
Ўзбекистон ва Япония ўзаро янги инвестицион платформа яратишга келишиб олдилар. Ушбу платформа доирасида умумий қиймати 12 миллиард АҚШ долларидан ошиқ бўлган кооперацион лойиҳалар амалга оширилади.
Ташаббус Токио шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Япония Бош вазири Санаэ Такаичи ўртасида бўлиб ўтган музокараларда илгари сурилди. Янги платформа икки давлат ўртасидаги йирик лойиҳаларни янада тезроқ амалга ошириш ва Япония сармояларини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилиш жараёнини соддалаштиришга қаратилган.
Бу ёндашув алоҳида лойиҳаларни молиялаштиришдан узоқ муддатли ва тизимли инвестицион ҳамкорликка ўтишни назарда тутади. Музокаралар давомида қайд этилишича, ташриф давомида шакллантирилган лойиҳалар портфели энергетика, саноат, транспорт, инфратузилма, таълим ва бошқа устувор соҳаларни қамраб олади.
Инвестицион платформани яратишда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) иштирок этади. Ушбу ташкилотлар Ўзбекистондаги қатор лойиҳаларда аллақачон фаол қатнашиб келмоқда.
Кутилишича, янги платформа япон инвесторлар учун хавфларни камайтириб, Ўзбекистон бозорида фаолият юритиш шароитларини янада барқарор ва аниқ қилади. Асосан «яшил» энергетика, саноатни модернизация қилиш ва юқори технологиялар соҳасидаги йирик ташаббусларни молиялаштириш учун «соябон» механизми шакллантирилади.
Шунингдек, Япония нафақат алоҳида лойиҳаларда иштирок этишга, балки Ўзбекистоннинг узоқ муддатли иқтисодий ривожланиш дастурларига чуқурроқ интеграциялашишга ҳам қизиқиш билдираётгани таъкидланди. Ўз навбатида, Тошкент янги формат орқали мамлакатга қўшимча технологик ва бошқарув кўникмаларини жалб қилишга умид қилмоқда.
Мазкур инвестицион платформа бўйича келишув икки давлат ўртасида стратегик шерикликни кенгайтириш бўйича Қўшма Баёнотда мустаҳкамланган бўлиб, ташриф натижасидаги кенг қамровли келишувларнинг бир қисми ҳисобланади. Бундан аввал Шавкат Мирзиёев Токио шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик ташаббусларини илгари сурган эди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.