20:23 / 12.01.2019
4 600

Ерни хусусийлаштиришдан мақсад нима?

Ерни хусусийлаштиришдан мақсад нима?
Урбанизация (лотинча urbanus –шаҳарлик) жамият ривожида шаҳарлар, шаҳар маданияти ва шаҳарларга хос бошқа муносабатларнинг ривожланиш жараёни ҳисобланади. Урбанизация қишлоқ аҳоли пунктларининг шаҳарларга айланиши, шаҳар атрофи зоналарининг кенгайиши ва қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга кўчиб бориши ҳисобига юз беради.

Бу жараён йилдан йилга тезкорлик билан акс этиб бормоқда. Масалан, 1800 йилда дунё аҳолисининг 2 фоизи шаҳарларда яшаган бўлса, 1950 йилда бу кўрсаткич 30 фоизни, ҳозир эса 50 фоизни ташкил қилади. 2050 йилга бориб эса ер шари аҳолисининг 2/3 қисми шаҳарларда яшаши кутилмоқда.

Урбанизациянинг ўзига хос ижобий ва салбий хусусиятлари борлиги барчага маълум. Лекин бу – алоҳида мавзу. Шуниси аниқки, урбанизациянинг қай даражада ижобий ёки салбий аҳамиятга эга бўлиши унинг давлат томонидан тартибга солиниши ёки солинмаслиги билан боғлиқ.

Соддароқ қилиб айтганда, агар урбанизация жараёнлари етарлича тартибга солинмаса шаҳарлар аҳолисининг сони ва у ерда мавжуд инфратузилма, уй-жой, иш ўринлари сони ўртасида катта тафовут пайдо бўлади. Бу эса, шаҳарнинг умумий қиёфасини аянчли аҳволга олиб келиши билан бир қаторда жуда кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммолар, масалан ишсизлик, нарх навонинг ортиши, уй-жой танқислиги, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг етишмаслиги кабиларни келтириб чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони айнан ана шу муаммоларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик, урбанизация даражасини ҳар томонлама пухта ўйлаб, ақл билан тартибга солиш учун қабул қилинди.

Янги ташкил этилган Урбанизация агентлигининг асосий вазифаси ҳам айнан шу жараёнларни тартибга солишдан шундан иборат бўлади.

Ерни хусусийлаштиришдан мақсад нима?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг яна бир муҳим тарихий аҳамияти шундаки, 2019 йил 1 июлдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларга ўзларига тегишли уй-жойлар, бино ва иншоотлар эгаллаб турган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи берилади.

Ер участкаларига нисбатан хусусий мулк биз учун мутлақо янги тушунча эмас. Амалдаги Ер кодексида ҳам савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари хусусийлаштирилаётганда улар эгаллаган ер участкалари билан биргаликда хусусийлаштириш мумкинлиги, шунингдек хорижий дипломатик ваколатхоналар мамлакатимизда ер участкаларини хусусий мулк сифатида сотиб олишлари мумкинлиги назарда тутилган.

Лекин қабул қилинган Фармоннинг кўлами жуда кенг. Бунда барча юридик ва жисмоний шахсларга ўзлари эгаллаган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи берилади.

Ерларни хусусийлаштиришдан мақсад нима? Шуни айтиш керакки, бундан кўзланган энг асосий мақсад айрим таҳлилчилар тушуниб-тушунмай айтаётганларидек давлат бюджетини қўшимча даромад билан тўлдириш эмас.

Биринчи навбатда, ислоҳот одамларни мулкдор қилишга қаратилган. Яъни фуқаролар ва ташкилотлар ўзлари эгалик қилаётган ёки фойдаланаётган ер участкасини давлатдан муайян номинал қийматда харид қилган ҳолда, бозор нархида ундан бир неча баробар қиммат мол-мулкка эга бўладилар. Хусусийлаштирилган ерлар фуқаролик оборотига кириши натижасида эса, унинг нархи борган сари ортиб бораверади. Натижасида фуқаролар қўлидаги мол-мулкнинг қиймати, ўз навбатида уларнинг иқтисодий ҳолати ортиб бораверади.

