Трамп қарор қилди: танкердаги икки россиялик нега озод қилинмоқда?

Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп Россия томонининг мурожаатига жавобан АҚШ томонидан ушлаб қолинган танкер экипажидаги икки нафар Россия фуқаросини озод этиш ҳақида қарор қабул қилган. Москва бу қарорни ижобий қадам сифатида баҳолаб, АҚШ президентига расман миннатдорлик билдирган.
Шу билан бирга, айни пайтгача АҚШ расмий идоралари мазкур қарор бўйича оммавий ахборот воситаларига аниқ изоҳ бергани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, 7 январь куни АҚШ Қирғоқ қўриқлаш хизмати «Белла 1» (аввалги номи — «Маринера») номли танкерни қўлга олган эди. Вашингтон томони маълум қилишича, кема санкция остидаги нефтьни ташиган деб ҳисобланган. Танкер аввал Панама байроғи остида сузган, кейинчалик Россия байроғига ўтгани қайд этилган.
Маълум қилинишича, кема экипажи жами 28 нафардан иборат бўлиб, улар орасида 17 нафар Украина, 6 нафар Грузия, 3 нафар Ҳиндистон ва 2 нафар Россия фуқароси бор.
Аввалроқ Дональд Трамп Fox News телеканалига берган интервьюсида танкер қўлга олинаётган вақтда Россия томонидан юборилган сувости кемаси ва эсминец АҚШ кучлари етиб келгач, ҳудудни тезда тарк этганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, танкер АҚШ назоратига олинган ва айни вақтда ундаги нефть тушириб олинмоқда.
Қисқаси, бу воқеа атрофидаги жараёнлар халқаро майдонда катта қизиқиш уйғотмоқда: бир томонда санкциялар ва хавфсизлик масаласи, иккинчи томонда эса экипаж тақдири. Энди энг асосий савол — ушбу қарордан кейин воқеалар қай тарзда давом этади ва расмий Вашингтон бу масалага қандай нуқта қўяди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!