date

Ўзбекистон ЖСТга қўшилиш бўйича Канада ва Панама билан музокараларни якунлади

Ўзбекистон ЖСТга қўшилиш бўйича Канада ва Панама билан музокараларни якунлади
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) масалалари бўйича вакил Азизбек Уроновнинг маълум қилишича, Тошкент ЖСТга қўшилиш бўйича Канада ва Панама билан музокараларни якунлади. Уроновнинг таъкидлашича, республикага энди учта давлат билан музокараларни ўтказиш қолган, лекин у мазкур давлатлар рўйхатини очиқламади.

Жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан ЖСТга қўшилиш бўйича музокараларни муваффақиятли тамомлади. Сентябрь ойида эса Аргентина, Австралия ва Гондурас билан музокаралар якунланиб, келишувларга эришилган эди.

ЖСТ раҳбари Нгози Оконжо-Ивеала сентябрь ойи охирида Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиш учун музокаралар яқунига етиб қолгани ҳақида маълумот берган эди. Унга кўра, 2026 йил баҳорига келиб Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёни тўлиқ якунланиши режалаштирилган.

ЖСТ 1995 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Ташкилот мамлакатлар ўртасида товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулк ҳуқуқлари савдосини тартибга солишни мақсад қилган.

ЖСТ савдо тўсиқларини олиб ташлаш, бозорлар учун адолатли киришни таъминлаш ҳамда савдо низоларини ҳал қилишга кўмаклашади. 2024 йилнинг август ойи охирига келиб, ЖСТ таркибида 166 давлат бўлган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон ЖСТга қўшилиш бўйича Канада ва Панама билан музокараларни якунлади