8 083
Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасида уч вилоятга 2 ойлик тажриба муддати белгилади
Маълумки, 5 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги раҳбарияти, марказлар раҳбарлари ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқарма бошлиқлари ва бошқа бир қатор мутасаддилар билан учрашди. Унда бугунги кунда тиббиёт соҳаси олдида турган камчиликлар ва муаммолар хусусида сўз юритилди. Давлатимиз раҳбари тиббиёт соҳасининг айнан қайси йўналишлари оқсаётганини аниқ ва равшан кўрсатиб ўтди. Шулар қаторида ихтисослашган тиббий ёрдам тизимига алоҳида эътибор қаратилди, деб ёзмоқда Кун.уз сайти.
"Ихтисослашган тиббий ёрдам тизимида ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Бу борада қатор ишлар қилинди, лекин "Тизимнинг бугунги кундаги фаолияти талабга жавоб берадими?" деган савол пайдо бўлади. Минг афсуски, йўқ! Масалан, қишлоқ аҳолисининг операция амалиётларининг 90 фоизи Тошкент шаҳрида ўтказилмоқда. Бу нотўғри! Узоқ вилоятлардан Тошкентга етиб келгунча қанча харажат кетади?! Бу борада тизимли тақвимлардан фойдаланиш керак, яъни мутахассислар навбатма-навбат келиб, операцияларни ўша ерларда амалга оширишлари керак. Ихтисослашган тиббий марказлар фаолиятини танқидий ўрганиб чиқиш зарур", - дея таъкидлади Ш. Мирзиёев.
Шунингдек давлат раҳбари жойларда ўз йўналишлари бўйича услубий ёрдамлар кўрсатилмаётгани, мутахассислар малакаси оширилмаётганига диққатни қаратди. Ихтисослашган марказларни чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига яқинлаштириш кўламини ошириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. Шу ўринда ихтисослашган марказлар стратегияси ва тактикаси танқид остига олинди.
"Ушбу марказлар аҳолига тўлиқ малакали хизмат кўрсатмагани туфайли йилига 40 мингдан зиёд фуқароларимиз тиббий ёрдам учун чет давлатларга чиқишга мажбур бўлмоқда. Ўзингиз ўйланг - 40 минг одамни қанча пули кетяпти? Нима учун Россиядаги катта клиникалар мутахассислари бу ерга олиб келиниб, операциялар шу ерда бажарилмайди ёки Ҳиндистон билан ҳамкорликда қўшма марказ очилмайди? Шунинг учун Адҳам Илҳомович (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги раҳбари), биринчидан, 50 нафар хориждаги Ўзбекистон шифокорини олиб келасиз ва иккинчидан, ҳар бир давлат - Корея, Ҳиндистон, Россия билан ҳамкорликда Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижонда йўналишлар бўйича қўшма клиникалар очишни ташкиллаштирасиз. Ўзбекистондан ташқаридаги шифокорлар қайтганда керакли ҳамма шароитларни яратиб берамиз. Ҳар бир марказдан 10 киши, борингки 20 кишидан хорижга ўқишга юборасиз, у ердаги йўналишлар билан танишишсин. Биз янги технологияларни олиб келдик, лекин уларда ким ишлайди?", - деди давлатимиз раҳбари.
Бу борада яна бир муҳим масала: охирги 5 йилда юрак-қон томир касалликларига чалиниш - 25 фоизга, асаб касалликлари - 14 фоизга, онкологик касалликлар - 2,5-3 фоизга ошганлиги қайд этилди. Юқори технологик операцияларнинг фақатгина 23 фоизи вилоят миқёсида кўрсатилгани, қолгани эса Республика марказида бажарилаётгани таъкидланди. Бироқ бу соҳадаги муаммоларнинг олдини олиш бўйича деярли ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаётгани афсус билан қайд этилди.
"Бунинг учун замонавий талабларга жавоб берадиган онкология, нейрохирургия, травматология ва ортопедия соҳаларида ихтисослашган марказларнинг ҳудудларда босқичма-босқич кардиохирургия хизматини ривожлантириш, туман ва шаҳарларда лор ва офтольмология, кардиология, неврология, эндикринология каби ихтисослашган бўлимларни ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш вақти келди", - деди давлатимиз раҳбари.
Бундан ташқари, шифокорлар билан таъминлаш даражаси паст сақланиб турган вилоятлар улуши кўпайиб бораётганлиги айтилди.
"Масалан, 10 минг аҳолига нисбатан энг паст кўрсаткичлар Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида тиббий ёрдам сифатига салбий таъсир этмоқда. Республика бўйича ажратилган 92 минг штат бирлигидан 10 400 таси вакант бўлиб қолмоқда. Булар - анестезиолог, рентгенолог, психиатр, педиатр, лаборант, шифокор мутахассисликларидир. Буларнинг бари тиббий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими ҳам камчиликлар ва ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигидандир.
Тиббиёт кадрлари етишмовчилиги муаммосини бартараф этиш, сифат даражасини кўтариш мақсадида алоҳида дастур ишлаб чиқариш зарурлиги таъкидланди ва бунда қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш лозимлиги айтилди:
- бакалавриат босқичида ўқиш муддатини 7 йилдан 6 йилга қисқартириш;
- янги малака ва талаблар, ўқув режаси дастурларини жорий этиш;
- тиббиёт олий таълим муассасалари учун ўқув режадаги ижтимоий-иқтисодий, гуманитар блокдаги ажратилган соатлар, умумий ўқув юкламаларини оптималлаштириш;
- тиббиёт олий таълим муассасаларида янги педагогик технологияларни қўллаш асосида таълим сифатини яхшилаш;
- амалий кўникмаларни тўлақонли ўзлаштиришда талабаларга шарт-шароит яратиш;
- олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш".
Шу ўринда тиббий олий таълим муассасаларида амалиётга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, Тиббиёт академиясини битирганлар вилоятларга бориб ишламаётганига эътибор қаратиш талаб қилинди.
Аҳолини дори воситалари билан талаб даражасида таъминлаш бўйича қатор муаммо ва камчиликларга ишора қилинди.
"Бугунги кунда фармацевтика бозорининг 75 фоизини импорт дори воситалари ташкил этмоқда. Республикамизда ишлаб чиқарилаётган дори воситалари аҳоли эҳтиёжини умуман қопламаяпти. Дорихоналар қўйилган талабларга жавоб бермайди. Уларда сотилаётган бир хил номдаги дори воситалари нархи 2-3 баробар фарқ қилади, лекин вазирлик бунга ҳеч қандай чора кўрмайди", - деди давлатимиз раҳбари.
Шунингдек бир қатор тиббиёт мутасаддиларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тингланди. Шавкат Мизиёев бундан кейин Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари икки ойлик тажрибага ўтишини маълум қилди. Бошқа вилоятларда ҳам бу борада ишлар олиб борилиши, лекин шу уч вилоятда вазият жуда ёмонлиги айтилди.
"Тўғри, кўп иш қилинди, лекин энди муҳтарам Ислом Абдуғаниевичнинг 25 йиллик ислоҳотларини халққа етказиш ва манфаатдорлик ҳамда натижавийлик юзасидан мутлақо янги тизим яратамиз. Одамлар биздан жуда кўп нарсани, адолатли тиббий хизмат етказишни кутяпти. Сизларнинг бурч ва масъулиятингиз бошқа соҳа мутахассисларига қараганда ўн карра юқорироқ. Мен сизларнинг маданиятингиз, ватанпарварлигингиз, қасамёдингизга содиқ эканлигингизга умид қиламан", - дея ўз сўзларига якун ясади Ш. Мирзиёев. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди