Ажримдан кейин уй-жой: қонунни ким нотўғри талқин қилди?

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ажрим мавзуси яна бир “қизиб” кетди: гўё янги қонунга кўра, эркак ажрашгандан кейин аёлга албатта квартира олиб бериши ёки ижара ҳақини тўлаб туриши шарт экан. Ҳатто “эркакнинг ўз номида уйи бўлмаса ҳам мажбур” деган гаплар ҳам айланяпти.
Лекин амалда қонун бундай содда, “автомат” қоида эмас. Масала суд, ҳолат ва тарафларнинг келишувига қараб ҳал қилинади.
Қонунга нима қўшимча қилинди?
2025 йил 24 январда Қонунчилик палатаси қабул қилган, 21 февралда Сенат маъқуллаган ва 9 апрелда президент имзолаган қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига қўшимча норма киритилди. Бу ўзгартиш оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтиришга қаратилган.
Янги нормага кўра, турар жойдан фойдаланишга оид низо судда кўрилаётганда, суд тарафлар келишувига таяниб икки йўлдан бирини танлаши мумкин:
— мулкдор ташаббуси билан уйга мажбурий киритилаётган шахсни мулкдорга тегишли, шароити мутаносиб бўлган бошқа турар жойга жойлаштириш;
— ёки ижарага олинган уй учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдор зиммасига юклаш.
Бу эркак учун “шартсиз мажбурият”ми?
Йўқ. Ижтимоий тармоқлардаги “эркак ажрашса, аёлга албатта уй олиб беради” деган даъво тўлиқ ҳақиқат эмас.
Чунки:
бу норма ҳар бир ишга автоматик ишламайди;
қарорни суд қабул қилади;
энг муҳими — тарафлар ўртасида келишув бўлиши шарт.
Яъни ишнинг шароитига қараб, эр-хотин яшаган уй эрнинг номида бўлмаса ёки ажримдан кейин аёл ва болалар уй-жой масаласида оғир аҳволга тушиб қолса, келишув асосида суд уй эгаси зиммасига бошқа муносиб уй-жой масаласини ҳал қилиш ёки ижара пулини тўлаб бериш мажбуриятини юклатиши мумкин.
Қонун нимага кафолат бермоқчи?
Бу норма орқали давлатнинг асосий мақсади битта: ажримдан кейин аёл ва болалар “кўчада қолиб кетмасин”, ҳеч бўлмаса хавфсиз яшайдиган жой масаласи кафолатли тарзда кўриб чиқилсин.
Айниқса, уй-жой аёл номида бўлмаган ҳолатларда ижтимоий ҳимояни кучайтириш, низоларни суд орқали адолатли ва ҳолатдан келиб чиқиб ҳал қилиш кўзланган.
Хулоса
Қонун эркакни ажримдан кейин аёлни уй-жой билан таъминлашга шартсиз мажбур қилмайди. Бу масала ҳар бир ишда алоҳида кўриб чиқилади: суд қарор қилади, ҳолат ҳисобга олинади, тарафлар келишуви бўлиши талаб этилади.
Қисқаси, интернетдаги “сенсация”га ишониб кетиш осон, лекин қонун матни оддий: ҳаммага бир хил “мажбур” эмас, адолатли механизм.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!