date

1 ноябрдан нима ўзгаради?

1 ноябрдан нима ўзгаради?
1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда бир қатор янги қоидалар ва қарорлар кучга киради. Қуйида асосий ўзгаришлар ҳақида маълумот берамиз:

 1. Тошкент метрополитенининг ер усти ҳалқа йўналиши қайта ишга тушади. Аввалроқ таъмирлаш ишлари сабабли «Технопарк»дан «Кипчак»гача бўлган 14 бекатдаги поезд ҳаракати вақтинча тўхтатилган эди.

Таъмирлаш давомида йўл қопламаси тикланди, эскирган релслар алмаштирилди, дренаж тизими текширилди ва шағал қатламининг мустаҳкамлиги синовдан ўтказилди.

2. Автомобилларга газ ускунаси ўрнатилганда эндиликда техник паспортни алмаштириш талаб этилмайди. Ушбу маълумотлар электрон тизимга киритилади, бу эса давлат хизматлари олиш жараёнини соддалаштиради ва харажатларни камайтиради.

3. Тадбиркорлар универсал QR-код орқали ҳар қандай мобил илова орқали тўловлар қабул қилиш имконига эга бўладилар. Ҳозирда мамлакатда 40 дан ортиқ электрон тўлов ташкилоти фаолият юритмоқда.

4. Ишсизлар учун нафақа ва ижтимоий ҳимоя бўйича янги қоидалар жорий этилади. Сўнгги 5 йилда камида 18 ой ишлаган фуқаролар 3 ой давомида нафақа олишлари мумкин. Нафақа миқдори охирги 18 ойдаги ўртача даромадга қараб белгиланган ҳолда, биринчи ойда 75%, кейинги икки ойда эса 50% тўланади. Бироқ, бу миқдор уч баравар минимал иш ҳақидан ошмаслиги керак.

5. Иш берувчилар 100 ва ундан ортиқ ходим ишлайдиган ташкилотларда ногиронлар, оилавий зўравонлик қурбонлари, кам таъминланганлар ва етимлар учун иш ўринлари захирасини (жами ходимларнинг 3% гача) яратиши шарт.

6. Касбий малака ошириш ёки янги касб ўрганиш истагидаги фуқароларга махсус ваучерлар ажратилади.Бу воситадан фойдаланганлар ўқишни тугатиб, ишга жойлашгач, икки йил ичида маблағни Давлат бандликка кўмаклашиш жамғармасига қайтаришлари лозим. Ўқиш даврида минимал иш ҳақи миқдорида стипендия тўланади.

7. Давлат хизматлари марказларида нафақахўрлар, ҳомиладор аёллар ва 3 ёшгача боласи бор фуқаролар навбатсиз хизмат олишади.Шунингдек, давлат хизматлари портали орқали кўрсатилган шахсий маълумотлар қоғоз ҳужжатлар билан тенг кучга эга бўлади.

8. Пенсия ёшидаги фуқаролар учун ноябр ойида ички поезд чипталарига 20% чегирма тақдим этилади. Бу чегирма «Афросиёб» поездларига татбиқ этилмайди. Шунингдек, Uzbekistan Airways ноябр ойида ички рейслар учун иқтисодий синф чипталарига 15% чегирма эълон қилди.

9. Бизнесни қўллаб-қувватлаш учун ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига 10 миллиард сўмгача бўлган кредитлар ажратилади. Бундан ташқари, «яшил» иқтисодиёт соҳасидаги кичик бизнес лойиҳалари учун 500 миллион сўмгача, йиллик 6% ставкагача имтиёзли кредитлар берилади.

10. Давлат бошқаруви тизимида 2141 та иш ўрни қисқартирилади.Шунингдек, қўмита, агентлик ва инспекцияларда раҳбар ўринбосарлари сони 16 тага камайтилади. Бу чора бюрократия даражасини камайтириш ва бошқарув самарадорлигини ошириш мақсадида амалга оширилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » 1 ноябрдан нима ўзгаради?