
Президент Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Европа Иттифоқининг Халқаро шерикликлар бўйича комиссари Йозеф Сикела ҳамда Кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни жорий йил октябрь ойида Брюсселга олий даражадаги ташриф давомида эришилган келишувларни амалга ошириш орқали ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон – Европа муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани, икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг янги кенг қамровли кун тартиби шакллангани мамнуният билан қайд этилди.

Бу йил Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) имзоланди, Самарқанд ва Брюсселда саммитлар бўлиб ўтди, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши юзасидан Европа Иттифоқи билан музокаралар якунланди.
Йил бошидан буён товар айирбошлаш қарийб 7 фоизга ўсди. КШҲБнинг амалиётга жорий этилиши савдо ҳажми ва инвестициялар оқимининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилиши таъкидланди.
Савдони кенгайтириш ва диверсификация қилиш учун ҳамкорликнинг институционал механизмларини янада такомиллаштириш, саноат кооперацияси, транспорт, рақамлаштириш, муҳим минераллар, энергетика, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор соҳаларда ҳамда янги қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.