date

Трамп: «C5+1» саммити Ўзбекистон билан алоқалар саҳифасини очди

Трамп: «C5+1» саммити Ўзбекистон билан алоқалар саҳифасини очди
АҚШ президенти Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Вашингтонда ўтган «C5+1» саммити Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан «янги, ажойиб муносабатлар»ни бошлаб берганини маълум қилди.

«Бу стратегик жиҳатдан муҳим минтақа — Европа, Осиё ва Яқин Шарқ чорраҳасида жойлашган бўлиб, улкан минерал ресурслар, углеводородлар ва инсоний истеъдодларга эга.

АҚШ президенти сифатида бу жараёнда фаол иштирок этиш ниятимдаман», — деди Оқ уй раҳбари. Трампнинг сўзларига кўра, саммит якунида томонлар миллиардлаб долларлик келишувларга эришган.

Ушбу келишувлар АҚШда авиация, муҳим минерал қазиб олиш ва бошқа соҳаларда иш ўринларини яратади. Трамп, шунингдек, Ўзбекистон 2028 йилга қадар АҚШ иқтисодиётига 35 миллиард доллар, кейинги ўн йилда эса 100 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритишини ҳам таъкидлаб ўтди.

АҚШ президенти Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон президентининг АҚШга ташрифи давомида томонлар бир қанча ҳужжатлар пакетини имзолади.

Улар орасида ноёб ер элементларини ўзлаштириш бўйича ҳамкорлик битимлари, Boeing компаниясининг 22 та самолётини сотиб олиш, шунингдек, соя дуккаклари ва соя шроти харид қилиш бўйича келишувлар бор. Саммит давомида Ўзбекистон президенти Украина урушини тугатишга фақат ҳозирги АҚШ президенти қодир эканини таъкидлади.

Мирзиёев Трампга Марказий Осиё минтақасига кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдириб, Трампни Ўзбекистонда «тинчлик президенти» деб аташларини қўшимча қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Трамп: «C5+1» саммити Ўзбекистон билан алоқалар саҳифасини очди