17:41 / 25.11.2016
14 449

Тошкентда 86 минг оила учун янги кўп қаватли уйлар қурилади

Тошкентда 86 минг оила учун янги кўп қаватли уйлар қурилади

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашди. Номзод ўз нутқида шаҳарда аҳоли учун шароитларни янада яхшилаш масаласи хусусида сўз юритган. Номзоднинг учрашувдаги нутқи тўлиқ ҳолда «Тошкент оқшоми» газетасида чоп этилган, деб ёзмоқда Kun.uz сайти.

Бугунги шиддатли глобаллашув замонида барча турдаги инфратузилма тармоқларини ривожлантириш ва уларни жаҳон талаблари даражасига яқинлаштириш келгуси йилларда иқтисодий дастурларни амалга оширишда жуда муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, бизнинг энг муҳим вазифамиз – одамларнинг бунёдкорона меҳнати, ҳаёт таъминоти ва дам олиши учун қулай ва муносиб шарт-шароитлар яратишдан иборат. Шу муносабат билан сизларни жорий ва истиқболдаги режаларимиздан хабардор қилмоқчиман.

Биринчи – кўп қаватли янги ва шинам уй-жойларни барпо этиш масалалари.

Шаҳарнинг бош режасига асосан, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида, 290 минг одам ёки 86 минг оила учун умумий ҳажми 8 миллион квадрат метрдан ортиқ бўлган янги кўп қаватли уйлар барпо этилади.

Бу жараён нафақат моддий жиҳатдан етарлича таъминланган одамлар, балки аҳолининг ўрта тоифаси учун ҳам мўлжалланиши зарур.

Яна бир масала – бу эскирган уй-жойлар муаммоси. Ҳисоб-китобларга кўра, пойтахтимизда 76 мингга яқин хонадон 60 йил аввал қурилган ва яшаш учун хатарли бўлган эски уйларда ҳаёт кечирмоқда.

Айнан шу боис биз бу борада мутлақо янги дастурни амалга ошириш бўйича, яъни 7 ва 9 қаватли, кўп хонадонли арзон уй-жойлар қуриш тўғрисида қарор қабул қилдик.

Даромади юқори бўлмаган, шунингдек, эски уйларда яшаётган оилалар имтиёзли ипотека кредитлари ва солиқ имтиёзлари асосида бундай уйлардан квартира харид қилиш имкониятига эга бўлади.

Хусусан, дастлабки босқичда ушбу мақсадларга келгуси 5 йилда жами 2,5 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Жумладан, 1,8 триллион сўм банкларнинг имтиёзли кредитлари ва 615 миллиард сўм аҳолининг бошланғич бадаллари ҳисобига шакллантирилади. Бунинг эвазига 32 минг хонадондан иборат бўлган 500 та кўп қаватли уй барпо этилади.

Бундан ташқари, яқин 5 йил ичида шаҳарнинг ҳир бир туманида 20 тадан, жами 200 та кўп қаватли уй барпо этилади.
Турар-жой мавзеларини қуришда уларнинг барча ижтимоий инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик тармоқлари билан таъминланиши, уйларнинг атрофини обод қилиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга янги қуриладиган аҳоли мавзеларига яқин жойларда хизмат кўрсатиш соҳаларида янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган.

Масалан, Бектемир туманида яқин 5 йил ичида 20 та кўп қаватли уй янгидан қурилиб, жами 4 мингдан ортиқ аҳоли замонавий уй-жой билан таъминланади. Ушбу кўп қаватли уйлар Ҳусайн Бойқаро кўчаси ҳамда “Бинокор” ва “Сувсоз” даҳалари бўйлаб барпо этилиши мўлжалланмоқда.

Яшнобод туманидаги Тараққиёт кўчасида 70дан ортиқ кўп қаватли уйлар, савдо-кўнгилочар марказлари, спорт-соғломлаштириш мажмуалари қурилиши яқин кунларда бошланади.

Мирзо Улуғбек туманида 60дан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Бу ерда 20 минг 600дан ортиқ аҳоли замонавий уй-жой билан таъминланади.

Кейинги масала – уй-жой фондидан самарали фойдаланиш.

Шаҳарда уй-жой фонди янада кенгайишини эътиборга олсак, уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, таъмирлаш ва фойдаланиш ишларининг тизимли равишда олиб борилишини таъминлаш юзасидан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг фаолиятини мувофиқлаштириш алоҳида аҳамият касб этади.

Афсуски, маҳаллий ҳокимликларнинг бу масаладаги ўрни ва масъулияти замон талабига жавоб бермайди. Ана шу муаммоларни ечиш учун ширкатлар томонидан фойдаланиш йиғимлари ва тижорат банклари кредитлари ҳисобидан жами 338 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Кўп қаватли уйларни таъмирлаш ва улар ҳудудини ободонлаштириш ишларини самарали йўлга қўйиш учун 2017-2021 йилларга мўлжалланган режа ишлаб чиқиш зарур. Мазкур дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун Марказий банк, республика тижорат банклари томонидан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига йилига 200 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратиш кўзда тутилмоқда.

Айтиш жоизки, 2016 йилнинг ўзида ушбу мақсадлар учун ширкатларга 155 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилган.

Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг моддий-техник базасини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда молиявий ҳолатини соғломлаштириш мақсадида фаолият юритаётган 2 минг 375 та уй-жой мулкдорлари ширкатини келгуси 5 йилда барча солиқ ва мажбурий тўловлардан озод қилиш мўлжалланмоқда.

Иқтисод қилинган маблағлар кўп қаватли уй-жойларнинг умумий фойдаланишда бўлган майдонларини таъмирлашга йўналтирилиши лозим.

Бундан ташқари, 1 минг 435 та уйнинг 678 тасида лифтларни алмаштириш, 2 минг 300 тасида том қисмлари ва 5 минг 100тасида подваллар капитал таъмирланади.

Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида, 2021 йилга бориб уй-жой ширкатлари зарур техника ва механизмлар билан жиҳозланган, малакали мутахассисларга эга, аҳолига тезкор сифатли хизмат кўрсатадиган ҳамда молиявий ўзини ўзи таъминлайдиган замонавий сервис корхоналарига айланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тошкентда 86 минг оила учун янги кўп қаватли уйлар қурилади