date
views 101

Ўзбекистон иқтисодиётида тарихий бурилиш: S&P келажакка умид билан қарайди!

Ўзбекистон иқтисодиётида тарихий бурилиш: S&P келажакка умид билан қарайди!
Халқаро кредит рейтинг агентлиги Standard & Poor’s (S&P) яқинда эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини «BB-» даражасида сақлаб қолди, бироқ илк бор рейтингнинг истиқболини «барқарор»дан «ижобий»га кўтарди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар ва ривожланиш жараёнлари йўлга қўйилганини ва халқаро молиявий институтларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига бўлган ишончининг кучайганини кўрсатади.

Энергетика соҳасидаги муҳим ислоҳотлар ва тарифларнинг оширилиши ҳисоботда алоҳида қайд этилган. 2023 йил октябрь ойидан бошлаб электр ва газ тарифлари босқичма-босқич оширила бошланди ва 2027 йилгача энергия нархларини тўлиқ харажатларни қоплаш даражасига олиб чиқиш кўзда тутилган. Субсидияларнинг қисқариши, қулай олтин нархлари ҳамда умумий ички маҳсулотнинг (ЯИМ) номинал ўсиши орқали, 2025-2028 йилларда давлат бюджети тақчиллиги ўртача 3 фоизга тушиши кутилмоқда. Бу эса давлатнинг молиявий барқарорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Бироқ, Ўзбекистоннинг ривожланиш режаларини амалга ошириш учун катта ҳажмдаги ташқи қарзларни жалб қилиши натижасида давлат қарзи миқдори ошиши эҳтимоли бор. Давлат ва давлат кафолати остидаги қарзлар 2027 йилга келиб ЯИМнинг 40 фоизи атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда. Бунинг ортида йирик инвестиция лойиҳалари ва давлат-хусусий шерикликнинг тез суръатда кенгайиши турибди.

S&P ҳисоботига кўра, 2025-2028 йилларда Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш ўртача 5,6 фоизни ташкил этади. Бу ўсишнинг асосий сабаблари сифатида иқтисодий ислоҳотлар, хорижий инвестициялар оқимининг кўпайиши ва экспорт салоҳиятининг оширилиши келтирилмоқда. Мис, олтин, кумуш ва уран ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали экспорт имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.

Шунингдек, мамлакатнинг энергетика соҳасида диверсификация қилиш бўйича катта режалари мавжуд. Жумладан, Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси 2030 йилга қадар Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқаришга 7,5 млрд долларлик инвестиция киритади. Бугунги кунда Ўзбекистон энергия истеъмолининг 20 фоизини яшил энергия манбалари ҳисобига қопламоқда, 2030 йилгача бу кўрсаткич 40 фоизга етказилиши режалаштирилган.

Иқтисодий ўсишга қарамай, Ўзбекистоннинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳали ҳам жаҳон стандартларига кўра пастлигича қолмоқда. 2025 йилга бориб бу кўрсаткич 3300 долларни ташкил этади. Шу билан бирга, мамлакатда ижобий демографик кўрсаткич мавжуд бўлиб, аҳолининг 90 фоизга яқини меҳнатга лаёқатли ёшда. Аммо, иш ўринлари яратиш суръати аҳоли ўсишига нисбатан етарли бўлмаслиги мумкинлиги ҳақида хавотирлар мавжуд.

Россиядаги иқтисодий вазият Ўзбекистонлик мигрантлар учун ҳам хавф яратади. Чунки доимий ва мавсумий мигрантларнинг аксарияти Россияда ишлайди ва ушбу давлат иқтисодиётидаги ҳар қандай қийинчиликлар Ўзбекистон аҳолисининг даромадига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли бор.

Давлат бюджети даромадлари асосан олтин ва мис каби қимматбаҳо хом ашё экспорти ҳисобига шаклланади. 2025 йилда олтин нархларининг юқори бўлиши бюджет даромадларини кўпайтириши кутилмоқда. Шу билан бирга, энергия ва газ тарифларининг оширилиши орқали 2025 йилда ЯИМнинг 0,5 фоизигача бюджетни тежаш имкони пайдо бўлади.

Марказий банкнинг захиралари 2028 йилгача пасайиши кутиляпти, бу эса асосан олтин нархларининг кутилаётган пасайиши билан боғлиқ. Бироқ, захиралар 2025-2028 йилларда жорий ҳисоб тўловларини тахминан етти ойлик муддатгача қоплаш учун етарли бўлади.

Инфляция ҳам босқичма-босқич пасайиб боради. 2025 йилда ўртача инфляция даражаси 10,1 фоизни, 2028 йилга бориб эса 8,6 фоизни ташкил этади.

Банк тизимида давлат банклари ҳали ҳам асосий ўринни эгаллайди. Ҳукумат банкларни хусусийлаштириш бўйича ишлар олиб бормоқда, лекин бу жараён бирмунча вақт талаб этади.

Шундай қилиб, S&Pнинг ижобий кутилмалари Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим имкониятларнинг бошланишига ишора қилади ва мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада мустаҳкамлайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон иқтисодиётида тарихий бурилиш: S&P келажакка умид билан қарайди!