Тошкент бозорларида ҳақиқатан ҳам бўялган помидор сотилганми?

Аввалроқ айрим ахборот манбаларида Тошкент бозорларида кимёвий бўёқлар билан ишлов берилган помидорлар сотилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу маълумотлар ўз тасдиғини топмаганини билдирди. Қайд этилишича, пойтахтдаги озиқ-овқат бозорларида махсус текширувлар ўтказилган.
Маълумотга кўра, Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари барча йирик бозорларда ўрганиш ишларини амалга оширган. Текширувлар якунларига кўра, кимёвий бўёқлар билан ишлов берилган сабзавот маҳсулотлари савдоси ҳолатлари аниқланмаган.
Шаҳар ҳокимлиги аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигига бефарқ бўлмаётганини ижобий баҳолаб, фуқароларга фаоллик учун миннатдорлик билдирди. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари ва интернет саҳифалари маъмурларидан бундай хабарларни тарқатишдан олдин расмий манбалар орқали аниқлаштириш сўралган.
Расмий баёнотда таъкидланишича, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш қонунчилик доирасида жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!