Ерга нисбатан хусусий мулкни жорий этишдан кўзланган кейинги мақсад – бу мулк ҳуқуқини тўлиқ кафолатлашдан иборат. Ер участкаси мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлгандан кейин унинг ўзи ҳам, уни устида жойлашган бино ҳам тўлиқ дахлсиз бўлади. Бу инвесторлар учун энг муҳим кафолат ҳисобланади.

Урбанизацияни бошқариш ва ерларни хусусийлаштириш ўртасида қандай боғлиқлик бор?

Ҳар икки ислоҳот (урбанизацияни бошқаришга ўтиш ва ер участкаларини хусусийлаштириш) алоҳида олганда жуда катта ва мустақил, шу билан бирга, бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ислоҳот ҳисобланади.

Оддий бир мисол. Урбанизация жараёнлари самарали бошқарилган шаҳарларда шаҳар марказида бизнес-марказлар, меҳмонхоналар, аҳоли дам олиши учун мўлжалланган сайилгоҳлар бўлиши, аҳоли турар жойлари шаҳарнинг нисбатан четроғида ёки шаҳар атрофи бўйлаб жойлашган йўлдош-шаҳарларда бўлиши, ишлаб чиқариш объектлари эса, шаҳардан имкон қадар олисда бўлиши керак.

Энди савол: бундай идеал ҳолатни куч билан ёки бирор мажбуриятни мулкдорлар зиммасига юклаб қилиб бўладими? Асло йўқ. Чунки ҳеч ким ўзи эгаллаб турган жойнинг бузилиши ёки кўчирилишига рози бўлмайди.

Мана шу жойда хусусийлаштириш бизга ёрдамга келади. Биз ер участкаларини хусусийлаштириш орқали уларнинг мулк сифатидаги қиймати оширишига сабаб бўламиз. Ҳар бир фуқаро ёки ташкилот ўз ерига шунчаки қулай жойдаги ҳудуд сифатида эмас, капитал сифатида қарай бошлайди.

Масалан, айтайлик, сиз Тошкент шаҳрида жойлашган қандолат фабрикаси эгасисиз. Фабрика жойлашган ер участкасини муайян номинал нархда хусусийлаштириб олдингиз. Энди хусусий мулк сифатида унинг нархи ўз-ўзидан ошиб кетаверади. Шунга яраша сиз тўлайдиган мол-мулк солиғи ҳам ортиб боради. Шунда сиз ўз-ўзингизга савол берасиз: шу қандолат фабрикасининг Тошкент марказида бўлиши менга керакми? Шаҳар ташқарида турса нимаси ёмон? Кейин калькуляторингизни олиб ҳисоблашга ўтасиз. Сиз эгаллаб турган ернинг бозор нархи айтайлик 100 миллион сўм. Тошкентда ташқарида, айтайлик Бўка туманида худди шу майдондаги ерни 10 миллион сўмга сотиб олса бўлади. Фабриканинг ускуналарини кўчириб қайта ўрнатиш ҳам тахминан 10 миллион сўмга тушади. Қарабсизки, сиз бу кўчиришдан 80 миллион фойда топасиз ва уни ўз бизнесингизга киритсангиз бўлади.

Сиз сотувга қўйган ер участкасини эса бошқа фабрика эгаси эмас, балки юқори мол-мулк солиғи тўласа ҳам айнан шаҳар марказида жойлашиши шарт бўлган объект, масалан, меҳмонхона, йирик савдо маркази, йирик компаниялар ва банклар учун офис қуриш ниятида бўлган бошқа тадбиркор сотиб олади.

Шу тариқа, ҳамма хурсанд, урбанизация жараёни эса бозор қонуниятлари орқали тартибга солинган бўлиб чиқади.
Тимур Мусаев,
мустақил эксперт

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ерни хусусийлаштиришдан мақсад нима?