Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлаш, бу соҳа улушини янада ошириш учун қулай шарт-шароит яратиб бериш олдимизда турган асосий вазифалардан бири эканлиги алоҳида таъкидланди. Зеро, Президентимиз қайд этганидек, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади. Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади.
Тадбиркорлик, кичик бизнес ривожининг беқиёс аҳамияти ҳақида гап борар экан, шуни қайд этиш керакки, ушбу соҳа мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли истиқлол йилларида одамларни тадбиркорлик, ишбилармонлик, кичик бизнес соҳасига жадал жалб қилиш, уларнинг хусусий тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда зарур шарт-шароитни яратиб беришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ қилинди. Пировардида жамиятни сиёсий, иқтисодий ва керак бўлса, маънавий жиҳатдан янгилашнинг мазмун-моҳиятини белгилаб берадиган ўрта — мулкдорлар синфини шакллантириш вазифаси уддаланди. Асосийси, мулкдорлар синфини шакллантириш орқали одамларнинг меҳнатга бўлган муносабати, тафаккур тарзи, аҳолининг менталитети ҳамда дунёқарашини ҳам муайян даражада ўзгартиришга муваффақ бўлинди.
Хусусан, яқинда қабул қилинган тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга оид фармонлар соҳа равнақида янги босқични бошлаб берди, десак, муболаға бўлмайди. Бугунги кунда парламент томонидан ушбу фармонлар асосида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаяпти.
Албатта, фақатгина қонунларга тегишли ўзгартишлар киритиш билан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Айни вақтда қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларига эга бўлишини таъминлаш, уларнинг ислоҳотлар самарасига амалий таъсирига эришиш зарур. Чунки Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, қонун ҳужжатларининг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги роли пастлигича қолиши мамлакатимиз қонунчилик тизимига фуқароларимиз, тадбиркорлар, қолаверса, чет эл инвесторларининг ишончсизлигини келтириб чиқариши мумкин.
Давлатимиз раҳбари нутқида парламент фаолиятини янада такомиллаштириш борасида белгилаб берилган вазифаларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилиши ҳам хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик кафолатларини амалда таъминлаш, соҳанинг тараққиётига тўсиқ бўлаётган омилларни барвақт аниқлаш ва ҳал қилиш имконини беради. Бугунги кунда парламент қуйи палатаси томонидан ушбу йўналишдаги асосий чора-тадбирлар белгилаб олинаяпти.
Хусусан, парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида халқ депутатлари Кенгашлари билан ҳамкорликда жойлардаги вазиятни ўрганиб, раҳбарлар ҳисоботининг эшитилиши, авваламбор, маҳаллий Кенгашлар фаоллигини оширади, айни пайтда маҳаллий бошқарув органлари жавобгарлигини кучайтиради. Бу эса жамиятга ўзининг кучли таъсирини кўрсатиши табиийдир.
“Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг амалдаги ижросини таъминлашга қаратилган мониторинг ишларини ташкиллаштириш, бу борада мавжуд бўлган хорижий тажрибани ўрганиб, миллий шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда жорий қилиш яна бир муҳим вазифа сифатида белгиланмоқда. Булар ҳақида атрофлича мулоҳаза юритиб, олдимизда турган амалий ишларни режалаштириб олишимиз зарур.
Бундай ишлар, асосан, бугунги кунда иқтисодиётимизнинг муҳим бўғини ҳисобланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, айниқса, чет эл инвесторлари билан иш олиб бораётган ёки туризм соҳасида фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорларимизнинг зарурият ва манфаатларидан келиб чиқиб амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир. Ушбу йўналишларда фаолият олиб бораётган Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантириш республика маркази каби фуқаролик жамияти институтлари экспертлари билан ҳамкорликни кенгайтириш фаолиятимизда муҳим ўрин тутади.
Олий Мажлис депутатлари томонидан иқтисодий тараққиётнинг кучли асосларини яратишда халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, саноат, транспорт, туризм ва бошқа соҳаларга оид амалдаги ҳамда қабул қилинаётган қонунларнинг ижросини таъминлаш, уларнинг самарали ҳуқуқий механизмларини яратиш борасидаги қонун ижодкорлиги ва парламент назорати доирасидаги ишларни янада фаоллаштириш давр тақозосидир.
Дилором ФАЙЗИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O`zLiDeP фракцияси аъзоси
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O`zLiDeP фракцияси аъзоси
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”