Ўзбекистонликлар ўқиш учун энг кўп қайси давлатни танлаяпти

2025 йилнинг январь–ноябрь ойларида жами 27,8 минг нафар Ўзбекистон фуқаролари ўқиш мақсадида чет эл давлатларига йўл олган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли пасайган: қарийб 6,7 минг нафарга, яъни 19,3 фоизга камайиш кузатилган. Бу эса ўзбекистонликларнинг таълим учун чет элга чиқиш масаласидаги қизиқиши ва имкониятларига таъсир қилаётган омиллар борлигини кўрсатади.
Статистикага кўра, ўзбекистонликлар ўқиш мақсадида энг кўп қуйидаги 10 давлатга сафар қилган:
-Россия — 6 235 нафар;
-Тожикистон — 5 943 нафар;
-Қирғизистон — 4 219 нафар;
-Корея — 3 410 нафар;
-Туркия — 2 381 нафар;
-Хитой — 1 231 нафар;
-Қозоғистон — 1 074 нафар;
-Буюк Британия — 870 нафар;
-Германия — 384 нафар;
-АҚШ — 333 нафар.
Рақамлардан кўриниб турибдики, биринчи ўринда Россия турибди — ўқиш учун йўл олганларнинг энг катта қисми айнан шу давлатни танлаган. Кейинги ўринларда Тожикистон ва Қирғизистон келмоқда. Шу билан бирга, Корея ва Туркия ҳам ўзбекистонлик талабалар учун анъанавий равишда талаб юқори бўлган манзиллардан бири бўлиб қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!