бўлишига сабаб бўлади. Ушбу ва бошқа салбий ҳолатлар жиноят ишларини қўшимча тергов қилиш учун қайтаришнинг принципиал масалалари пухта ишлаб чиқилмаганлиги ва ҳал этилмаганлиги натижаси бўлиб, Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодекси (ЖПК)да бу масалага етарли эътибор берилмаганидан далолат беради.
Судда давлат айбловини қувватловчи прокурорлар ва судланувчининг ҳимоячиси тариқасида иштирок этувчи адвокатлар ўртасида ўтказилган сўровлар қўшимча тергов институти суд муҳокамасининг ўз вақтида ўтказилишига тўсқинлик қилиб, жиноят ишлари юритувида сансалорликка олиб келаётганини кўрсатди. Башарти дастлабки тергов даврида камчиликларга йўл қўйилган бўлса, бунда жиноят ишини қўшимча терговга юбормасдан, балки бевосита суднинг ўзи томонидан бартараф этилиши, судланувчининг айбини тасдиқловчи далиллар етарли бўлмаган ҳолларда эса оқлов ҳукми чиқарилиши мақсадга мувофиқдир.
Юқоридагилар ва фармон талабидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда.
Манба: tafsilot.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”