Ўзбекистонда ҳомиладорлик ва туғруқ нафақаларини ҳисоблаш бўйича янги тартиб тасдиқланди

Ўзбекистонда давлат ижтимоий суғуртаси тизими доирасида ҳомиладорлик ва туғруқ нафақасини тайинлаш ҳамда тўлашнинг янги тартиби кучга кирди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Янги механизмга кўра, нафақа миқдори аёлнинг суғурта стажига боғланади. Шу билан бирга, энг кам нафақа миқдори Меҳнат кодексида белгиланганидек ўртача ойлик даромаднинг камида 75 фоизидан паст бўлмаслиги сақланиб қолади.
Агентлик изоҳига кўра, ўзгаришлар ҳомиладорлик ва туғруқ бўйича тўловлар энди давлат ижтимоий суғуртаси тизимига киритилгани билан боғлиқ. Бу эса нафақа олиш ҳуқуқи расмий бандлик ва суғурта бадалларининг тўланишига бевосита боғланишини англатади.
Қайд этилишича, 2026 йил 1 январгача кўплаб ҳолатларда ушбу тўловлар иш берувчи томонидан бевосита амалга оширилган ва бу стаж билан тўлов ҳуқуқи ўртасидаги боғлиқликни таъминламаган. Натижада айрим ҳолатларда нафақа олиш учун меҳнат шартномалари қисқа муддатга расмийлаштирилган.
Бундай суиистеъмолларнинг олдини олиш мақсадида минимал суғурта стажи бўйича талаб жорий этилди. Агентлик таъкидлашича, янги тартиб аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини камайтирмайди, аксинча расмий бандликни рағбатлантиради ва тизимнинг узоқ муддатли барқарорлигини мустаҳкамлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!