Тожикистонда ички ишлар тизимида хизмат олиб бораётган ходимлар учун қўйилган талаблар жуда қатъий. Улар нафақат касбий малака ва интизомга эга бўлиши, балки жисмоний тайёргарлиги ва ташқи кўринишида ҳам белгиланган меъёрларга мос келиши шарт. Шунинг учун ҳам Ички ишлар вазирлиги ортиқча вазн муаммосига эътибор қаратди ва бу талабларни бажармаган ходимларни хизматдан четлатди.
Маълумотларга кўра, ўтган йил Ички ишлар вазирлиги томонидан жисмоний кўриниш талабларига жавоб бермаган 30 нафар ходим ортиқча оғирлик сабабли ишдан бўшатилган. Бир йил ўтиб, уларнинг фақат 13 нафаригина тана вазнини йўқотиб, қайтaдан хизматга тикланишга муваффақ бўлди. Қолганлари эса ҳалигача белгиланган меъёрга ета олмаган.
Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг кадрлар ва шахсий таркиб билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Ҳусайн Халилзода маълум қилди. Унинг айтишича, ўтган йили 20 мингга яқин ходим умумий жисмоний тайёргарлик синовидан ўтказилган ва улар орасида 30 нафар одам вазн меъёридан ошгани учун лавозимидан озод этилган. Бироқ уларга имконият қолдирилган — агар белгиланган чегарагача вазнни камайтиришса, яна лавозимига қайтишлари мумкин.
Вазирлик қоидаларига кўра, Тожикистон полицияси сафида хизмат қилиш учун эркак номзодлар бўйи камида 168 см, аёллар бўйи эса камида 160 см бўлиши лозим. Шу билан бирга, уларнинг оғирлиги ана шу баландликка мутаносиб келиши ва белгиланган нормалардан ортиқ бўлмаслиги шарт ҳисобланади.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай қатъий талаблар ходимларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш, хизмат самарадорлигини ошириш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Чунки ички ишлар тизимида хизмат қилаётган ҳар бир шахс жисмонан ҳам, маънан ҳам тайёргарликли бўлиши зарур.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!