Май ойида ўзбекистонликлар неча кун дам олади?

Ўзбекистонда май ойида Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Қурбон ҳайити муносабати билан қўшимча дам олиш кунлари белгиланади. Айниқса, ҳайит байрами туфайли кетма-кет 5 кун ҳордиқ чиқариш имконияти юзага келиши мумкин.
2026 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ҳамда дам олиш кунларини кўчиришга оид президент фармонига кўра, жорий йил 9 май шанба кунига тўғри келгани сабабли ушбу дам олиш куни 11 май, душанбага кўчирилган.
Шунга мувофиқ, қуйидаги кунлар дам олиш сифатида белгиланган:
- 9 май, шанба — одатий дам олиш куни;
- 10 май, якшанба — одатий дам олиш куни;
- 11 май, душанба — байрам муносабати билан кўчирилган дам олиш куни.
Натижада, ҳафтасига 5 кун ишлайдиган ходимлар кетма-кет 3 кун, 6 кунлик иш тартибида ишлайдиганлар эса 2 кун узлуксиз дам олиш имконига эга бўлади. Шунингдек, мазкур фармонга асосан иш ҳафтаси туридан қатъи назар барча ходимлар учун 28 май, пайшанба ва 29 май, жума кунлари қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгиланган. 6 кунлик иш ҳафтасида фаолият юритувчилар учун эса 30 май, шанба ҳам дам олиш куни ҳисобланади.
Агар Қурбон ҳайити 27 май санасига тўғри келса (санаси бир кун фарқ қилиши мумкин), якшанба ҳам дам олиш кунига тўғри келишини ҳисобга олганда, ўзбекистонликлар 27–31 май кунлари оралиғида кетма-кет 5 кун дам олишлари мумкин бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!